Жиззах вилоятида 2021-2023 йилларда амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалар бўйича брифинг ўтказилди

Улашиш:

Жиззах вилояти ҳокимлигининг кичик конференция залида Жиззах вилояти ҳокимининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи Азим Ахмедхаджаев билан “Жиззах вилоятининг инвестиция лойиҳалари” хусусида брифинг ўтказилди.

Брифингни вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбари – вилоят ҳокимининг матбуот котиби Акмал Бинокулов очиб берди. Шундан сўнг, Жиззах вилояти ҳокимининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи Азим Ахмедхаджаев “Жиззах вилоятининг инвестиция лойиҳалари” хусусида маълумот берди.

Жорий йилнинг 15 февраль куни Давлатимиз раҳбари олдида вилоят ҳокими Эргаш Салиев ҳамда вилоят ҳокимининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи Азим Ахмедхаджаев билан биргаликда Жиззах вилоятида 2021-2023 йилларда амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари тақдимотини ўтказишганди.

Инвестиция лойиҳаларини шакллантиришда вилоятнинг барча соҳалари қамраб олган ҳолда, ўсиш нуқталари (драйверлари)дан келиб чиқиб шакллантирилди. Амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига, янги иш ўринлари яратилишига, экспорт ҳажмининг ошишига, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш хажми кенгайишига ва махаллий бюджетларга қўшимча тушумлар шаклланишида муҳим аҳамитяга эга.

Рақамларга эътибор қиладиган бўлсак, вилоятда 2021-2023 йилларда умумий қиймати 35,5 трлн. сўм бўлган 515 та инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши режалаштирилган, шундан, саноат соҳасида 25 трлн. сўмлик 157 та лойиҳалар фойдаланишга топширилиши натижасида 15 016 нафар, қишлоқ хўжалигида 9,3 трлн. сўмлик 189 та лойиҳалар фойдаланишга топширилиши натижасида 5 889 нафар ҳамда хизмат кўрсатишда 1,3 трлн. сўмлик 169 та лойиҳалар фойдаланишга топширилиши натижасида 2 048 та жами 22 593 таянги иш ўринлари яратилиши режалаштирилган.

Иқтисодий самарадорлик кўрсаткичлари бўйича 310,9 млн доллар экспорт қилиш имконияти пайдо бўлади, 263,7 млн долларлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришга эришилади, 2,6 трлн сўмлик бюджетга қўшимча тушумлар манбаси яратилади. Биргина 2021 йилнинг ўзида 12,5 трлн.сўмлик 444 таинвестиция лойиҳалари ишга туширилиши натижасида 11315 та янги иш ўринлари яратилади.

Мазкур лойиҳаларни шакллантиришда вилоятимизнинг ўсиш нуқталари (драйверлар) бўлган автомобил саноатида 3,4 млрд. сўмлик 3 та лойиҳа, қурилиш материаллари саноатида 18,1 трлн. сўмлик  59 та лойиҳа, текстил ва тўқимачилик саноатида 2,5 трлн. сўмлик 26 та лойиҳа, қишлоқ хўжалиги соҳасида 8,0 трлн. сўмлик 7 та лойиҳаларни ўз ичига олган.

Инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда хорижий инвестицияларнинг ўрни жуда ҳам муҳим ҳисобланади. Хусусан, 2017-2020 йилларда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштирилиш кўрсаткичлари босқичма-босқич ўсишга эришилган. Жумладан, 2017 йилда 21,4 млн доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция маблағлари ўзлаштирилган бўлса 2018 йилда 45,3 млн. доллар ўзлаштирилиб, 2017 йилга нисбатан 111,6 фоизга ўсишга эришилган.

Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев ташаббуслари билан Жиззах вилоятида илғор ҳудуд синов лойиҳаси амалга оширилиши натижасида 2019 йилда 367,9 млн. доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция маблағлари ўзлаштирилиб, 2018 йилга нисбатан 8 баробарга, 2017 йилга нисбатан эса 17 баробар ўсишга эришилган. 2020 йилда эса 566,4 млн. доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция маблағлари ўзлаштирилиб 2017 йилга нисбатан 26 баробар ўсишга эришилди.

Ушбу рақамлардан кўриниб турибдики, охирги 3 йилда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар миқдори сезиларли даражада ўсгани, Ўзбекистонни инвесторлар учун очилганини исботлаб турибди.

