2023 йилги солиқ ўзгаришлари: Кичик бизнесга енгилликлар берилади, ҚҚС пасаяди

2023 йилги солиқ ўзгаришлари: Кичик бизнесга енгилликлар берилади, ҚҚС пасаяди

Айланмаси 500 млн сўмгача бўлган тадбиркорлар ойига 1,6 млн сўм, айланмаси 1 миллиардгача бўлганлар ойига 2,5 млн сўм қатъий белгиланган солиқ тўлашга ўтади, дивиденд солиғидан озод бўлади, бухгалтерия ҳисобини юритмайди. ҚҚС 15 фоиздан 12 фоизга тушади.


Молия вазири Тимур Ишметов 2023 йилги давлат бюджетига оид қонун лойиҳасини парламентга тақдим этди. У ўз нутқида келаси йилги солиқ қонунчилиги бўйича ҳам маълумот берди.

Қўшилган қиймат солиғи ставкаси амалдаги 15 фоиздан 12 фоизгача пасайтирилади. Бунинг натижасида тадбиркорлар ихтиёрида қўшимча 13 трлн сўм айланма маблағ қолиши кутилмоқда. Шу билан бирга, 2023 йилда ушбу солиқ бўйича тушумлар жорий йилга нисбатан 16 триллион сўмга кўп бўлиши прогноз қилинмоқда.

Айланмадан олинадиган солиқнинг амалдаги 14 та фаолият тури бўйича 4 фоиздан 25 фоизгача белгиланган ставкалари унификация қилиниб, ягона 4 фоиз этиб белгиланмоқда. Бунда, ҳудуд ва фаолият турига қараб, 1 фоиздан 3 фоизгача белгиланган пасайтирилган ставкалар сақлаб қолинади.

Товар айланмаси 500 млн сўмгача бўлган тадбиркорлар учун йилига 20 млн сўм, айланмаси 500 млн сўмдан юқори бўлганлар учун 30 миллион сўм миқдорида қатъий белгиланган солиқни ҳар ойда тенг улушларда тўлаш ҳуқуқи берилмоқда. Бу солиқ тўловчилар бухгалтерия ҳисобини юритишдан ҳамда фойдасидан тўланадиган дивиденд солиғидан озод этилади.

Товар айланмаси 1 миллиард сўмдан ошган кичик бизнес тоифасига кирувчи тадбиркорлар учун 1 йил давомида фойда солиғи ставкаси 2 бараварга пасайтирилади.

Маҳаллий бюджет даромадлари барқарорлигини таъминлаш учун қатъий белгиланган солиқ ставкалари ва базалари инфляция доирасида ёки 10 фоизга индексация қилиниши назарда тутилган. Бунда акциз солиғи ставкалари индексацияси 2023 йил 1 февралдан рўй бериши кўзда тутилган.

2023 йилда фойда солиғининг базавий ставкаси 15 фоиз, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи 12 фоиз, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкаси 1,5 фоиз миқдорида ўзгаришсиз сақлаб қолинмоқда.

2023 йил 1 апрелдан бошлаб бюджет маблағлари ҳисобидан кўрсатиладиган бир қатор хизматлар бўйича ҚҚСдан имтиёзлар бекор қилинади. Бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан берилган солиқ ва божхона имтиёзларининг муддатлари тугаши ҳам бюджет даромадларида инобатга олинган.

Молия вазирига кўра, солиқ ва божхона маъмурчилигини такомиллаштириш ҳисобига 9 триллион 200 миллиард сўм қўшимча режа бюджет даромадларида кўзда тутилган.

Умуман, давлат бюджети даромадлари 2023 йилда 232 триллион 600 миллиард сўм миқдорида режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, Тимур Ишметов санаб ўтган солиқ ўзгаришларини 22 август куни президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан учрашувида анонслаган эди.