Президент Шавкат Мирзиёев хорижда меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқароларига муносиб шарт-шароитлар яратиш ва улар билан тизимли ишлаш чора-тадбирлари юзасидан йиғилиш ўтказди.
Тадбир аввалида бугун мамлакатимизда пандемия билан боғлиқ вазият таҳлил қилинди.
Жумладан, июль ва август ойларида коронавирусга қарши кураш бўйича ишлар кескин кучайтирилгани натижасида унга чалинганларга нисбатан соғайганлар сони анча ортгани қайд этилди. Хусусан, охирги 5 кунда тузалиб чиққанлар улуши 77 фоиздан 87 фоизга ошди. Даволанаётганлар сони 7 минг нафардан 4 мингтага тушди.
Бунинг ортида, албатта, шифокорларимизнинг машаққатли меҳнати ётибди.
Яқин кунларда Россиядан қирққа яқин, Хитойдан ўн нафар юқори малакали мутахассислар етиб келгани, уларни ҳудудларга тақсимлаб, жойларда беморларни энг самарали усуллар билан даволаш ва маҳаллий шифокорларни ҳам ўргатиш ишлари ташкил қилиниши таъкидланди.
Халқимиз ортиқча қийналмаслиги учун, фуқароларимизнинг мурожаатларидан келиб чиқиб карантин талаблари юмшатилгани, лекин энди аҳоли жамоат жойларида кўпроқ бўлиши сабабли COVID-19 тарқалиши хавфи сезиларли даражада ошиши ҳам эслатиб ўтилди.
Шу боис, одамларга янада масъулиятли бўлиб, ўзларини ва яқинларини вирусдан ҳимоя қилиш бўйича талабларга қатъий амал қилишлари кераклигини тушунтириш, амалий ёрдам бериш ва назорат қилиш лозимлиги айтилди.
Барча даражадаги ҳокимлар, секторлар, соғлиқни сақлаш, маҳалла, ички ишлар ва бошқа тизимлар раҳбарлари тегишли ҳудудлар ва соҳаларда коронавирус билан боғлиқ вазиятга шахсан масъул ва жавобгар бўлишлари белгиланди.