Фирибгарлар «Малика» бозорида телефонларни пуллаш учун янги найранг ўйлаб топишган

Улашиш:

Фирибгарлар «Малика» бозорида   телефонларни пуллаш учун янги найранг ўйлаб топишган. Улар кредитга олинган ва фойдаланилган телефонларни янги деб сотишмоқда.  

“Истеъмолчи.уз” ҳамжамиятининг маълумотларига кўра, кредитга олинган телефонлар ҳеч нарсадан хабари бўлмаган харидорларга қайта сотилмоқда.

Бу фирибгарликнинг жуда оддий ва самарали усулидир. Фараз қилинг, “Малика” бозоридан янги телефон харид қилиб, ундан фойдаланиб юрасиз. Бир муддат ўтгач,    телефон кредитга олингани ва қарзни пойтахтдаги йирик дўконлардан бирига тўлаш лозимлиги ҳақидаги хабарнома келиб тушади.

“Аниқланишича, “Малика”да олиб-сотарлар янги бизнес ўйлаб топишган экан. Уларга кредитга олинган телефонларни ярим нархига беришаркан. Уддабурон янги сотувчи эса телефонни   ўзининг нархида сотиб, чек бермайди. Шунинг учун   “Малика”дан телефон сотиб олсангиз, албатта чек талаб қилинг. Ҳеч бўлмаганида муаммоли телефон тушиб қолса, уни қайтариб бера оласиз”, -дея маълум қилишмоқда фойдаланувчилар.

Натижада, бундай телефонни сотиб олган киши уни сотувчига қайтариб беролмайди, чунки уни кўпинча топиб бўлмайди. Телефон блокланади ва муаммони ҳал қилишнинг ягона йўли –сотиб олинган расмий дўконга мурожаат қилишдир. Аммо бу ерда ҳам имкон кўп эмас. Телефонни блокдан чиқариш учун қолган пулни тўлаш ёки кредит олган кишини топиш керак бўлади. Бунда ҳам кредит эгасига таъсир қилишнинг қонуний йўллари мавжуд эмас. У қарзни тўлашни истамаслиги ёки бунинг учун маблағи бўлмаслиги мумкин.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.