Тошкентда яна бир «дом»нинг лифти қулагани айтилмоқда. Жабрланганлар йўқ

Улашиш:

Ижтимоий тармоқдаги «Потребитель.уз» саҳифаси фойдаланувчиларидан бири кеча, 24 октябрь куни Тошкент шаҳар Яшнобод тумани Паркент кўчасида жойлашган 253-кўп қаватли турар-жой биносидаги лифт билан боғлиқ нохуш ҳолат содир бўлганини ёзмоқда.

Мазкур турар-жой биносида яшовчи фуқаронинг айтишича, ичида одамлари бўлган лифт 9-қаватдан 5-қаватга қулаган. Пастга қараб тезлашиб кетган лифт, автоматик тормоз тизими ишлаб кетгани боис 5-қаватда тўхтаган.

«Одамлар ҳали ҳам кучли ҳаяжонда», – дейди фуқаро.

У, шунингдек, лифт жорий бошқарув компаниясига қурувчи фирма томонидан фойдаланишга топширилмаганини айтади.

«Уйнинг фойдаланишга топширилганига 3 йил бўлганига қарамай, айрим лифтларда эҳтиёт қисмлар йўқлиги сабабли ҳамон ишламайди. Ҳозирги бошқарув компанияси вакиллари эса уларда эҳтиёт қисмлар етарли эмаслигини айтиб келади», – дейди фуқаро.

У, нафақат лифтлар, балки ҳовлида ўзбошимчалик билан қурилган қўшимча қурилишлар юзасидан ҳам тегишли органларга шикоят йўлланганини билдирган.

«Аммо, ҳеч қандай рекция йўқ», – деб ёзади у.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 18 июнида Тошкент шаҳар Янгиҳаёт туманида ичида 11 киши бўлган лифт қулаган ва ундаги одамлар турли даражада тан жароҳати олган эди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.