5 та ҳолатда ОТМга ўқишга киритиш билан боғлиқ фирибгарликлар фош қилинди

Улашиш:

Давлат хавфсизлик хизматининг Андижон, Қашқадарё ва Тошкент вилоятлари бўйича бошқармалари ходимлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда фирибгарликлар билан боғлиқ жиноятларни фош қилди.

Жумладан, Андижон давлат университети ходими юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали фуқарони мазкур олий ўқув юртининг «Биология» йўналишининг сиртқи бўлимига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 4 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Қашқадарё вилоятида эса 1992 йилда туғилган шахс ўзганинг ишончига кириб, мансабдор танишлари ёрдамида уни Қарши давлат университетининг «Спорт» факультетига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 3 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Бу йўналишда Тошкент вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда Чирчиқ давлат педагогика университетига ўқишга киритиш билан боғлиқ 3 та ҳолат фош қилинди.

Жумладан, университетнинг бўлим бошлиғи 2 нафар фуқаронинг Россия олий ўқув юртидаги ўқишини ўзи фаолият юритаётган университетга кўчириб бериш ва 2 нафар фуқарога инглиз тилини билиш бўйича халқаро сертификат олиб бериш эвазига 10.100 АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Бошқа ҳолатда эса Чирчиқ давлат педагогика университети ўқитувчиси фуқарони ушбу олий ўқув юртининг мактабгача ва бошланғич таълимда жисмоний тарбия йўналишига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 3 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Яна бир ҳолатда Қибрай туманида яшовчи эр-хотин ўзларининг танишлари ёрдамида фуқарони Чирчиқ давлат педагогика университетига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 3500 АҚШ доллари олган вақтларида ушланди.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 168- (фирибгарлик) ва 28,211-(пора бериш) моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.