Яна бир неча кундан сўнг барча таълим муассасаларида, хусусан ўрта мактабларда янги ўқув йили бошланади. Янги ўқув йили олдидан вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Дилфуза Садриддинова Sangzor.uz сайтига жорий ўқув йилида амалга ошириладиган ишлар тўғрисида интервью берди. Хабарингиз бор ўтган ойда молия вазирлиги томонидан ўтказилган текширувлар натижасида республикадаги айрим таълим муассасаларида бюджет маблағларининг ноқонуний сарфланганлиги юзасидан тарқатилган хабарлар кенг жамоатчилик орасида ўзига хос резонанс берди. Бу хабарнинг айни бир жиҳати бугунги кунда вилоят халқ таълими бошқармасига раҳбарлик қилаётган ва кўп йиллар Жиззах шаҳридаги 22- ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби директори бўлган Д.Садриддиновага ҳам бориб тақалади. Суҳбат давомида ушбу мавзуга ҳам ойдинлик киритиб ўтилди. Демак, Д.Садриддинова билан суҳбатимиз қуйидагича ўтди.
Савол: Жиззах вилоят ХТБга раҳбар бўлганингизга ҳали кўп бўлмади. Ўтган давр мобайнида бу янгиликни кўпчилик жуда яхши кутиб олди. Вилоят халқ таълими ҳақиқий ўз касбининг фидоийси қўлига топширилди деб гапирганлар ҳам бўлди. Айтингчи жорий йилда вилоятда таълим тизимида қандай янгиликлар жорий этилади?
–Дарҳақиқат, Жиззах вилояти Халқ таълими бошқармасига раҳбар этиб тайинланганимга роппа-роса 2 ой бўлди. Ҳа, табриклар, ижтимоий тармоқларда фикрлар, Сиз айтгандай самимий ва позитив руҳда бўлиб, Жиззах вилояти ўқитувчилари, хусусан ўқувчи-битирувчилар умуман олганда кенг омма жуда қизғин кутиб олишди. Бу эса ўз навбатида менинг янада масъулиятимни борган сари ошириб бормоқда. Ҳа, тўғри мен “мактаб директори” вазифасидан тўппа-тўғри ушбу лавозимга тайинландим. Аммо 25 йиллик педагогик стажим ва 16 йиллик раҳбарлик тажрибам бугун таълимдаги муаммоларни ва ушбу муаммоларнинг ечимидаги ислоҳотларни англай оладиган ҳаётий тажрибага эгаман деб ўйлайман. Шу билан бирга тажрибали устозлар ҳар соҳада менга кўмак бераётгани, маслакдош бўлаётгани вилоятимизда таълим тизимини ривожлантиришга, алоҳида “Жиззах таълим имижини” яратишда ўз ҳиссаларини қўшаётганлари қувонарли. Вилоятимиз таълим тизимини ривожлантириш борасида бугунги кунда қисқа вақтда бўлсада бир қатор лойиҳаларни амалга оширишга эришдик деб ўйлайман. Жумладан, умумий ўрта таълим мактабларида таълим сифатини ошириш, уларни ривожлантириш, мактабда маънавий-соғлом муҳитни яхшилаш мақсадида “Устоз-шогирд” тамойилида “Progress” ривожлантириш клуби лойиҳаси ишлаб чиқилди ва амалиётга жорий этилди. Вилоятимизда мавжуд 542 та мактаблар туманлар кесимида 3 тоифада таҳлил этилди, яъни “Юқори ривожланган” мактаблар, “Ўртача ривожланган” мактаблар ва “Паст рентабелли” мактаблар.
Таҳлилларга кўра, 542 та мактабларимиздан 144 та мактаб илғор, 270 мактаб ўртача фаолият кўрсатадиган ва 131 та мактаб ёрдамга муҳтож деб топилди. Ушбу ҳолатлар аниқлангач, клубнинг Низоми ишлаб чиқилиб, илғор - юқори кўрсатгичларда фаолият кўрсатаётган мактабларга паст натижаларда ҳаракатланаётган мактаблар раҳбарларини бириктириш, ушбу мактабда “устоз-шогирд” тамойилида аниқ ўрганиши ва ўргатиши лозим бўлган вазифалар белгиланди ва амалиётга йўналтирилди.
