1 июлдан бошлаб, юртимизда ўзини ўзи банд қилишдек янги фаолият тури жорий этилдики, бу жаҳон амалиётида ўзини оқлаган, ҳозирги карантин пайтида ишончли ва хавфсиз иқтисодий дастак ҳисобланади. Ушбу фаолият Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 8 июндаги “Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тартбга солинади. Унга мувофиқ, ўзини ўзи банд қила олган тадбиркорлар учун фаолият турлари кенгайтирилди, рўйхатдан ўтиш тартиби соддалаштирилди.
Қарор ижроси бўйича Давлат солиқ қўмитаси томонидан “Soliq” мобиль иловаси орқали рўйхатдан ўтказиш функцияси ишлаб чиқилди. Эндиликда ўзини ўзи банд қилган фуқаролар “Soliq” мобиль иловаси орқали рўйхатдан ўтиб, қонуний фаолият кўрсатишлари мумкин бўлади. Шу пайтга қадар вақтинчалик меҳнат гувоҳномаси бериш орқали фаолият расмийлаштирилган бўлса, энди онлайн тарзда ўзингизни банд қилишингиз мумкин. Бунинг учун 2020 йил 1 июлдан бошлаб ўзини ўзи банд қилган шахсларни рўйхатга олиш хабар бериш тартибида ўзини ўзи банд қилган сифатида рўйхатдан ўтганликни тасдиқловчи матрицали штрих код (QR-код) берган ҳолда махсус мобил илова ёхуд солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали амалга оширилади.
Тушунарли бўлиши учун мисол келтираман. Кўпинча репититорлик фаолияти яширин даромад манбаи сифатида қаралиб, айнан даромад солиғи тўланмаслиги учун эътирозларга сабаб бўлар эди. Қарор билан мазкур фаолият тури ҳам ўзини ўзи банд қилиш фаолияти ҳисобланади. Репетиторлик қилаётган шахс юқоридаги мобиль илова ёки солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали ўзини ўзи банд қилган фуқаро сифатда рўйхатдан ўтади. Солиқ идорасида рўйхатга олинган репетитор2020 йил учун ижтимоий солиқни базавий ҳисоблаш миқдорининг камида 50 фоизи ҳажмида тўлайди. Эътиборлиси, ушбу сумма одатдагидек бюджетга эмас, тўлиқлигича бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига йўналтирилади. Ҳамда ўша шахснинг келгусида ҳисобланадиган пенсия миқдорига таъсир этади. Пенсия якка тартибдаги тадбиркорлар учун ўрнатилган тартибда ҳисобланади. Демак, репетитор келажакда кўпроқ пенсия олишни истаса, белгиланган солиқни ўз ихтиёри билан кўпроқ миқдорда тўлаши мумкин.
Юқоридаги қарор билан ўзини ўзи банд қилиш бўйича фаолият турлари 67 тага етказилди. Жумладан, калитлар ясаш, чорва молларини ўтлатиш, уларга қараб туриш, жисмоний шахсларга компьютерларни таъмирлаш ва созлаш, лицензияланган дастурий таъминот ўрнатиш, велосипедни таъмирлаш, механизация воситаларини қўлламай бажариладиган юк ортиш-юк тушириш ишлари билан шуғулланувчи шахслар ўзини ўзи банд қилган фуқаро сифатида рўйхатдан ўтишлари мумкин.
Ушбу амалиёт орқали минглаб инсонларнинг фаолияти қонунийлаштирилади, уларнинг келгуси пенсия таъминотига пойдевор қўйилади, боқимандалик кайфияти секин-аста йўқолиб, ишсизлик қисқаради. Деярли якка тартибдаги тадбиркор мақомига тенглаштирилган ўзини ўзи банд қилган шахслар даромадларини янада кўпайтириш устида излана бошлайдилар. Давлат солиқ қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган мобиль илова ўзини ўзи банд қилган шахсларни фақатгина рўйхатдан ўтказиш билан чегараланмасдан, буюртмаларни қабул қилиш ва кўрсатилган хизматлар (товарлар) учун тўловларни амалга ошириш, юридик шахсларга хизматлар кўрсатишда (товарларни сотишда) электрон ҳисоб-китоб фактураларни тақдим қилиш, мобиль илова ёрдамида ихтиёрий асосда даромадлар ва харажатлар ҳисобини юритиш ҳамда ушбу маълумотлардан кейинчалик, шу жумладан кредит олиш ва (ёки) солиқларни ҳисобдан чиқариш мақсадида фойдаланиш, ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг товарларини (ишларини, хизматларини) реклама қилиш хизматларини ҳам кўрсатади.
Жиззах вилоят Давлат солиқ бошқармаси томонидан туманлар учун ўзини ўзи банд қилганларни рўйхатга олиш бўйича режа-график ишлаб чиқилган бўлиб, тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилаяпти. Бозорлар, гавжум ҳудудлар, МФЙ идораларига ташқи реклама воситалари ўрнатилмоқда. Албатта, дастлабки вақтларда ҳамма ҳам ҳар ойда тўланадиган 111 500 сўм ижтимоий солиқ (ижтимоий солиқни базавий ҳисоблаш миқдорининг камида 50 фоизи)ни тўлашдан оғриниб, ўз фаолиятини қонунийлаштирмаслиги мумкин. Аммо Сиз бу ишингиз билан энг аввало пенсия таъминотингизни ўз қўлингиз билан йўлга қўясиз, қонуний фаолиятингиз давлат ҳимоясида бўлади, ишсизлик мақомидан қутуласиз. Шу ўринд эслатиб ўтамизки, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига мувофиқ, ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг меҳнат фаолияти натижасида олинган даромадлари жисмоний шахслар жами даромадлари таркибига киритилмайди.
Ўзини ўзи банд қилиш - бугунги кун тақозоси. Унинг дунё миқёсида ўзини оқлаган жиҳатлари ҳақида кейинги мақолаларимизда батафсил тўхталамиз.
Шерали СУЛАЙМОНОВ,
Жиззах вилоят ДСБ жисмоний шахсларга хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғи.