Пойтахтимиз Ўзбекистон пойтахтига ўхшасин-да!

Улашиш:

Бир хушхабарни эшитиб, бугун кўнглим анча ёришди. Шу кунларга ўлмай етганимга Аллоҳга шукрлар айтиб юбордим.

Эшитишимча, пойтахт кўчаларида ачиб-бижиб ётган ўрисча ёрлиқ ва ёзувлар ечиб ташланяпти экан.

Тўғри-да, шаҳримиз кўчаларининг ўнгу сўлида асосан ўрис тилида битилган ёзувлар учрайди, давлат тилидан, она тилимизнинг чексиз бойлигидан кенг фойдаланиш масаласига эътиборсизлик яққол кўзга ташланади.

Четдан қаралса, бу масалада Тошкент Россия пойтахти Москвадан сал бўлса ҳам фарқ қилмай қолган, Тошкент том маънода она Ватанимиз Ўзбекистоннинг пойтахтига ўхшамай қолган эди. Давлат тили бўлмиш ўзбек тили шаҳар кўчаларининг кўркига кўрк қўшиб бориши шу юрт фуқароларига жуда керак. Зеро, тил – миллат руҳидир. Миллат руҳи, яъни сизу бизнинг руҳимиз эса ҳамиша тетик бўлиши керак, шундай эмасми?

Шундай экан, пойтахтимиз кўчаларида давлат тили устувор бўлишини, оммавий фойдаланиш объектларида эса ўрис тили эмас, халқаро тиллардан бири саналмиш инглиз тили қўлланишини таъминлаш масаласи жуда жиддий масаладир.

Кўчаларимиздаги ўрисча ёрлиқ ва ёзувларни ечиб ташлашга қарор қилган республика ва пойтахт раҳбариятига ўз миннатдорлигимизни изҳор этамиз.

Шокир Долимов
2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.