Вилоят халқ таълими тизимида муаммолардан яна бири ариза ва шикоятларнинг кескин кўпайгани, аксарият ариза ва шикоятлар мактаб раҳбарларининг ножўя хатти-ҳаракатлари, ота-оналар ва педагогларнинг ўртасидаги субординация бузилганлиги натижасида юзага келганлиги аниқланди. Буларни бартараф этиш борасида, “Жиззах-таълим, адолат ва ишонч” телеграм боти очилиб, унга вилоятдаги барча ота-оналар ва ўқитувчи педагогларни аъзо қилиш ва тарғибот ишлари бошланди. Ботга тушган мурожаатлар жойларда ўрганилиб, ижобий натижаларга эришилмоқда. Натижада, 2 ойлик таҳлилларга кўра, жисмоний шахсларнинг томонидан жорий йилнинг июль ойида жами 66 та турли кўринишдаги мурожаатлар қайд этилган бўлса, август ойида бу мурожаатлар 32 тани ташкил этди.
Шунингдек, Жиззах вилояти халқ таълими бошқармасининг ўзида “Progress” ривожлантириш лаборатория Маркази ташкил этилди. Унга алоҳида хона ажратилиб, 20 дона замонавий компьютер техникалари ва ўқувлар ташкил этиш учун мўлжалланган лаборатория жиҳозланди. Марказ онлайн кузатув ва масофавий ўқитишга мўлжалланган бўлиб, Марказнинг мақсад ва вазифалари раҳбар кадрлар фаолиятини прогнозлаштириш, малакасини ошириш, заҳира кадрлар банкини яратишдан иборат. Бугунги кунда 542 та умумий ўрта таълим мактаб директорлари лабораториядан ўтказилиб, аниқланган бўшлиқлар юзасидан шу марказнинг ўзида ўқувлар ташкил этилди. Бу лаборатория марказимиз тизимли равишда ишлаши таъминланади. Марказ иши раҳбар ва педагог ходимларнинг бугунги кунда таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларни амалда жорий этиш йўллари, таълим муассасаларидаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш кўникмаларини шакллантириш, энг аввало таълим сифати ва самарадорлигини оширишга қаратилгандир. Марказга тажрибали, ҳозирги кунда нафақадаги фахрий устозимиз Саидаҳмад Мирзабеков раҳбарлик қилмоқда. Шунингдек, жорий йилнинг сентябрь ойидан бошлаб, ушбу марказ қошида чекка ҳудудларда фаолият кўрсатаётган педагогларга методик хизмат кўрсатиш тизими жорий этилиши режалаштирилган.
Савол: Яқинда кўплаб интернет сайтларида халқ таълими муассасаларида, хусусан сиз раҳбарлик қилган Жиззах шаҳридаги 22-мактабда бюджет маблағларининг сарфланиши бўйича камомадлар аниқланганлиги юзасида хабарлар тарқалди. Айтингчи асл вазият қанақа? Ҳақиқатдан ҳам шундай бўлганми?
Д.Садриддинова: - Интернет тармоқларида хусусан, молия вазирлигининг маълумоти Kun.uz сайтида эълон қилингач, негадир кўплаб интернет тармоғининг фаол иштирокчилари 22-мактабни муҳокама этишга тушиб кетишди. Жиззах шаҳар халқ таълими бўлими қошидаги марказлашган бухгалтерия Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Давлат молиявий назорати бош бошқармаси томонидан текширилди. Текшириш натижаларига кўра нафақат 22-мактабда, балки Жиззах шаҳридаги 4-сонли мактабда 780 миллион сўм, 20–мактабда 250 миллион сўм бюджет маблағларининг асоссиз, ортиқча ва нотўғри тўланганлиги аниқланган эди. Ушбу маблағлар мактаблар ҳисобчилари томонидан ишдан бўшаб кетган, буйруқ билан расмийлаштирилмаган, табелларда қайд этилмаган ва тарификациядан ўтказилмаган ходимларга ЎзАСБО дастурида тўланиб, ҳисобчилар қўлидаги пластик карталарга ўтказиб, ўзлаштирилган. Ҳозирда бу борада “Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти”нинг Жиззах вилояти бошқармаси томонидан текширувлар олиб борилмоқда. Аммо энг қизиғи, юқорида зикр этилган мактаблар ҳеч қаерда муҳокама этилмади. Лекин менинг бошқармага бошлиқ этиб тайинланишим даврида бундай гап сўзлар ҳам йўқ эди. Энди эса, қўштирноқ ичидаги “Айрим шахслар”га буни воқеийлик “қурол” қилиниб, бўҳтон ва туҳматлар уюштирилаётганлигини қандай баҳолаш мумкин?
