Ичида боғча болалари бўлган автомобиль ҳалокатга учради (видео)

Улашиш:

Қорақалпоғистонда хусусий боғча тарбияланувчиларини олиб кетаётган автомобиль билан йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси ахборот хизмати хабар берди.

Аниқланишича, хусусий боғча раҳбари С.Г. Nexia русумли автомашинасида боғча тарбияланувчиларини олиб кетаётганда, У.Қ. бошқарувидаги Gentra русумли автомобиль тўсатдан Nexia автомашинаси олдига чиқиб кетиши оқибатида тўқнашув содир бўлган.

Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида боғча тарбияланувчилари 2018 йилда туғилган Х.Ф. ва 2021 йилда туғилган Н.С. тан жароҳати олиб, шифохонага стационар даволанишга ётқизилган. 

Дастлабки маълумотларга кўра, ҳар иккала жабрланганларда ўрта даражадаги жароҳатлар аниқланиб, зарур тиббий муолажалар кўрсатилган. Қолган йўл-транспорт ҳодисаси иштирокчилари тўлиқ амбулатор кўрикдан ўтказилган, аҳволи қониқарли.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.

“Жиноят иши доирасида йўл ҳаракати қоидаларига риоя этмасдан Nexia автомашинасида белгиланганидан ортиқ йўловчи ташиган С.Г.нинг ҳамда Gentra русумли автомашина ҳайдовчиси У.Қ.нинг ҳаракатларига қонуний баҳо берилиши таъминланади”, дейилади хабарда.

Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси томонидан жиноят иши тергови устидан прокурор назорати ўрнатилди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.