Бош прокурор Жиззахга эвакуация қилинган фуқаролар билан учрашди

Улашиш:

Ўзбекистон Республикаси бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев бугун Жиззах вилоятига эвакуация қилинган фуқаролар ҳузурида бўлди. 2020 йилнинг 1 май куни Сирдарё вилоятининг Сардоба туманида содир бўлган офат натижасида уйсиз қолган 10 минглаб фуқаролар айни вақтда Жиззах вилоятининг қатор туманларига келтириб жойлаштирилган.

Уларга яратилган шароитлар билан танишиш, уларнинг соғлиги, яшаш тарзини кўздан кечириш мақсадида даставвал Дўстлик туманининг Манас ҚФЙдаги 5 мактабга жойлашганлар билан учрашилди.

- Сизларнинг ҳузурингизга Президентимизнинг топшириқларига мувофиқ етиб келдим, - деди Н.Йўлдошев. – Ҳозир Президентимиз бошчилигида сизларнинг уйларингизни тиклаш ишлари олиб борилмоқда. Яна бир неча кун Жиззахда меҳмон бўлиб турасизлар. Сизга бир сўм ҳам зарар етмайди.

Шундан сўнг саховатпеша юртдошларимиз томонидан юборилган озиқ-овқат махсулотлари, ётоқ жойлари билан танишиб, фожеа жабрланувчиларининг кўнгилларини кўтарди. Шу куни бош прокурор Дўстлик тумани ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказида ҳам бўлиб, туман ҳокимлиги ва мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берилди.

Шундан сўнг Мирзачўл тумани, Гагарин шаҳридаги 1 - мактаб ва “Меҳрли юлдуз” нодавлат таълим муассасаси, Мирзачўл тикувчилик комплексида жойлашган сирдарёликлар билан учрашилди.

Эслатиб ўтамиз, Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларидан қарийб 70 мингдан ортиқ фуқаро Сирдарё ва Жиззах вилоятларига эвакуация қилинган. Шундан 13 198 нафари Жиззах вилоятидаги муассасалар ва аҳоли хонадонларига жойлаштирилди. Айни пайтда Дўстлик туманида 4070 нафар, Мирзачўл туманида 2155 нафар эвакуация қилинган фуқаролар мавжуд.  

  

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.