Мактаб раҳбарларининг фақат таълим сифати ва мазмуни билан, кадрлар салоҳияти билан шуғулланиши учун енгиллик яратиш мақсадида мактаблардаги ҳисобхоналар ёпилиб, шаҳар ва туман халқ таълими бўлимлари қошида марказлашган ҳисобхоналар очилган эди. Уларнинг назорати шаҳар ва туман халқ таълими бўлимлари мудирларига юклатилган. Бу борада тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг баёноти чиқмасдан, айнан вилоятдаги энг намунали мактаблардан бири булган 22-мактабни, у орқали кечагина тайинланган янги раҳбарга “мағзава” ағдаришга уриниш ҳолати содир бўлганини нохолислик деб баҳолаган бўламан. Ваҳоланки мактабда раҳбарлик қилган вақтимда бу маблағларнинг сарфланишига умуман аралашишишимнинг имкони бўлмаган.
Мен, Жиззах вилояти халқ таълими бошқармаси тарихида иккинчи аёл раҳбарман. Аёл ва раҳбар сифатида мени обрўсизлантиришга, қадр қимматимни ерга уришга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ деб ўйлайман. Муҳтарам Президентимиз 2019 йил 23 август кунги видеоселекторида улуғ маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Дунё иморатлари ичида энг улуғи мактабдир” деган фикрини алоҳида таъкидлаб ўтдилар. Шундай экан улуғ масканни ноҳақдан қоралашни фақат ноинсофлик деб ҳисоблайман.
Савол: Жорий йилда халқ таълими муассасаларида бундай камомадлар юзага келмаслиги учун қандай чоралар кўрилади?
Д.Садриддинова: - Албатта, вилоятимиздаги барча марказлашган бухгалтерия бўлимларининг фаолияти тафтишдан ўтказилиш билан бирга, мудирларнинг, мактаб раҳбарларининг назорат қилиш механизмлари кучайтирилади.
Савол: Жиззах вилоятида халқ таълими тизимида илғор педагогик тажрибаларни оммалаштириш бугун долзарб вазифа? Айнан сиз кўп йиллар раҳбарлик қилган 22-ИДУМнинг қандай иш услублари бошқа муассасаларда ҳам жорий этилади?
Д.Садриддинова: - Жуда куп методалогиялар бўйича ишлаймиз, ҳозирча иккитасини айтишим мумкин. Биринчиси, болаларимизнинг иқтидорини аниқлаш ва уни юксаклаштириш, илмий-амалий ёндашув билан болаларимизни билимга-илмга қизиқтириш. Халқ таълими бошқармаси қошида “Интелектуал келажак” болалар академиясини ташкил этиш режалаштирилган. Иккинчидан, вилоят таълим тизимига хорижий тажрибаларни киритиш, ҳозирда Германиядаги энг нуфузли гимназиялар билан ҳамкорлик учун музокаралар олиб борилмоқда. Хорижда фаолият юритаётган энг тажрибали ўқитувчиларни айнан вилоятимизга ишлашга таклиф этмоқдамиз. Инновацион таълимга кириш учун соғлом рақобатни кучайтиришимиз керак. Бу борадаги режаларимизни босқичма-босқич амалга оширамиз.
Савол: Яна нималарни айтмоқчисиз?
Д.Садриддинова: - Муҳтарам Президентимизнинг 23 август кунги видеоселекторида қуйидагилар таъкидланди, яъни мактабни ўзгартирмасдан туриб, одамни, жамиятни ўзгартириб бўлмайди.
Таълим тарбиянинг асоси, пойдевори бу-мактаб. Мактабни мактаб қиладиган куч эса ўқитувчилардир. “Мактаб бу ҳаёт-мамот масаласи, КЕЛАЖАК масаласи”. Биз шу мактабда шундай келажакни тарбия қилайликки, токи улар интелектуал билимли, креатив ва танқидий фикрловчи, қатъий позицияга эга бўлиш билан бир қаторда, маданиятли-маърифатли, онгу-шуури илм билан йўғрилган, Она-Ватан, ватанпарварликни юракдан ҳис эта оладиган, камтар, самимий, садоқатли, адолатли бўлишсин!
Дилфуза опа самимий суҳбат учун ташаккур билдирамиз. Албатта вилоят халқ таълими тизими Сиз каби фидойи раҳбарлар қўл остида юксак марраларни забт этишига ишонамиз.
Суҳбат Sangzor.uz сайти бош муҳаррири Ҳ.Фозилов томонидан тайёрланди