iPhone 14 хотираси рекорд кўрсаткичга кенгайтирилади

iPhone 14 хотираси рекорд кўрсаткичга кенгайтирилади

2022 йилнинг кузида тақдим этилиши кутилаётган айфон катта моделлари туркумининг оператив хотираси тарихий рекорд кўрсаткич — 8 гигабайтга кенгайтирилади. Шу тариқа «Apple» компаниясининг янги смартфонлари яқинда тақдим этилган Samsung Galaxy S22 моделларига тенглашиб олади.

Бу ҳақда «MacRumors» Жанубий Кореянинг «Naver» блогига асосланиб хабар берди. Инсайдерга кўра, iPhone 14 ни серияли чиқаришга ҳозирлик бошлаб юборилган.

Айфон оператив хотираси кенгайиши ҳақида ўтган йили «Haitong International Securities» таҳлилчиси Жефф Пу ҳам ёзганди.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирги iPhone 13 Pro ва 13 Pro Max 6 ГБ оператив хотирага эга.

iPhone 14 тақдимоти сентябрь ёки октябрда бўлиши кутиляпти. Айрим манбаларга кўра, «Apple» компанияси mini вариантидан воз кечиб, iPhone 14 Max смартфонларини ривожлантиришга зўр беради. Туркумда тўрт модел: 6,1 дюймли iPhone 14/14 Pro ва 6,7 дюймли iPhone 14 Max/14 Pro Max моделлари ўрин олиши кутилмоқда.

Оператив хотиралардан ташқари, iPhone 14 нинг барча моделларида ички хотира ҳам максимумга етказилиши кутиляпти: кичикларида — 512 ГБ дан 1 ТБ гача, катталарида — 2 ТБ гача.