Камолиддин Раббимов: “Ўзбекистон ўзининг ҳаққини бировга текинга ёки арзонгаровга бергани йўқ”

Улашиш:

Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов / 12 феврал кунги учрашув

Ҳукумат аъзолари ва фаоллар ўртасидаги очиқ мулоқотда қатнашган сиёсатшунос Камолиддин Раббимов ўз хулосалари билан ўртоқлашди. У 35 йиллик шартнома фақатгина 1 та конга тегишли экани, бунга муайян сабаблар борлиги, Ўзбекистондаги 300 га яқин нефт-газ конларининг фақат 13 тасини “Лукойл”, 2 тасини “Газпром” ишлатаётганидан келиб чиқиб, “Россия компаниялари Ўзбекистоннинг нефт ва газ соҳасини эгаллаб олди” деган тасаввур ўринсиз эканини таъкидлади.

Хориж ОАВда Ўзбекистоннинг гази бўйича келишувларга оид суриштирув эълон қилинганидан кейин туғилган саволларга Ўзбекистон энергетика вазири ва “Ўзбекнефтгаз” раиси фаоллар билан учрашган ҳолда жавоб берди.

Учрашувда қатнашган сиёсатшунос Камолиддин Раббимов берилган маълумотларга муносабат билдириб, учрашувдан олган хулосалари ҳақида сўз юритди.

Тўрт соатлик учрашувни бу ерда ёзишни имкони йўқ. Энг асосий хулоса: Ўзбекистон ўзининг ҳаққини бировга текинга ёки арзонгаровга бергани йўқ. Ўзбекистон бошқалар учун оғир ҳамкор бўлса бордир, лекин енгил ва осон ҳамкор эмас”, – дея ёзди якшанба кунги учрашувда қатнашган Раббимов.

Унинг сўзларига кўра, суриштирувда айтилган маълумотларни иккига бўлиш мумкин. Бир қисм маълумотлар шарҳланганда вазият ойдинлашади. Яна баъзи маълумотлар мутлақ нотўғри кетган.

Мисол учун, Ўзбекистон ҳали Россия билан атом электростанцияси қуриш борасида аниқ келишувга келгани йўқ. Музокаралар кетяпти экан. Томонлар ҳали тортишаяпти, нарх, муддат ва бошқа масалаларда”, – дейди сиёсий таҳлилчи.

У Ўзбекистондаги 300 га яқин нефт-газ конларининг фақат 13 таси “Лукойл”, яна 2 таси “Газпром” томонидан ишлатилаётганини таъкидлаб, “Россия компаниялари Ўзбекистоннинг нефт ва газ соҳасини эгаллаб олди” деган тасаввур мутлақ ўринсиз” эканини айтган.

Раббимов 35 йиллик инвестиция лойиҳаси фақат битта – “Мустақилликнинг 25 йиллиги” конига тегишли эканини қайд этган.

Гап фақат битта газ кони ҳақида кетяпти. Энергетика вазири қўлидаги ёпиқ контрактни очиб, ушбу участканинг картасини ҳам кўрсатди. Тасаввур қилинг, сизнинг ерингизда газ еки нефть бор. Қўлингизда маълум миқдорда пул ҳам бор. Энди, ўша пулларни самарали фойдаланиш учун, ерингиздаги газ ва нефтни қазиб олишни инвесторларга таклиф қиласиз. Ерингизда қанча газ ва нефт борлигини дунёдаги жиддий “текширувчи” (оценщик) компанияларга мурожаат қиласиз.

Ўртада, сизнинг ер майдонингиздаги газ еки нефтнинг тахминий қиймати белгиланади. Бирон бир инвесторга сотсангиз, кейин “тайёр маҳсулотни тақсимлаш” (СРП – Соглашение о разделе продукции) бўйича, келишув контракти имзолайсиз. Ер-кон Ўзбекистонники, технологиялар, разведка қилиш, қазиб чиқариш – барчаси инвесторники.

