Қозоғистонда келин ўғирлаганлик учун жиноий жазо жорий этиш таклиф қилинмоқда

Улашиш:

Қозоғистон Жиноят кодексига никоҳ учун одам ўғирлаганлик бўйича алоҳида модда киритиш таклиф қилинмоқда. Омбудсман идораси ушбу қарор аёлларга нисбатан жиноятлар сонини камайтиришга ёрдам беради, дея умид қилмоқда.

Қозоғистондаги Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил идораси никоҳ учун одам ўғирлашни жиноят деб топиш бўйича таклиф киритди. Бу ҳақда омбудсман матбуот хизмати хабар берди.

Хусусан, Жиноят кодексини «Никоҳ тузиш мақсадида одам ўғирлаш» деган алоҳида модда билан тўлдириш, шунингдек, агар жабрланувчи ихтиёрий равишда озод қилинган бўлса, шахсни жиноий жавобгарликдан озод қилувчи нормани олиб ташлаш таклиф этилмоқда.

Ҳисоботда Қозоғистонда, айниқса, жанубий вилоятларда келин ўғирлаш амалиёти ҳамон кенг тарқалгани қайд этилган. «Айрим ҳолларда бундай ҳаракатлар жинсий дахлсизлик, камситиш, ноқонуний қамоққа олиш ва ҳатто ўз жонига қасд қилишга олиб келади», — дея таъкидлади омбудсман идораси.

Идора маълумотларига кўра, 2019 йилдан 2023 йилгача Қозоғистонда одам ўғирлаш билан боғлиқ 214 та жиноий ҳуқуқбузарлик қайд этилган. Шу билан бирга, хабарда таъкидланганидек, бундай жиноятлар бўйича ишончли статистик маълумотлар йўқ, чунки Жиноят кодексида тегишли модда мавжуд эмас.

«Биз ишонамизки, [ушбу модда] аёлларга нисбатан жиноятчилик даражасини пасайтириш имконини берувчи профилактик таъсир кўрсатади. Бош прокуратура омбудсман таклифини қўллаб-қувватлади», — дейилади омбудсман хабарида.

Ўзбекистон, Қирғизистон ва Туркманистонда аёлларни мажбуран никоҳга олиш учун ўғирлаш жиноят деб ҳисобланади. Ўзбекистон Жиноят кодексида бу 136-модда (Аёлни эрга тегишга мажбур қилиш ёки унинг эрга тегишига тўсқинлик қилиш)да ўз аксини топган бўлиб, БҲМнинг (330 минг сўм) 25 бараваригача миқдорда жарима ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.