Электрни асоссиз узган раҳбарлар иши судга чиқарилди

Улашиш:

Тошкент вилояти Монополияга қарши курашиш ҳудудий бошқармаси томонидан Олмалиқ шаҳридаги 279-сонли электр трансформаторга уланган истеъмолчиларни ўрнатилган тартибда огоҳлантирмасдан электр таъминотидан узилишларни амалга ошириш натижасида «Олмалиқ шаҳар электр таъминоти» корхонаси раҳбарига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 178-моддасига асосан 16.11.2020 йил куни маъмурий баённома расмийлаштирилиб, Олмалиқ шаҳар маъмурий судига иш юритувдаги ҳужжатлар юборилди. Бу ҳақда Монополияга қарши курашиш қўмитаси матбуот хизмати хабар бермоқда.

Шунингдек, жорий йилнинг 19-20 октябрь кунлари «facebook» ижтимоий тармоғида истеъмолчиларнинг ўртасида кенг муҳокамага сабаб бўлган мавзу яъни, Тошкент вилояти Зангиота туманида яшовчи аҳоли истеъмолчилари электр энергиясидаги мавжуд қарздорлик учун узиб қўйилганлиги ҳамда абонентлар томонидан тегишли тўловлар амалга оширилиб, корхонага тармоққа қайта улаш бўйича берилган буюртма (ариза)лар мавжуд бўлишига қарамай, истеъмолчиларни электр тармоғига қайта улаш ишлари кечикаётганлиги билдирилган.

Юқоридаги ҳолат юзасидан «Тошкент ҳудудий электр тармоқлари» АЖга нисбатан «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 19-моддаси биринчи қисми талаблари бузилганлиги сабабли 2020 йил 29 октябрда 11/02-И-сонли кўрсатма берилди.

«Тошкент ҳудудий электр тармоқлари» АЖ корхонаси томонидан кўрсатманинг ижросини таъминлаш тўғрисидаги 517-сонли буйруқ қабул қилинган бўлиб, унга асосан кўрсатилган қонун бузилиш ҳолатлари шаҳар ва туман электр таъминоти корхоналари раҳбар ҳодимлари билан атрофлича ўрганиб чиқилиб, барча раҳбар ходимлар келгусида қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўймаслик тўғрисида огоҳлантирилган.

Шунга қарамасдан, 20 ноябрь куни Тошкент туманидаги қарийб 17 минг электр энергия истеъмолчиси томонидан фойдаланилган электр энергияси учун тўловлар бўйича юзага келган қарздорлик сабабли, амалдаги тартиб бўйича АСКУЭ тизими автоматик равишда қарздор истеъмолчиларнинг таъминотини тўхтатган. Ўз навбатида, юқоридага ҳолат жойига чиқиб ўрганилганда истеъмолчилар томонидан фойдаланилган электр энергияси учун қарздорлик тўлангандан кейин ҳам автоматик равишда электр тармоғига қайта уланмаган ҳолатлар аниқланди.

Ушбу ҳолат жорий йилнинг 21, 22 ноябр кунлари Қибрай ҳамда Зангиота туманларида ҳам аниқланди.

Ҳозирги кунда ҳудудий бошқарманинг 29.10.2020 йилдаги 11/02-И-сонли кўрсатмасини бажармаганлиги сабабли, Тошкент, Зангиота, Қибрай тумани электр тармоқлари корхоналари раҳбарларига нисбатан маъмурий ҳужжатларни расмийлаштириб, тегишли тартибда кўриб чиқиш учун маъмурий судга юбориш чоралари кўрилмоқда, — дейилади Монополияга қарши курашиш қўмитаси хабарида.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.