Яъни Ўзбекистон давлат бюджетидан бир сўм ҳам сарфланмаган. Ҳаттоки, Ўзбекистон кафолат ҳам бермайди
”, – дея ёзган сиёсатшунос.

У қазиб олинган маҳсулот бўйича келишув бўлиши, “М25” конида фойдани тақсимлашнинг бошланғич кўрсаткичи 50/50 деб белгиланганини қўшимча қилган.

Энди, агар инвестор бу ерни ўзига олиб, у ердан маҳсулот чиқара олмаса – бу инвесторнинг муаммоси, Ўзбекистон томони ҳеч қандай кафолат бермас экан”, – дейди Камолиддин Раббимов.

Нима учун 35 йил? Вазирнинг айтишича, бутун дунёда бундай контрактлар шундай узоқ вақтга тузилади. Бу муддатнинг 8 йили геологик разведка ишларига кетади. Шу контрактни, айтайлик, 10-15 йилга ҳам қилиши мумкинми? Мумкин, унда Ўзбекистон томони кафолат бериши керак, тайёр маҳсулотни тақсимлашда 50/50 эмас, инвесторга катта миқдорда маҳсулот бериши керак. Чунки, инвестор харажатларини чиқариб олишни ўйлайди, қолаверса – фойда олишни. Вазирларнинг айтишича, Ўзбекистонга инвестор олиб келиш – жуда қийин иш.

“Ўзбекнефтегаз” раҳбарининг айтишича, Ўзбекистонда қонунчиликни ўзгартириш керак, яъни контрактларни Олий Мажлис тасдиқлашиини киритиш мақсадга мувофиқ; ишлаб турган конлар ташқи инвесторларга берилмаслиги керак. Шунингдек, ўз ходимларининг ойликлари пастлигини билдиришди, ходимлар хорижий компанияларга кетиб қолишаётганини айтишди
”, – дея ёзади Раббимов.

Сиёсатшунос келишувлар ва шартномалар ёпиқлиги ҳақида расмийлар берган изоҳни ҳам келтириб ўтган.

Бу – бутун дунёдаги барча кампанияларнинг ишлаш формати экан. Мутасаддиларнинг айтишича, мисол учун, қўшни Қозоғистон ёки Озарбайжонда имзоланган халқаро келишувларни ҳам олиб ўқиш имконсиз, бу контрактлар ҳам тўлиқ ёпиқ. Вазир Мирзамаҳмудов қўлидаги “Мустақилликнинг 25 йиллиги” кони бўйича келишувни очиб, ундаги “Конфиденциальность” деган бўлимни кўрсатди.

Тўрт соатлик мулоқотда, журналистлар ва блогерлар, мен ҳам, бу икки мулозимни саволлар ҳужумига тутдик. Мулоқот охирида, вазият анча мураккаб эканини, агар бор маълумотлар жамиятга кенг тушунтирилса, одамларнинг тасаввуридаги “Эҳ, бутун бир газ ва нефт ресурсларимиз Россияга бериб юборилибди” деган тасаввур ўзгаришига ишондик
”, – дея ўз хулосаси билан ўртоқлашган Камолиддин Раббимов.

Маълумот учун, Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг сўзларига кўра, Сурхондарё вилоятидаги “Мустақилликнинг 25 йиллиги” конида геология-қидирув ишларини амалга ошириш ва кондаги захираларни ўзлаштириш, газ-кимё комплексини барпо этиш лойиҳаси бўйича давлат ва инвесторлар ўртасида маҳсулотни тақсимлаш битими 50/50 нисбатда тузилган.

Лойиҳа оператори сифатида ташкил этилган, инвесторлар консорциумига тегишли Surhan Gas Chemical'да “Ўзбекнефтгаз” 20 фоиз улушга эга ва бу якунда олинган фойданинг 50/50 нисбатда тақсимланишини таъминлайди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.