Тошкентда бурқа кийган йигит жазоланди

Улашиш:

Тошкент шаҳрининг Чорсу бозорида аёллар кийимини кийиб олган эркак ушланганлигидан хабарингиз бор. Ушбу эркак 2002 йилда Тошкент вилоятининг Бўка туманида туғилган П.Б. исмли йигит бўлган.

Йигит жорий йилнинг 19 июнь куни пойтахтнинг Шайхонтоҳур туманидаги “Чорсу” бозори олдида шахсни идентификация қилиш имконини бермайдиган даражада юзини тўсиб, йўлда кетаётганда ИИО ходимларининг ўз вазифаларини бажариш билан боғлиқ қонуний талабларини бажаришдан бош тортиб, уларнинг хизмат фаолиятига фаол қаршилик кўрсатган. Бақир-чақир қилиб оммани ўзига қаратганлиги аниқланган. 

Кеча, 20 июнь куни жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судида йигит юқоридаги ҳолатларни, жумладан ёшлигидан аёллар кийимига қизиққанлиги сабабли бозор атрофида бурқа номли аёллар кийимини кийиб, юзини тўсиб олганча ҳаракатланганлигини тасдиқлаб, кўрсатма берган. 

Суд 22 ёшли Р.Б. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 194-моддаси 1-қисми (Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳарбий хизматчисининг қонуний талабларини бажармаслик)да назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбсиз деб топди. Бироқ, у ушбу кодекснинг 184 прим 4-моддаси (Жамоат жойларида шахсини идентификация қилиш имконини бермайдиган кўринишда бўлиш) ҳамда 195-моддаси (Ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш)да назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этган деб топилди. 

Унга БҲМнинг 10 баравари (3 млн 400 минг сўм) миқдорида жарима жазоси ва 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.