Жорий йил 22 майда Вазирлар Маҳкамасининг «Ички ишлар органларининг озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлган жазони ижро этиш фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожоновнинг ЎзА мухбири билан суҳбатда айтишича, ушбу ҳукумат қарори президентнинг топшириғи бўйича, тизимда очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида қабул қилинган.
«Лондонда жойлашган Қамоқхоналарни тадқиқ қилиш халқаро маркази томонидан 2019 йилда эълон қилинган маълумотга кўра, республикамизда ҳар 100 минг аҳолига 150 нафар жазо ўтаётган шахс тўғри келиши, тизимда 43,9 минг нафар шахс сақланаётганлиги кўрсатилиб, Ўзбекистон бу борада 222 давлат ичида 105-ўринни эгаллаган», - деди вазир.
Пўлат Бобожоновнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар, жиноят ва жиноят-ижроия қонунчилигининг либераллаштирилиши натижасида сўнгги ўн йилликда жазо муддатини ўтаётган шахслар сони кескин қисқарди. Реал ҳолатга кўра, бугунги кунда жазони ижро этиш тизимидаги маҳкумлар сони 22,9 минг нафарни ташкил этиб, ҳар 100 минг аҳоли сонига нисбатан 67 нафар шахс тўғри келади.
«Ушбу маълумотларнинг очиқланиши Ўзбекистоннинг мазкур рўйхатдаги кўрсаткичи 70 поғонага яхшиланишини кўрсатади. Ҳозирда ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси тасарруфида 43 жазони ижро этиш муассасаси ва 11 тергов ҳибсхонаси мавжуд. Муассасаларнинг 18 таси ёпиқ турдаги колония ва 25 таси манзил-колония ҳисобланади. Жазони ижро этиш тизимидаги колонияларнинг сиғимига нисбатан сақланаётганлар кўрсаткичи 56,4 фоизни ташкил қилмоқда», - деди ИИВ раҳбари.
Жазони ижро этиш муассасаларининг ишлаб чиқариш фаолияти, ишлаб чиқарилаётган товар маҳсулотлари тўғрисидаги маълумотлар ҳам бундан буён расмий сайтларда эълон қилиб борилади. Бундан ташқари, жазони ижро этиш муассасалари ва тергов ҳибсхоналарида сақланаётган шахслар орасидаги ўлим ҳолатлари ҳамда тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланиладиган шахслар сони тўғрисидаги маълумотлар ҳам эндиликда махфий саналмайди.
«Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, жазони ижро этиш муассасаларига қарашли корхоналарда 100 дан ортиқ турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. Меҳнатга лаёқатли маҳкумларнинг 80 фоизга яқини фойдали меҳнатга жалб этилган. 2019 йил ва жорий йилнинг ўтган даври давомида 3 минг 559 янги иш ўрни яратилиб, 1 минг 352 нафар маҳкум меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқитилди ва уларга тегишли сертификатлар берилди», - деди вазир.
Қайд этилишича, 2020 йилнинг ўтган 7 ойи мобайнида шундай корхоналар томонидан 100,4 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Ишлаётган ҳар бир маҳкумга ўртача 700-800 минг сўм, айрим мутахассисликлар бўйича эса, 1,5-2 миллион сўмгача ойлик маош берилмоқда.