ДСҚ ва Савдо-саноат палатаси муҳокамаларга сабаб бўлган яширин иқтисодиётга қарши курашиш чоралари бўйича қарор лойиҳаси ҳукуматга киритилишидан олдин жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилишини маълум қилди. Лойиҳа тўлиқ қайта кўриб чиқилади ва бизнесга салбий таъсир талаблари бартараф этилади.
Давлат солиқ қўмитаси ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинаётган «Яширин иқтисодиётга қарши курашиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш тўғрисида»ги президент қарори лойиҳаси ҳукуматга киритилишидан олдин жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиши ва тўлиқ қайта кўриб чиқилишини маълум қилди.
««Яширин иқтисодиётга қарши курашиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш тўғрисида»ги қарор лойиҳаси ҳукуматга киритилишидан олдин амалдаги қонунчиликда белгиланган тартибда regulation.gov.uz портали орқали жамоатчилик фикр-мулоҳозасини ўрганиш ва таклифларини олиш учун кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилади», — дейилади ДСҚ хабарида.
Жамоатчилик муҳокамалари (тадбиркорлар, фуқаролик жамияти институтлари, олимлар, экспертлар ва мутахассисларнинг маслаҳатлари ҳамда тавсиялари) асосида лойиҳа тўлиқ қайта кўриб чиқилади ва тадбиркорлик фаолиятига салбий таъсир этувчи тартиб-таомиллар ва талаблар бартараф этилгандан сўнг лойиҳа ҳукуматга кўриб чиқиш учун киритилади.
ДСҚ, шунингдек, ҳар бир солиқ тўловчининг фикр ва мулоҳазаларини ҳурмат қилишини, сўнгги вақтларда амалиётда ишлаб турган нормаларга бир неча енгиллик ва ўзгартиришлар киритилганини бунинг далили дейиш мумкинлигини қўшимча қилди.
«Солиқ қўмитаси бундан кейин ҳам Солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатишни ўзининг муҳим вазифаси деб ҳисоблайди», — дея таъкидлаган қўмита.
Савдо-саноат палатаси мазкур қарор лойиҳаси 27 апрель куни палатада президентнинг Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича жамоатчилик кенгаши йиғилишида атрофлича муҳокама қилинганини ва кенгаш аъзолари томонидан лойиҳа бўйича консептуал таклифлар билдирилганини қайд этди.
«Кенгаш йиғилишида мутасаддилар томонидан ушбу қарор лойиҳаси бугунги кунда тегишли вазирлик ва идоралар билан ўрнатилган тартибда идоравий келишиш жараёнида эканлиги ҳамда кенгаш аъзоларининг таклифлари асосида қайта кўриб чиқилиши таъкидланди. Мазкур ҳужжат лойиҳаси Адлия вазирлигида ҳуқуқий экспертизадан ўтказишдан олдин яна бир бор Кенгаш муҳокамасидан ўтказилади», — дея қайд этган палата.
Шу билан бирга, Савдо-саноат палатаси ҳам ҳужжат лойиҳаси ҳукуматга киритилишидан олдин амалдаги қонунчиликда белгиланган тартибда regulation.gov.uz портали орқали жамоатчилик фикр-мулоҳозасини ўрганиш ва таклифларини олиш учун кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилишини маълум қилди.
Қарор лойиҳаси нима ҳақида
«Яширин иқтисодиётга қарши курашиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш тўғрисида»ги президент қарорида бу йўналишда бир қатор ўзгаришлар бўлиши назарда тутилмоқда.
«Газета.uz» аввалроқ ҳужжат ҳали жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинмагани ҳамда вазирлик ва мутасадди идоралар ўртасида келишув учун чиқарилгани ҳақида хабар берганди. Шанба куни Солиқ қўмитаси раиси Шерзод Кудбиев ва Савдо-саноат палатаси раҳбари Даврон Вахабов лойиҳани тадбиркорлар билан муҳокама қилгани, шу сабабли ҳужжатга ҳали яна ўзгартиришлар киритилиши мумкинилиги таъкидлганди.
Ҳужжатда, жумладан, кўчмас мулк ва автомобиллар олди-сотдиси, бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи ва бошқалар нақд пулсиз шаклга ўтказиш таклиф қилинмоқда.
Шунингдек, 1 июлдан тўловлар нақд пулда амалга оширилганда фискал чекларни рўйхатдан ўтказиш орқали олинадиган солиқ кешбэкларини тўлаш бекор қилиниши назарда тутилмоқда. Нақд пулсиз тўловлар учун кешбэк миқдори эса ҳозирги 1 фоиздан 2 фоизгача оширилиши мумкин.
