Энди солиқни уйда тўлайсиз

Улашиш:

Жорий йилнинг 1 январидан бошлаб амалга киритилган  Солиқ кодексида жисмоний шахслардан ундириладиган солиқларнинг икки муддатда – 15 апрель ва 15 октябрда тўланиши белгиланган. Биринчи муддатда белгиланган йиллик солиқнинг 50 фоизини тўлашига рухсат берилган.  Бунга қадар ер ва мулк солиғини тўлаш муддати 15 октябрь бўлиб, айни шу куни солиқ идораларида фуқароларнинг узун навбати ҳосил бўлар, қўшимча равишда банк кассирлари хизматидан фойдаланиш йўлга қўйиларди.

Албатта, солиқ тўловини  сўнгги муддатгача тақаб олиб бориш виждонли солиқ тўловчига хос эмас. Аммо тизимга рақамли технологияларни жалб этиш орқали ҳам солиқ маданиятини шакллантиришга ёрдамлашиш, энг муҳими фуқароларнинг ортиқча зўриқишсиз солиқ мажбуриятларини бажаришига эришиш мумкин. Рақамли иқтисодиёт занжирида Давлат солиқ хизматининг улуши қандай деган жавобга САЙТ – “солиқларни ақлли йиғиш тизими” жуда мақбул жавоб бўла олади.

Жорий йилнинг март ойидан  бошлаб Жиззах вилоят давлат солиқ хизмати тизимида “САЙТ” дастурланган терминал қурилмасидан фойдаланишга ўтилади. Бунинг учун 80 нафар солиқ инспектори “САЙТ” дастурланган терминал қурилмаси билан таъминланади. Хўш, мазкур қурилманинг  имконият ва афзалликлари нимада?  

тўловларни қабул қилишнинг жараёни тезлашади яъни нақд ва пластик кўринишдаги тури мавжудлиги;

худудга бириктирилган ходимнинг назорати яъни навигация тизими орқали қарздор солиқ тўловчининг аниқ манзилига йўналтириш дастурининг мавжудлиги;

диспетчер дастурий тизимининг ишлаши жараёнида давлат солиқ хизмати органлари ходимининг кунлик амалга оширган операциялари назорати мавжудлиги;

200 га яқин солиқ тўловчи тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олиши ижобий жиҳатлардан бири ҳисобланади.

Хужжатсиз  фаолият  юритаётганларни  аниқлангандан бошлаб охиригача  назорат  механизми  шаклланади. Бу  ва бошқа омиллар барчаси бюджетга қўшимча маблағ  тушишига олиб келади.

Маълумки, амалда ҳар бир солиқ инспектори терминал билан таъминланган бўлиб, тўловларни нақд пулда қабул қилишга рухсат йўқ эди. Нақд пулдаги тўловлар фақат банк орқали қабул қилиниб, бу ҳам фуқаронинг алоҳида вақт ажратиб, маълум масофадаги банкка боришига тўғри келар эди. “САЙТ” қурилмаси бўлганида тўловларни нақд пулда ҳам қабул қилишга имкон туғилади. Ҳозирги кунда аҳолидан ҳисобланган мол-мулк ва ер солиқларини ўз вақтида ундириб олиш ва маҳаллий бюджетга ўтказиш борасида,  замонавий ахборот технологияси ютуқларини амалиётга жорий этган ҳолда Республикамизнинг Наманган вилоятида “САЙТ” яъни, Солиқларни ақлли йиғиш тизими дастури синов тариқасида ишлатиб кўрилди ва ўз ижобий натижасини берди. Синов натижасида бу тизим ўзининг бир қанча афзалликларини кўрсатди.

Демак, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йўналишида амалга ошаётган ушбу лойиҳа орқали солиқ тушумларини таъминлашда инспектор фаолиятини автоматлаштириш, солиқ тушумлари бўйича нақд пул маблағларининг банкка ўз вақтида тушишини таъминлаш, реал вақт режимида ихтиёрий дислокацияда қарздор мижозларни аниқлаш имкони етарлича таъминланади. Шу билан бирга инспектор ишининг унумдорлигини ошириш, солиқ тўловчиларнинг оворагарчилигини камайтириш, солиқ тушумини қабул қилишда соатлик назоратни йўлга қўйиш орқали  ноқонуний хатти-ҳаракатларнинг олдини олишга эришилади. Маълумот ўрнида шуни таъкидлаш лозимки 2019 йилда аҳолидан ундирилган мол-мулк ва ер солиғидан 48,3 млрд.сўм режа кўрсаткич 59,3 млрд.сўмга яъни 11,0 млрд.сўм қўшимча маблағ маҳаллий бюджетга тушиши таъминланган бўлиб, “САЙТ” тизими дастури вилоятимизда амалиётга жорий этилса, солиқларни йиғишда инсон омили камайтирилиб, маҳаллий бюджетга яна қўшимча маблағлар тушиши таъминланади.

 

Муҳаммад ТУРСУНМУРАТОВ,

Жиззах вилоят Давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.