Миллий гвардия сотиб олаётган донаси 2 млрд сўмлик отлар: нега бу даражада қиммат?

Улашиш:

Миллий гвардия қошидаги от спорти бўйича Олий спорт мактаби 10 бош от сотиб олиш учун бошланғич суммаси 23,3 миллиард сўм бўлган тендер эълон қилди. “Дарё” ҳужжатларни мониторинг қилган ҳолда ҳар бири ўртача 2 миллиард сўм турадиган бу отлар ҳақида маълумот беради.

Тендер бошланиш санаси 23 июнь бўлиб, иштирокчиларни рўйхатга олиш ишлари 21 июлгача давом этади. Бошланғич сумма 23 миллиард 305 миллион 391 минг 62 сўм эканидан ҳар бир отнинг нархи 2,3 миллиард сўм эканини пайқаш мумкин.

Бир бош от учун 2,3 миллиард сўм меъёрдан ортиқ даражадаги катта сумма эмасми? У отларнинг ўзига хослиги нимада? Айнан қай мақсадда фойдаланилади улардан? Шу саволларга жавоб топишга уриниб кўрамиз.

Бошланғич нарх хорижий валютада 2 миллион 35 минг 400 долларни ташкил этади, ҚҚС ҳисобга олинган ҳолатда.

Техник ҳужжатларга кўра, жониворлар Европа иссиқ қонли тоза зот отлари бўлиши керак. Чунки бу Халқаро от спорти федерациясининг талабларига мос келади.

Скрин: Техник топшириқ

10 бош от уч хил йўналиш бўйича танлаб олинади:

  • конкур йўналишида — 3 бош от — Гранд При даражасида 2 ёки ундан юқори юлдуз;
  • от йўрттириш йўналишида — 3 бош от — Кичик, ўрта ёки катта мукофот даражаси;
  • триатлон — 4 бош от — 2-даражали ва ундан юқори юлдуз.

Отлар Халқаро от спорти федерацияси паспортига эга, сўнгги олти ой ичида уч хил грипп ва касалликларга қарши эмланган бўлиши шарт. Шунингдек, Европа иссиқ қонли тоза зотли чемпион отлари қуйидаги хулқ-атвор ва сифатларга эга бўлиши лозим:

  • мустаҳкам ва барқарор характерга эга;
  • феъл-атвори мувозанатли;
  • хушмуомала;
  • тана кўриниши яхши;
  • касаллик ва ёмон одатларсиз.

Отларнинг ветеринария хизматидан фойдалангани, саломатлиги яхши экани текширилиб, клиник оқсоқлик тестларидан ўтказилгани аниқланади. Шунингдек, Халқаро от спорти федерацияси базаси орқали аввал эришган ютуқлари бўйича маълумотлар ўрганилади.

Отлар 7 ёшдан 11 ёшгача бўлиши керак. 10 бош жонивор ичига айғирлар, тулпор ва тойчоқлар киради.

Бу отлар нега сотиб олиняпти?

От спорти бўйича Республика олий спорт маҳорати мактаби чавандозлари халқаро мусобақаларга (Жаҳон кубоги, Миллатлар кубоги, Евросиё кубоги, Жаҳон чемпионати ва Осиё ўйинлари босқичлари) тайёрланиши ва муваффақиятли иштирок этиши учун.

Президент фармони

Таъкидланишича, бу харидлар Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистонда йилқичилик, от спорти, замонавий бешкураш ва полони 2025 йилгача ривожлантириш давлат дастури тўғрисида”ги фармонига мувофиқ тарзда амалга оширилмоқда. Фармонда “халқаро от спорти талабларга жавоб берадиган тоза зотли 10 бош от” сотиб олиш бўйича топшириқ берилган бўлиб, харид “Ўзбекистон темир йўллари”нинг ҳомийлик маблағларидан молиялаштирилиши белгиланган.

Юк ташиш талаблари

Отлар қай тарзда етказиб берилади? Қайд этилишича, отлар мураббийлар ва мутахассислар томонидан кўрикдан ўтказилганда умумий саломатлик ҳолати қониқтирса, юқоридаги барча талабларга мос келса, жониворлар Тошкент шаҳрига ҳаво транспортида олиб келинади. Божхона расмийлаштирувидан сўнг, отлар 30 кун давомида карантинда бўлади. Шундан кейин улардан фойдаланиш бошланади.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.