"ADM Jizzakh" МЧЖ томонидан Kia, Renault, Lada русумли автомобилларни ишлаб чиқаришни ташкил этишнинг 2-босқичини, (лойиҳанинг биринчи босқичи 2020 йилда 5 ой муддатда завод қуриб битказилиб ишга туширилди ва  260 нафар янги ишчи ўринлари яратилди), "Auto Motors Asia" МЧЖ томонидан кроссоверлар, юк автомобиллари ва  микроавтобуслар ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва “Жиззах Автомобил Заводи” МЧЖ томонидан "Wolksvagen" русумли автомобилларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилган.

Мазкур лойиҳалар тўлиқ ишга туширилиши натижасида 19,2 трлн. сўмлик маҳсулотлар, 237 млн. долларлик экспорт ва 2,5 трлн. сўмлик бюджет тушумлари яратилади.

Қурилиш материалларини ишлаб чиқариш тармоғида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари соҳада умумий қиймати 11,2 трлн. сўм бўлган 8 та йирик инвестиция лойиҳалари ишга туширилиши натижасида 2 365 таянги иш ўринлари яратилиши режалаштирилган.

Жумладан, Фориш туманидаги “Basalt Thermo” МЧЖ томонидан 66,9 млрд сўмлик базалт толаси ва ундан турли қурилиш материаллари ишлаб чиқариш лойиҳасида 205 нафар, Зафаробод туманида “Azamat biznes modern” томонидан 150 млн. долларлик цемент ишлаб чиқариш 200 нафар, Фориш туманида “Diabaz Kompozit” МЧЖ томонидан 75,5 млн. долларлик диабаз толасидан геосетка ва геотекстил ишлаб чиқариш лойиҳасида 100 нафар, Фориш туманида “Jizzakh Zaamin Cement” МЧЖ томонидан 21,9 млн. долларлик цемент ишлаб чиқариш лойиҳасида 70 нафар янги иш ўринлари яратилади.

Мазкур лойиҳалар тўлиқ ишга туширилиши натижасида 2,7 трлн. сўмлик маҳсулотлар, 30 млн. долларлик экспорт, 197 млн. долларлик импорт ўрнини босувчи маҳсулот ҳажмлари ва 115 млрд. сўмлик бюджетга тушумлар манбаси яратилади.

Қишлоқ хўжалигида умумий қиймати 2,7 трлн. сўм бўлган 2 та инвестиция лойиҳаларининг ишга туширилиши натижасида 245 млн. доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция маблағларини ўзлаштирилиб, 400 нафар янги иш ўринлари яратилади.

Жумладан, Бахмал туманида Италия давлати билан ҳамкорликда умумий қиймати 30,4 млн. долларлик “BMB Zafferano Co LTD” МЧЖ томонидан заъфарон (шафран) ўсимлигини етиштириш лойиҳаси ҳамда Фориш туманида Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) билан ҳамкорликда қиймати 218,0 млн. долларлик “Industrial Innovation Group” МЧЖ томонидан таркибида целлюлоза бўлган каноп ўсимлигини етиштириш ва чуқур қайта ишлаш лойиҳалари шулар жумласидандир.

Тўқимачилик ва текстил саноати йўналишида умумий 1,5 трлн. сўм бўлган 3 та инвестиция лойиҳаларининг ишга туширилиши натижасида 40,5 млн. доллар хорижий кредит маблағлари ўзлаштирилиб, 2 200 нафар янги иш ўринлари яратилади.

Жумладан, "Жиззах текстил" МЧЖ томонидан "Ш.Рашидов тўқимачилик комбинати"да замонавий тўқимачилик комплекси ташкил этиш, "Жиззах тоштепа текстил" МЧЖ томонидан калава ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва “Пахтакор текс” МЧЖ томонидан тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаларининг ишга туширилиши натижасида 43,7 млн. долларлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши, 35,5 млн. долларлик маҳсулотлар экспорти ва натижада 23,5 млрд. сўм маблағларни бюджетга тушумини амалга оширилишига эришилади.

Албатта ушбу рақамлар замирида, аҳолига муносиб турмуш шароитини яратиш, уларни иш билан таъминлаш ва шу асосида “темир дафтар”га киритилган оилаларни камабағалликдан чиқариш, ҳамда аёллар ва ёшларни иш билан таъминлашда энг катта дастак бўлиб хизмат қилади.

Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.