«Оғир» маҳаллаларга 12 триллион: Ҳокимлар имтиҳондан ўтадими?

Улашиш:

Ўзбекистон ҳукумати камбағалликка қарши курашнинг янги босқичига ўтмоқда: энди масъулият ва улкан маблағлар тўғридан-тўғри туман ҳокимлари ва маҳаллабай тизим ихтиёрига топшириляпти. Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган сўнгги йиғилишда 37 та «оғир» туман ва 903 та «оғир» маҳалла аниқлангани, уларга жами 12 триллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилиши маълум қилинди. Бироқ асосий зиддият бошқа ерда — иқтисодиёт 7,7 фоизга ўсиб, ЯИМ 147 миллиард долларга етган бир пайтда, нега мамлакатда ҳалигача мингга яқин «оғир» маҳаллалар мавжуд ва бу маблағлар коррупция ҳамда самарасиз бошқарув «тешиклари»ни ёпишга ишлатилиб кетмайдими?

Сўнгги йилларда Ўзбекистон иқтисодиётида рақамлар жиҳатдан ижобий динамика кузатилмоқда. 2025 йил якунларига кўра, инфляциянинг 7,3 фоизгача жиловланиши ва экспортнинг 33,8 миллиард долларга етиши макроиқтисодий барқарорликдан далолат беради. Аммо бу ютуқларнинг «пастки бўғин» — оддий қишлоқ ва маҳалла даражасигача етиб боришида узилишлар борлиги яққол кўзга ташланмоқда. Иқтисодий фаолликнинг катта шаҳарларда тўпланиши ва ҳудудлараро номутаносиблик натижасида республикада камбағал оилаларнинг учдан бир қисми айнан чекланган миқдордаги «оғир» ҳудудларда қолмоқда.

Муаммонинг илдизи фақат маблағ етишмаслигида эмас, балки инфратузилманинг маънан эскиргани ва бошқарувдаги марказлашувда эди. Кўп йиллар давомида туман ҳокимликлари маҳаллий муаммоларни ҳал қилиш учун Тошкентдан маблағ кутишга мажбур бўлган. Энди эса механизм ўзгармоқда: маҳаллий бюджетга қайтадиган маблағ икки баробар кўпайтирилиб, ҳокимларга тўғридан-тўғри молиявий «қон» қуйиляпти. Ҳар бир «оғир» маҳаллага бериладиган 1 миллиард сўм ва туманларга ажратиладиган қўшимча 50 миллиард сўм — бу маҳаллий амалдорлар учун жуда катта имконият, шу билан бирга, улкан синовдир.

Иқтисодий таҳлилчиларнинг фикрича, бундай «инъекция» услубидаги молиялаштириш фақат битта шарт билан ишлайди: агар маблағлар бетон ва асфальтга эмас, балки бизнес занжирларини яратишга сарфланса. 20 та мезон асосида тузилган «оғир» ҳудудлар рўйхати шуни кўрсатадики, аҳоли солиқ имтиёзидан кўра, электр, сув ва йўлни муҳимроқ деб билмоқда. Бу — бозор иқтисодиётининг базавий шартлари бажарилмаган жойда тадбиркорлик ривожланмаслигига оддий ишора. Тизимли хато шундаки, шу пайтгача инфратузилма алоҳида, бандлик дастурлари алоҳида режалаштирилган.

Эндиги вазифа — бу маблағларни «инсон капитали»га айлантириш. Президент таъкидлаганидек, ҳокимлар халқ олдида ҳисоб бериши, қайси маҳаллада нечта оилани камбағалликдан чиқарганини тушунтириши шарт. Бироқ бу ерда хавфли жиҳат бор: рақамлар ортидан қувиш ва «кўзбўямачилик» иллати яна бош кўтариши мумкин. Ҳокимлик фаолиятига халқнинг ўзи баҳо бериши кераклиги ҳақидаги талаб эса маҳаллий кенгашлар ва жамоатчилик назоратининг ҳақиқий кучга киришини тақозо этади.

Ҳозирги ҳолатда энг катта тўсиқ — маҳаллий ижро ҳокимиятининг бундай йирик лойиҳаларни бошқаришдаги компетенцияси ва шаффофликнинг йўқлигидир. 12 триллион сўм — бу шунчаки рақам эмас, бу аҳолининг давлатга бўлган ишончининг баҳоси. Агар бу маблағлар натижасида «оғир» маҳаллалар қиёфаси ўзгармаса, камбағалликни 3 фоиздан пасайтириш режаси навбатдаги статистик манипуляция бўлиб қолаверади.

Хулоса ўрнида айтиш мумкин: давлат «оғир» туманларни оёққа турғизиш учун бор имкониятини ишга солди. Эндиги навбат ижрочиларга. Ҳокимлар берилган ваколат ва маблағни реал иш ўринларига айлантира оладими ёки «тизимли муаммолар» деган баҳона ортига яширинишадими? Бу саволнинг жавобини яқин бир йил ичида ўша 903 та маҳалла аҳолисининг турмуш даражаси кўрсатиб беради.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.