Комил Алламжонов даҳшатли фожиага йўлиққани ва бир ўлимдан қолгани ҳақида ёзди

Улашиш:

 Бундан 14 йил аввал 3 октябр куни бир ўлимдан қолиб, Аллоҳ менга қайта умр берган кун. 
2006  йил.

Рўзаи рамазон ойлари.  
Ўша пайтлар солиқ қўмитаси матбуот хизматида ишлар эдим. Бир куни Хоразм вилояти солиқ бошқармаси бошлиғи Одилхон Рустамов менга қўнғироқ қилиб, вилоят солиқчилари катта миқдорда ноқонуний ароқ ишлаб чиқарувчи цехни аниқлагани ва бир ярим тонна спирт маҳсулоти қўлга олинганини айтиб, ушбу ҳолатни матбуотга чиқариб беришни илтимос қилди. Ўша пайтда “Солиқ хизмати хабарлари” номли кўрсатувимиз бўлар эди. Тезкор хабарлар ёритилар эди. Ва ўша кўрсатувга чиққан ҳар бир ҳолат қонуний (яъни ҳеч ким аралаша олмасди) ҳал қилинар эди, чунки бу кўрсатувни қўмита раисининг шахсан ўзи доим кузатиб борарди. Бир сўз билан айтганда бизни кўрсатувда чиққан ҳар бир ҳолатга пировард натижада қонуний чора кўрилиши шарт эди. Мен барча ҳужжатларни расмийлаштириб Хоразмга боришга ҳаракатни бошладим. 

