Рақамли иқтисодиёт - солиқ тизимида

Улашиш:

Нега интернет дўконлар борган сари ривожланмоқда? Ахир биз бозорга бориб, кийимларни ушлаб, кийиб кўриб, чокларини текшириб олишни яхши кўрар эдик-ку? Ёки пластик карта орқали тўлов қилишга ўтиб, оғиримиз анча енгил бўлиб қолганидан ҳам кўз юммаймиз. Хуллас, 2020 йилдан бошлаб келгуси беш йилда юртимизда рақамли иқтисодиётни ривожлантиришга катта эътибор қаратилиши бежиз эмас.

 Атрофимизда рақамли иқтисодиётнинг амалда эканига мисоллар кўп. Ойлик маошимиз пластик картага тушади, интернет дўконлар каналига профилимизни  ўзимиздан сўрамасдан ҳам қўшиб қўйишади ёки Тошкентдаги талаба фарзандингизга шундоққина пластикдан пул юбориб қўяверасиз. (Пластик карталарнинг электрон функциясини такомиллашгунича уч босқичдан ўтганини эсланг.) Давлат хизматларидан электрон тарзда фойдаланишни айтмайсизми? Айнан электрон шаклдаги мурожаатларга анъанавий тарздагига нисбатан камроқ давлат божи тўлаш белгиланган. 2019 йилда Давлат солиқ қўмитасига мурожаатларнинг ярмидан кўпи электрон тарзда юборилган. Хуллас, рақамли иқтисодиёт китобни электрон ўқишдек мусбат ва манфий жиҳатларга эга эмас, балки маблағ ва вақт тежамкорлигига сабаб бўлувчи қулай тизимдир.

Рақамли иқтисодиёт  бу иқтисодий, ижтимоий ва маданий алоқаларда рақамли технологияларни қўллаш асосида амалга ошириш тизимидир. Бу термин биринчи бўлиб, 1995 йилда америкалик дастурчи Николас Негропонте томонидан амалиётга киритилган. Уни йўқдан бор қилиш шарт эмас, балки янги технологиялар, платформалар ва бизнес моделларини яратиш, уларни кундалик ҳаётга жорий этиш орқали мавжуд иқтисодиётни янгича тизимга кўчириш кифоя. 

Рақамли иқтисодиётга ўтиш қандай қулайликлар беради? Энг аввало хуфёна иқтисодиётга чек қўйилади. Транзакциялар рақамли шаклда амалга оширилганда уларни бошқариш осон бўлади. Харидор ва сотувчи ўртасидаги ҳар қандай тўловлар расмийлаштирилади. Шу йўл билан ғайриқонуний транзакцияга чек қўйилади. Нақд пул шаклидаги транзакцияларни чеклаган ҳамда фақатгина электрон тўловларни амалга оширган ҳолда хуфёна иқтисодиётга барҳам берилиши мумкин. Бундай тўловлар ўз навбатида, солиқ тушумларининг ортишига олиб келади. Чунки рақамли шаклда амалга оширилган ҳар бир транзакция қайд этиб борилади.

Рақамли иқтисодиётни фақатгина товарлар ва хизматлар билан чеклай олмаймиз. Электрон ҳужжат алмашинуви, бухгалтерлик ва бошқарув тизимларининг электрон интеграциялашуви, CRM (мижозлар билан ўзаро муносабат тизими) мавжудлиги ҳам унинг белгиларидан биридир. Жорий йилнинг 1 январидан амалга киритилган республикамизнинг янги Солиқ кодексида ҳам бундан буён бухгалтерлик ҳисоб-китоблари электрон ҳисоб-фактуралар орқали қабул қилиниши белгилаб қўйилган. Шу  йилнинг 1 апрелидан бошлаб барча турдаги ҳисоб-китоблар айнан электрон тарзда қабул қилинади. Жумладан, 2020 йил 1 январдан бошлаб товарларни (хизматларни) сотишда хўжалик юритувчи субъектлар ҳисобварақ-фактураларни электрон шаклда тақдим этиши ва қабул қилиши шарт.

Бундай тартиб онлайн касса аппаратларидан фойдаланишда ҳам қўлланилади. Бу турдаги касса аппаратлари савдо нуқтаси ва солиқ идораси ўртасидаги интеграциялашган тизим орқали транзакцияни қайд этиб боради. Натижада “ақлли” касса аппарати орқали қайд этиб борилган барча операцияларни онлайн кузатиш имкони яратилади.

Президентимиз бу йилги Олий Мажлисга Мурожаатномасида рақамли иқтисодиётнинг афзалликлари ҳақида сўз юритиб, жумладан шундай деди: “Рақамли технологиялар нафақат маҳсулотлар ва хизматлар сифатини оширади, ортиқча харажатларни камайтиради. Шу билан бирга мени жуда қаттиқ ташвишга соладиган ва безовта қиладиган энг оғир иллат – коррупция балосини йўқотишда ҳам улар самарали воситадир”. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан рақамли иқтисодиётга фаол ўтиш келгуси 5 йилдаги энг устувор вазифалардан бири деб эълон қилинди.

  Жорий йилдан бошлаб давлат солиқ хизматида рақамли иқтисодиётни босқичма-босқич жорий этиш орқали солиқ тўловчилар учун жуда катта қулайликлар яратилади. my.soliq.uz сайтида ҳар бир солиқ тўловчининг электрон тарзда ўз шахсий кабинетидан солиқ маълумотларидан хабардор бўлиш имкони мавжуд. Шунингдек, жорий йилнинг март ойидан бошлаб вилоятимизда САЙТ – “солиқларни ақлли йиғиш тизими“ дастури ишга туширилади.  Рақамли иқтисодиёт ривожи мамлакатимиз тараққиётининг  янги босқичига поғона бўлса, Давлат солиқ хизмати идоралари виждонли солиқ тўловчи билан шу усулда ҳамкорлик қилишга ҳам тайёр. 

 

Муқаддас САПАРОВА,

вилоят Давлат солиқ бошқармаси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси раҳбари

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.