Украинада уруш олиб бораётган рус қўшинлари “метрма-метр” украин ерларини эгаллаб бормоқда.
Россия ОАВларининг хабар қилишича, Украинада уруш олиб бораётган рус қўшинлари “метрма-метр” украин ерларини эгаллаб бормоқда. Айни пайтда Россия аскарлари Евгеновка ва Биринчи Новоселовка томон ҳаракатланмоқда. Украин армияси Авдеевкани қўлдан бой бергач, бу йўналишда жиддий мудофаа чизиқларини ярата олмаяпти.
Украинага қарши бошланган ҳужум икки ярим йилдан бери тўхтамаяпти. Путиннинг мақсадлари жанг майдонидаги муваффақият ёки омадсизликларга қараб ўзгариб турди. Гоҳ, орқага қайтмаймиз, деса, гоҳ сулҳ тузишга тайёрмиз, дея баёнот берди. Гоҳ НАТОнинг шарққа томон кенгайишидан хавотир олиб “Махсус ҳарбий операция”ни (МҲА) бошладик, деса, гоҳ бошқа баҳоналарни кўрсатди. Украинанинг ҳарбий муваффақиятлари эса табиийки, Ғарбнинг ҳарбий-техникавий ва молиявий ёрдами билан чамбарчас боғлиқ.
РОССИЯ УРУШНИ ТЎХТАТМОҚЧИ ЭМАС
Яқинда Россия ҳарбий-саноат ҳайъати раисининг ўринбосари, Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари, “Единая Россия” партияси раиси Дмитрий Медведев Украинадаги ҳарбий амалиётнинг навбатдаги режаларини ошкор қилди.
Маълумки, охирги пайтда Медведев Путин ўзи айтишни маъқул топмаган кескин баёнотларни ошкор қилувчи рупор вазифасини ўтаб келмоқда. Шу боис унинг баёнотларига эътиборсиз қараб бўлмайди. Медведев ўз телеграм каналида айтишича, Россия ғалаба қилган тақдирда ҳам ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилмайди. Унинг сўзларига кўра, Киев тегишли “қоғозларни имзолаб”, мағлубиятини тан олгач, Украина ҳокимияти тепасига мўътадил сиёсий режим келганидан кейин ҳам ҳарбий ҳаракатлар тўхтамайди. Чунки кейинчалик ҳокимият тепасига яна радикаллар келиб қолиши мумкин эмиш.
“Ўшанда илонни охиригача эзиб ташлаш вақти келади. Бандерачи ва қалбаки давлат тобутига пўлат мих қоқиш, унинг қонли мероси қолдиқларини ҳам йўқ қилиш вақти келади”, — деб ёзган Медведев ўз блогида.
Сиёсатчининг айтишича, ҳатто Украинанинг қолган ҳудудлари “Рус ерлари бағрига” қайтганидан кейин ҳам, Москва душманлари руслар мамлакатига зарба бериш учун куч йиғишда давом этади. МҲА ўтказилаётган ҳудудда жанговор ҳаракатларни тўхтатиб, музокараларни ўтказиш Россиянинг манфаатларига тўғри келмайди, деб ёзган Медведев.
Айни пайтда Россия пропаганда “машинаси” тўла қувват билан ишга тушган. Зеленский ва Украинага ёрдам берувчи Ғарб давлатларини масхара қилувчи видеороликлар тарқатилмоқда. Яқинда тарқалган бир видеороликда эса йўл қурувчилари (актёрлар) аҳоли пунктлари номи украинча ёзилган йўл белгиларини олиб ташлаб, русча белгиларни ўрнатаётгани тасвирланган. Шунда улардан бири “ҳали жуда кўпку”, дея хўрсинади. Уларнинг ёнидаги қутида эса Украинанинг кўпгина шаҳарларининг русча ёзилган йўл кўрсаткичлари тахлаб қўйилгани кўрсатилади. Шунда иккинчи ишчи “ҳа иш кўп, лекин бошланган ишни якунига етказиш керак”, дейди. Ролик охирида танклар ва вертолётлар ҳаракати кўрсатилади. Бундан кўриниб турибдики, Путин бутун Украинани босиб олишга чоғланган.
ЯНГИ ИМКОНИЯТ – ЯНГИ ЖУРЪАТ!
Хўш, бир пайт урушни тўхтатиш учун ҳар нарсага рози бўлган, “фақат босиб олган ерларимни қайтариб бермайман” дея шарт қўйган Путинда янги журъат қаердан келди?
Путин жорий йилнинг март ойида тўртинчи марта қайта президент этиб “сайланганидан” сўнг бир неча давлатларга сафар қилди. Бу сафарларнинг асосий мақсади битта – Украинадаги уруш учун Россияга ёрдамни кучайтиришга эришиш бўлгани ҳеч кимга сир эмас. Гарчи Хитой ва бошқа айрим давлатлар бундай ёрдам беролмаслигини билдирган бўлса-да, Шимолий Корея ва бошқа “дўст” давлатлар билан муносабатлар янги босқичга кўтарилгани тахмин қилинади.