Лекин негадир ишларим юравермади, рухсат буйруқлари кечикиб чиқди, оператор йўқ, самолётга чипта умуман топилмаяпти. Қандайдир илоҳий куч ҳамма ишни тўхтатишга уринаётгандек. Мен эса қайсарлик билан ҳаракат қиляпман. Жуда қийинчилик билан чипта топдик, тасвирчи ҳам топилди. Асқар деган йигитни бирга боришга кўндирдим. Хуллас етиб бордик Хоразмга. Самолётдан тушишим билан сумкамни очиб қарасам атир идишларим синиб кетибди. Қалин шиша идиш синиши учун сумкани қандай қилиб отиш керак, деб жаҳлим чиқди, лекин индамай бошқармага бордик. Барча ҳолатларни тасвирга олдик. Айбдорлар, ароқлар жойлаб қўйилган омборхоналар. Хазорасп туманида бир ярим тонналик спиртни бориб тасвирга олиш қолди. Сўнг Урганчни томоша қилгани боришимиз керак. Солиқчилар балки бормасмиз дейишди, мен йўқ, бориш керак, ишни охирига етказамиз ва кейин дам оламиз, деб туриб олдим. Бордик, ҳамма ҳолатни тасвирга олдик. Энди ортга қайтиш керак. Хазораспдан Урганчга қайтяпмиз Тико машинасида. Олдимда тасвирчи камераси билан, ҳайдовчи бизнинг Хоразмдаги ходим Алишер ака. Тўғри узун йўлдамиз. На чапга ва ўнгга йўл, фақат тўғрига. Йўлнинг икки чеккаси дала. Тезлик 100-110 км/соат. Рўпарамизда трактор кетяпти, орқасида прицепи билан. Бир пайт ўша трактор рулни чапга буриб бутун йўлни тўсиб таққа тўхтаб қолса бўладими. Йўл бутунлай ёпилди. Бизнинг ҳайдовчи бор важоҳати билан тормозни босгани билан, катта тезликда келиб трактор прицепини балонига шунақа урилдики, машинамиз консерва банкага ўхшаб ғижимланиб кетди. Ичидаги одамларнинг ҳолатини гапирмаса ҳам бўлади. Алишер акани кўкрак қафаси эзилди, Асқарни қўлидаги камера қутқариб қолди, зарбадан фақат камера синди холос. Мен эса орқа ўриндиқда эдим ва албатта хавфсизлик камарини ҳам тақмаганман. Биласиз, бизда хавфсизлик камари аслида кўпроқ ЙПХ ходими кўзи учун тақилади, орқадаги камар эса умуман ишлатилмай чанг босиб ётади. Хуллас тўқнашувда кўзимдан олов чақнаб кетди, оёғимнинг икки жойи синган ва тос суяги ёрилган, қўлимнинг катта вена томирлари ёрилган, бош мия чайқалган. Яна машина ҳозир портлаб кетади деб ўйлаб, бор кучимни тўплаб, машинадан ўзимни ерга отдим. Оғриқ кучидан ерда додлаб ётибман. Йўлни қоқ ўртаси, марказгача бир соатча йўл. Ўшанда  машинамиз яхшиям трактор балонига урилди, прицеп ўртасига эмас. Акс ҳолда калламиз шаппа узилиб кетар эди, тавба қилдим. Хуллас бизни орқамизда солиқчилар кузатиб юришган экан, бахтимга улар дарҳол келиб бизни олиб кетишди. Қишлоқ шифохонасига бордик. Аҳвол бир бало. Додлатиб, бақир-чақир билан амаллаб рентген қилишди ва палатага ётқизишди. Энди палатанинг аҳволи шунақа ачинарли эдики, буни мендан кўра ўша қишлоқ аҳолиси яхши билса керак. Тепада узун сим ва унга илиниб турган лампочка, кроват пуржинали, ҳарбий батальонлардан келиб қолганга ўхшайди. Бир пайт бир нурли, файзли шифокор Қадам оға кириб келдилар. Улар вилоят травматологи экан. Оёғингизнинг бир-икки жойи синибди, ҳозир оёғингизга тош илиб қўямиз, суяк жойига тушса гипс қилинади кейин Тошкентга кетаверасиз, дедилар. Уххх, Худога шукр деб сал кайфият пайдо бўлди. Бир пайт дурадгор қариндошимиз Мансур аканинг ускуналарига ўхшаган, симлари кўк изоленталар билан ўралган дрел, омбурлар олиб киришяпти. Аввалига бирон михни деворга қоқишса керак, деб турсам, ҳамшира келиб оёғимга укол қилди ва ўша дрел билан оёғимни тешиб сим тортиб қўйишди. Шифохонада оғир тош йўқлигидан кўчадаги тошлардан териб келиб, латтага ўраб оёғимга боғлаб қўйишди.  Мен бўлди, тамом бўлдим, мени атайлаб ўлдирмоқчи бўлишди, ўлмай қолдим, ҳозир охирига етказиб қўйишади деб, қалтираб ётибман. Чунки ароқ ишларини тушунган одам яхши билади, ўша даврларда бу бизнес деярли кўча одамлари қўлида бўлган. Хоразмда ҳам шундай эди. Ҳушимни йўқотдим. Ўзимга келиб қарасам, бутунлай бошқа реанимацияда ётибман. Белимдан то оёғимгача гипс қилинган, қандайдир симлар, болтлар танамдан чиқиб турибди. Хуллас, бу азобни душманимга ҳам раво кўрмайман. Унинг устига бегона жой, таниш одамнинг ўзи йўқ. Уйдагилар хавотир олмасин деб ҳеч кимга айтмаганман. Фақат синглим Хуршидага айтганман, мабодо менга бир нарса бўлса хабаринг бўлсин, шу ерда ётибман, лекин ойим ва адамларга хозирча айтма, минг километр узоқдаман, эшитиб тамом бўлишмасин деб, тайинлаб қўйганман. Кечаси травматология бўлими роса тўполон бўлар экан, турли синган чиққанлар, пичоқ еганлар, жароҳатланганлар, дод-вой, бақир-чақир, хуллас, Худо кўрсатмасин ҳеч кимга. Мен ҳам қўрқувда тунлари йиғлаб, қалтираб тонг отишини кутиб ўтирардим. Қўшни палатада бели синган бир аёл увилллаб додлаб чиқарди. Бахтимга Асқар ёнимда эди. Ўша қараб чиқарди кечаси билан. Шундай қилиб реанимацияда 4-5 кун ётиб кейин Тошкентга юборадиган бўлишди. Қандай транспортда юборишга бош қотиришди. Самолётда кетаман, гипсда 10 соат қандай етиб бораман деб, шу фикрда тўхтадик. Самолётга носилкада олиб чиқишди, амаллаб ичкарига жойлашди. У самолётга носилка мўлжалланмаган экан, бошини оёғини айлантириб кириб олдик. 3 нафар одам ўтирадиган ўриндиққа мени ётқизиб, оёқларим тагига баклажкалар боғлаб қўйишди. Хуллас осилиб, амаллаб Тошкентга етиб келдим. Бир ўзим, бир ҳамроҳ ҳам қўшиб беришмабди, менимча қутилганимизга шукр деб Одил Боқиевич учириб юборган бўлса керак, ҳозир ёзиб туриб, шу жойи тегиб кетди . (Ёш бола эдим, қўмитада ишласам ҳам у даврда матбуот хизматларини обрўси бўлмас эди. Коттароқ бошқармада ишлаганимда балки бирга оборармиди хатто деб ўйлаганман ўшанда)Тошкентга қўндик, ҳамма тушиб кетиб, бир ўзим қолиб кетсам бўладими борт ичида. Ҳооойй ким бор деб бақириб турсам, ҳарбийлар кириб қолишди ва кўтариб пастга тез ёрдам машинасига олиб тушишди бир амаллаб. Тез ёрдам устидан тез ёрдам, ичи эса контрабанда ташийдиган хонага ўхшайди, битта дона бензин канистри турибди ичида. У машина ҳам аэропорт ташқарисига олиб чиқиб қўйди ва у ердан ўша пайтдаги MDS машинаси қабул қилиб олиб уйга олиб келиб қўйган. Уйга келганимда ота онам аҳволимни кўрганидан йиғласа, мен эсон-омон етиб келганимга йиғлардим. Ҳаттоки уйда, яқинларим бағрида жон беришга ҳам тайёр эдим. Шундай қилиб, 6 ой кроватга михландим. Суяклар ҳам яхши битди. Кейин билсам Хоразмлик травматологлар республикада энг илғор, Қадам оға эса энг кучли мутахассис экан. Худога минг шукр, мана 14 йил бўлса ҳам ҳалигача оғриқ умуман йўқ. Ўша пайтда бу иш тагига бир кун етаман, бир кун барибир воқеани асл сабабларини ўрганаман деб юрар эдим. Чунки бу ҳолатдан кейин бир қанча вақт ўтиб, вилоятда анча одамлар қамалди. Лекин барибир нима бўлганини ҳалигача тушуниб етмадим. Ризқим бор экан, Аллоҳга шукр шу кунгача етиб келиб, ҳаётимда яна қанчадан-қанча воқеалар бўлиб кетди. Шунинг учун ҳам автоҳалокатларни кўрсам сесканиб кетаман. Бизда статистика яхши эмас бу борада. Бу соҳа аллақачон пандемия даражасига келиб қолган. Чунки ўлимлар сони йилига 2 мингдан ошади деб эшитдим. Нима бўлганда ҳам барчага соғлиқ тилайман. Соғлиқ бўлса, ҳар қандай муаммога ҳам ечим топилади.

Комил Алламжонов, 

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш

жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.