Тошкент шаҳарда ўзини ўзи банд қилган жисмоний шахс сифатида рўйхатдан ўтган фуқаро бир вақтнинг ўзида 106 та фаолият тури билан шуғулланганлиги аниқланди.
Ўтказилаётган солиқ назорати тадбирлари жараёнида ушбу фуқаро жорий йилнинг март ва апрель ойларида 4 та юридик шахсларга 123,2 млрд сўмлик 357 турдаги товарлар ва хизматларни реализация қилган.
Юридик шахслар томонидан мазкур харидлар сунъий равишда ҳисобга олинадиган ҚҚС суммасини яратиш ва товарларнинг кирим ҳужжатларини қонунийлаштириш мақсадида амалга оширилган.
Бу ҳолатда солиқ қонунчилигининг қайси талаблари бузилган?
Биринчидан, агар ўзини ўзи банд қилган шахснинг даромади 100 миллион сўмдан ошса, у якка тартибдаги тадбиркор каби 4 фоиз ставкада айланмадан олинадиган солиқ (АОС) тўлайди.
Шундай экан мазкур ўзини ўзи банд қилган шахсга нисбатан АОС қўшимча ҳисобланади.
Иккинчидан, агар ўзини ўзи банд қилган шахснинг даромади 1 миллиард сўмдан ошса, у мажбурий тартибда ҚҚС тўловчиси ҳисобланади ва солиқ органларида махсус рўйхатдан ўтказиш ҳисобида туриши лозим. Демак, унинг 1 миллиард сўмдан ортиқ даромадидан ҚҚС ва фойда солиғи қўшимча ҳисобланади.
Учинчидан, ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг меҳнат фаолиятидан ташқари олинган даромадларига Солиқ кодексида белгиланган тартибда солиқ солинади.
Бу каби ҳолатлар аниқланганда, таҳлилий ва текширув материаллари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида тақдим этилади.
Хулоса қилиб айтганда, йўл қўйилган ҳуқуқбузарликлар жиддий ҳуқуқий ва молиявий оқибатларга олиб келмаслиги учун ўзини ўзи банд қилган фуқаролар ўз фаолиятини қонун ҳужжатларига мувофиқ юритишлари лозим.