Бундан ташқари, уй-жой сотиб олиш жараёнининг шаффофлигини ошириш учун қурувчиларга солиқ солинадиган базани ҳар бир квадрат метр учун минимал миқдордан келиб чиқиб белгилаш режалаштирилмоқда. Тошкент шаҳрида ўртача минимал миқдор квадрат метр учун 5−7,5 млн сўм этиб белгиланиши мумкин.
Таклифлар қаторидан Марказий банк ва Солиқ қўмитаси p2p ўтказмалари миқдори маълум чегарадан ошиб кетса, маълумот алмашишни бошлаш ҳам ўрин олган. Фуқаролар картадан картага пул ўтказганда 100 млн сўмлик, тадбиркорлар эса 500 млн сўмлик йиллик лимитдан ошиб кетган тақдирда, солиқ органлари маълумот олиши таклиф қилинган.
Ижтимоий тармоқлардаги фикрлар
Қарор лойиҳаси ҳақида маълумотлар эълон қилина бошлаганидан кейин блогерлар ва жамоатчилик фаоллари ундаги баъзи таклифларни танқид қилди. Хусусан Davletovuz Telegram канали муаллифи Қобил Ҳидиров лойиҳадан ижобий таклифлар билан бир қаторда, баҳсталаб, Солиқ қўмитасига яна мутлақ ва назоратсиз ваколатларни тақдим этиш хавфини оширувчи таклифлар ҳам ўрин олганини таъкидлади.
««Жисмоний шахслар ўртасида P2P пул ўтказмалари устидан назорат ўрнатишга уриниш яна кун тартибига чиқаётгани хавотирлидир. Ваҳоланки, худди шундай уриниш ўтган йили янги Конституциянинг «41, 65−67-моддалари талабларидан келиб чиқиб, шунингдек, мулкий ҳуқуқларнинг ишончли ҳимоясини таъминлаш, ушбу ҳуқуқларни чеклаётган омилларни бартараф этиш, мулкий муносабатларга асоссиз аралашувга йўл қўймаслик мақсадида» бекор қилинган эди. Ёки президент тадбиркорлар билан учрашувда «Tax Gap» деган балони бекор қилган ҳолатни эслашнинг ўзи кифоя», — деб ёзди у.
Молиячи Отабек Бакиров эса қарор лойиҳасини қоидабузар ҳайдовчиларга жарима балларини ёзиш тизимини жорий этиш бўйича қонун лойиҳаси билан таққослади.
«Жамоатчилик бу „франкенштейн“ ҳужжатни ҳали тўлиқ кўргани йўқ, лекин танишиб кўрганларда ўтган йили ноябрдаги казус эсга тушиши аниқ. Эсингизда бўлса, ўтган йили ноябрда Қоидабузар ҳайдовчиларга жарима балларини ёзиш тизимини жорий этиш бўйича қонун лойиҳаси муҳокамаси бошланди. Бир қарашда яхши, узоқ кутилган қонун лойиҳаси. Лекин бу лойиҳага бутунлай бошқа чекловлар — ички ишлар ходимларини фото ва видеотасвирга олиш билан боғлиқ чекловлар қўшиб кетилганлигини орадан бир неча ҳафта ўтгачгина Сенатдаги муҳокамалар вақтида билган эдик. Ҳозир сўрасангиз, мен бу қаердадир осилиб қолган лойиҳани, ҳатто орасида мен маъқуллаган ва истаган қоидалар акс этган бўлса ҳам, ёмон қонун деб атайман», — деб ёзди Отабек Бакиров.
Унинг айтишича, яширин иқтисодиётга қарши курашиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш тўғрисидаги қарор лойиҳаси билан ҳам худди шундай вазият кечмоқда.
«Бу ёмон лойиҳа, гарчи қатор конструктив қадамларни кўзда тутган бўлса ҳам, чунки унинг орасида, билибми, билмайми, атайинми ё кўр-кўрона равишда яширин иқтисодиётга қарши курашда ёрдам берадиган эмас, эртага одамлар ва ҳимояти йўқ кичик бизнес устида портловчи „миналар“ жойлаштирилган. Шунинг учун ҳам бу ёмон лойиҳа. Қабул қилинса, оқибатлари ҳам ёмон бўлади», — дея қайд этди у.