Тарихий қадриятлар, аждодларнинг маънавияти ва маданиятини намоён этувчи ўзбек либосларини фақатгина миллий урф-одатларни тарғиб этувчи тадбирларда, театрнинг тарихий саҳналарида, “Наврўз” айёмида ёки тўй маросимларидаги сарполарда кўришга кўникиб қолган эдик. Бу нафис матодан тикилган либосларни жозибасини ёқтирсакда, кийишни соғинсакда, елкамизга бир ташлаб, яна четга тахтлаб қўяверардик. Бугунга келиб ҳафтанинг ҳар жума кунида давлат ва нодавлат ташкилотларида фаолият юритаётган ҳамюртларимизни миллий либосда кўриб кўзимиз қувнамоқда.
Қолаверса, олий таълим муассасалари, умумтаълим мактабларида ёш йигит-қизларнинг бошларидаги дўппи, устозларнинг елкаларига ташланган адрас румоллар келажак авлод вакилларига юксак ғурур, ифтихор бағишламоқда. Вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси томонидан ижтимоий тармоқларга жойлаб борилаётган хабарлардан маълумки, воҳамизнинг чекка ва олис туманларида ҳам мазкур анъанага муҳим аҳамиятга эга вазифалар қаторида амал қилинмоқда. Ҳатто уй бекаларининг эгнидаги оддий либосларида, қизалоқларнинг жамалак сочларида акс этиб турган миллийлигимиз халқни бирлаштираётган ҳаракатни, қудратни ифода этмоқда.
— Ўзбек элининг миллий бош кийими ҳисобланган дўппи номи турк тилидан “тубе” сўзидан келиб чиққан ва “юқори, тепа” деган маънони англатади, — дейди ЖДПУ филология фанлари номзоди Шохида Сиддиқова. — Қадимда ота-боболаримиз энг оғир, изтиробли дамларда ҳам ориятлари ҳисобланмиш дўппиларини азиз бошларидан ечишмаган. Ғафур Ғуломнинг “Шум бола” асаридан биламизки, ҳатто ёш йигит-қизлар ҳам доимий дўппи кийиб юришган. Айни дамда кундан-кунга тараққий этиб бораётган, Янги Ўзбекистонда ўзбек миллий либосларини тарғиб этишга ўз ҳиссамизни қўшар эканмиз, унинг бетакрор ранглари-ю, нақшлари чет эллик фуқароларни ҳам мафтун этаётганлигига гувоҳ бўляпмиз.
Гулчеҳра ХИДИРОВА