Ундан аввалроқ эса Исроил-Фаластин можаросининг авж олгани натижасида Украинага ёрдам камайгани ва ҳатто савол остида қолгани ҳам Россияга қўл келди.
Қолаверса, катта эҳтимол билан, Россия махсус хизматлари ўз имкониятларини ишга солган ҳолда Европа Иттифоқи ичидаги бирдамликни кучсизлантиришга муваффақ бўлмоқда. Бу ҳам Европанинг Украинага беражак ёрдамига ижобий таъсир қилмайди, албатта. Қолаверса айрим сиёсий доираларда “Путинпараст” дея таърифланувчи Виктор Орбаннинг (Венгрия бош вазири) Европа Иттифоқининг вақтинча раисига айлангани ва бу лавозим доирасидаги илк сафарларидан бирини Россияга уюштириб, Путин билан учрашганини ҳам Россиянинг ташқи сиёсатдаги муваффақияти дея баҳолаш мумкин.
Бунинг устига, АҚШдаги президентлик сайловларида республикачи Дональд Трампнинг ғалаба қилиши эҳтимолга яқин дейилмоқда. Трамп эса Украинага ёрдамни кўпайтириш тарафдори эмас, ҳар ҳолда. У ҳозирданоқ бу урушга дарров чек қўйиш кераклигини таъкидлаяпти.
14 июль куни Трампга уюштирилган муваффақиятсиз суиқасд эса унинг сайланиш имкониятларини янада ошириб юборгани айтилмоқда. Бу ҳам Кремль амбицияларини кучайтириши тайин.
РОССИЯ КУЧ
ОЛАЁТГАН ЯШИРИН “ИРМОҚЛАР”
Жорий йилнинг 8 июль куни Киевдаги “Охматдет” (“Оналик ва болаликни ҳимоя қилиш”) болалар шифохонасига Х-101 қанотли ракетаси билан зарба берилди. Оқибатда 2 киши ҳалок бўлди, 32 киши жароҳат олди. Бу ракеталарни Россия ишлаб чиқараётгани айтилса-да, бироқ Москва бу зарба рус қўшинлари томонидан берилганини тан олмади. Россия томони, ракета Украина ҳаво ҳужумига қарши тизимларининг хато ишлаши туфайли шифохонага бориб тушган дея баёнот берди.
БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича бошқармаси экспертлари ракета ҳужуми акс этган видеоёзувлар ҳамда зарарланган ҳудудни бевосита ўрганган ҳолда, “катта эҳтимол билан Россиянинг Х-101 ракетаси билан тўғридан-тўғри зарба берилган”, дея баёнот берди. Энг қизиқ жиҳати, ракета қолдиқлари ўрганилганда, уни тайёрлашда АҚШ ва Швейцарияда фуқаролик авиацияси учун ишлаб чиқарилган таркибий қисмлардан фойдаланилгани ошкор бўлди.
Россия бошқа бир объектга январь ойида берган зарба ракетаси ўрганилганда ҳам унда Швейцариянинг STMicroelectronics фирмаси маҳсулоти ҳамда АҚШнинг Intel, Texas Instruments, Analog Devices ва бошқа компаниялари ишлаб чиқарган 14 та компонент қўлланилгани аниқланган. “Financial Times” газетасининг 10 июлдаги мақоласида ёзилишича, “Санкциялар Россияни илғор технологик деталлардан мосуво қилган бўлса-да, Кремль мудофаа саноати ҳарбий мақсадлар учун мўлжалланмаган таркибий қисмлардан унумли фойдаланмоқда”. Бу эҳтиёт қисмлар фуқаролик мақсадлари учун ишлаб чиқарилган ва айримлари жудаям эскирган. Россиянинг бу ракеталарига оид техник ҳужжатларга кўра, уларнинг эҳтиёт қисмлари Хитой, Малайзия, Филиппин, Тайван ёки Таиландда ишлаб чиқарилган. Украина томони эса бу ракетани таҳлил қилиб, унда хорижда ишлаб чиқарилган 50 дан зиёд деталларни аниқлаган.
Санкциялар остидаги Россияга бу деталлар қонуний йўл билан келиб қолмаган, албатта. Россия уларни бошқа давлатлар ёрдамида олаётгани кундек равшан. Айтайлик, кир ювиш машиналари ва бошқа фуқаролик ускуналари хотиржам Россияга экспорт қилинади. Улардаги микросхемалардан эса ракета ясашда фойдаланилади. Ракеталар эса шифохоналар устига тушиб, бегуноҳ болаларни ўлдиришда давом этади.