Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан транспорт воситалари ҳайдовчиларининг тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузиш ҳолати учун белгиланган жарима миқдорларини қамайтириш таклифи илгари сурилди. Бу ҳақда депутат Дониёр Ғаниев хабар берди.
Қўмита таклифига кўра, мазкур ҳуқуқбузарлик учун жаримани БҲМнинг бир баравари (223 минг сўм) миқдорида белгилаш кўзда тутилмоқда. Шунингдек, ҳуқуқбузарликни такроран содир этилганда жарима миқдорини ошиши ҳам бекор килиниши кутилмоқда.
Қайд этилишича, ҳозирда қўмита аъзоси, депутат Фарҳод Ашматов томонидан Ўзбекистон МЖтКнинг 128-6-моддасига тегишли ўзгартиришлар киритилишини кўзда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.
Амалдаги қонунчиликка кўра, транспорт воситалари ҳайдовчиларининг тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузиши базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) уч баравари яъни 669 минг сўм миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Айни ҳуқуқбузарликни маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этиш ҳайдовчига БҲМнинг беш баравари (1 млн 113 минг сўм) миқдорида, учинчи марта содир этилиши эса БҲМнинг ўн баравари (2 млн 225 минг сўм) миқдорида жарима солинишига олиб келади.
Жарималардан бирининг миқдори уч бараварга камайтирилиши мумкин
Улашиш: