Жиззахда тадбиркорларни ноқонуний текширган 47 нафар мансабдор шахс жазоланди. 6 нафар мансабдор вазифасидан озод қилинди

Улашиш:

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони (Бизнес-Омбудсман девони) ходимлари томонидан Жиззах вилояти бандлик бош бошқармаси ҳамда унинг туман (шаҳар) марказларида тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларига риоя этилиши ва тадбиркорлик субъектлари фаолияти текширувлари ўтказилишининг қонунийлиги юзасидан ўтказилган ўрганишда бир қатор қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланди.

Хусусан, тизим ходимлари томонидан 2020 йилда тадбиркорлик субъектлари фаолиятида 112 маротаба (30 маротаба тижорат банклари фаолиятида) ноқонуний текширувлар текширувлар ўтказилган. Яъни, ушбу текширувлар, текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатга олинмасдан ўтказилган.

Шу билан бирга, текширувлар жараёнида, текширувлар ўтказишнинг белгиланган тартиблари ҳам бузилган.

Энг ачинарлиси, мазкур текширувлар, текширув ўтказиш ҳуқуқига эга бўлмаган ҳодимлар томонидан ўтказиб келинган.

Аниқланган ҳолатлар бўйича, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес-Омбудсман) томонидан, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига тадбиркор фаолиятида амалдаги қонун хужжатларида белгиланган тартибда текширувлар ўтказилишини таъминлаш, аниқланган қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйган ходимларнинг қонунда белгиланган тартибда жавобгарлик масаласини қатъий ҳал қилиш тўғрисида тақдимнома киритилди.

Тақдимнома натижасига кўра, Жиззах вилояти бандлик бош бошқармаси ҳамда унинг туман (шаҳар) марказларининг 47 нафар мансабдор шахсларига нисбатан “Хайфсан” интизомий чоралари қўлланилиб, 6 нафар мансабдор шахслар эгаллаб турган лавозимларидан озод этилди.

Такдбиркорларнинг қонуний ҳимоясини таъминлаш мақсадида, бу каби назорат тадбирлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бизнес-Омбудсман девонида доимий равишда назорат қилувчи органлар фаолиятида олиб борилмоқда.

 

Сардор Усманов

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

Бизнес-Омбудсман девони бош инспектори

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.