Коррупция – тараққиётга таҳдид

Улашиш:

Transparency International халқаро ноҳукумат ташкилотининг йил бошида эълон қилган статистикасига кўра, жаҳондаги мамлакатларнинг ярмидан кўпида коррупция бўйича ҳолат жуда аянчли аҳволда. Ташкилот маълумотларига кўра, сўнгги бир неча йил давомида умумий аҳвол яхшиланмаяпти, коррупция замонавий дунёнинг тараққиёти йўлида катта ғов бўлиб турибди.

Коррупция нима?

Кўпчилик коррупция сўзини тор маънода, яъни, мансабдор шахсларнинг ўз мансаб мавқеидан шахсий манфаатлари йўлида фойдаланиб содир этишадиган порахўрлик билан боғлиқ қилмишларини тушунишади.

Бироқ бу тушунчанинг моҳиятини тўлақонли англаш имконини бермайди. Коррупция сўзи асли лотинча “corruptio” сўзидан олинган бўлиб, “эврилиш”, “бузилиш” деган маъноларни англатади. Миллий қонунчилигимизда, жумладан, Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни 3-моддасида, коррупцияга қуйидагича таъриф берилган.

Коррупция — шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш.

Коррупция чегара билмайди!

“Коррупция – бу жамиятни турли йўллар билан исканжага оладиган даҳшатли иллатдир. У демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказади, инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келади, бозорлар фаолиятига тўсқинлик қилади, ҳаёт  сифатини ёмонлаштиради ва одамлар хавфсизлигига таҳдид соладиган уюшган жиноятчилик, терроризм ва бошқа ҳодисалар илдиз отиб, гуллаши учун шароит яратиб беради”, дейилади БМТнинг “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида”ги Конвенциясида.

Унга қарши курашишни жаҳон талаблари асосида ташкил этиш мақсадида мамлакатимизда 2008 йилда БМТнинг 2003 йил 13 октябрдаги “Коррупцияга қарши” Конвенцияси ратификация қилинди.

Шунингдек, “БМТнинг “Коррупцияга қарши” конвенциясига Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди.

Бундан ташқари, 2010 йил март ойида Ўзбекистон Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти доирасида қабул қилинган коррупцияга қарши курашнинг Истанбул режасига (2003 йил 10 сентябрь) қўшилди.

2017 йил 3 январда ЎРҚ-419-сон Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилингани бу йўлда муҳим қадам бўлди.

Орадан ҳеч қанча ўтмай, 2017 йил 2 февралда Президентнинг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2752-сон қарори эълон қилиниб, унда 2017-2018 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат Дастури, Коррупцияга қарши курашиш бўйича идоралараро комиссия таркиби ва Низоми тасдиқланди.

Коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни бевосита амалга оширувчи давлат органлари қуйидагилардан иборат:

Бош прокуратура;

Давлат хавфсизлик хизмати;

Ички ишлар вазирлиги;

Адлия вазирлиги;

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.

Давлат органларининг ходимлари уларни коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этишга кўндириш мақсадида бирор-бир шахс ўзларига мурожаат этганлигига доир барча ҳоллар тўғрисида, шунингдек давлат органларининг бошқа ходимлари томонидан содир этилган шунга ўхшаш ҳуқуқбузарликларнинг ўзларига маълум бўлиб қолган ҳар қандай фактлари ҳақида ўз раҳбарини ёхуд ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни хабардор этиши шарт.

Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот бераётган шахслар давлат ҳимоясида бўлади.

Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар натижасида қабул қилинган қарорлар ваколатли давлат органи, бошқа ташкилот ёки мансабдор шахс томонидан бекор қилиниши ёхуд ўзгартирилиши ёки суд тартибида ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Қонунда белгилаб берилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда Адлия вазирлиги ўз ваколати доирасида коррупцияга қарши жадал курашмоқда. Хусусан, қонун ҳужжатларининг антикоррупцион экспертизаси янада такомиллаштирилди.

Қандай турлари бор?

Олиб борилган илмий изланишларга қараганда, коррупция ривожланган жамиятларда унинг қуйидаги турлари тез-тез учрайди:

Маиший коррупция, асосан мансабдор шахслар ва давлат хизматчиларининг кундалик иш фаолиятида фуқаролар билан муносабатларида манфаатлар тўқнашади;

Ишбилармонлик коррупцияси, бу ҳокимият вакилларининг тадбиркорлик субъект (бизнесмен)лари билан муносабатларида учрайди; 

Олий ҳокимият органлари коррупцияси, бу демократик жамиятларда сиёсий ҳукмрон доиралар ҳамда одил судлов тизими фаолиятида кўзга ташланади.

Қандай салбий оқибатларни келтириб чиқаради?

Юқоридагилардан келиб чиқиб коррупциянинг давлатга ва жамиятга етказадиган қуйидаги зарарларини санаб ўтиш мумкин:

биринчидан, инсоният ҳаётида ҳал қилувчи аҳамият касб этадиган – демократия ва демократик институтларнинг мустаҳкамланишига салбий таъсир қилади, яъни уларга жиддий путур етказади.

иккинчидан, жамият тараққиёти учун энг муҳим омил – тинчлик, осойишталик, адолат, қонун устуворлиги каби ижтимоий-ҳуқуқий қадриятларнинг бузилишига олиб келади ва кенг жамоатчиликда уларнинг мавжудлиги тўғрисидаги ишончни сўндиради.

учинчидан, бозор иқтисодиёти қонуниятларининг бузилиши, соғлом рақобатнинг бозордан сиқиб чиқарилиши, яширин иқтисоднинг пайдо бўлиши ва ривожланишига замин яратади.

тўртинчидан, жамиятда носоғлом ижтимоий-маънавий муҳитнинг шаклланишига сабаб бўлиб, демократик давлатнинг энг муҳим ҳуқуқий принципларининг бузилишига олиб келади. Ва бундай салбий оқибатларнинг яна қанчасини санаб ўтиш мумкин.

Қандай жавобгарлик бор?

Амалдаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга мувофиқ, давлат хизматчисининг қонунга хилоф равишда моддий қимматликлар олиши ёки мулкий манфаатдор бўлиши ҳамда давлат хизматчисини пора эвазига оғдириб олиш энг кам иш ҳақининг ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Жиноят кодексида пора олганлик, пора берганлик ва пора олиш-беришда воситачилик қилганлик учун жиноий жазолар белгиланган:

Хусусан, пора олиш, пора бериш ва пора олиш-беришда воситачилик қилиш тегишли ҳолатлар мавжуд бўлганида ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Коррупцияга қарши курашда бундай жазолар мавжудлигининг ўзи етарли эмас. Бу борада жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш лозим. Яъни пора олган, берган ёки воситачилик қилган ҳар бир шахс жавобгарликка тортилиши шарт.

Хитойда пора учун бир умрлик қамоқ ёки ўлим жазоси жорий этилган. Маълумотларга кўра, 2003 йилдан бери бу давлатда 10 мингга яқин мансабдор отувга ҳукм қилинган, 120 минг нафари эса узоқ муддатларга қамалган. Айрим ҳолатларда пора билан ушланган амалдорларнинг қўллари чопилган.

Бундан ташқари, хитойликлар пора олиш иллатига қарши курашиш бўйича махсус курсларга қатнашади. Давлат хизматчилари руҳий ва жисмоний машқлар орқали ақл ва таналарини соғломлаштиришади. Шунингдек, Хитойда онлайн-ўйин ишлаб чиқилган бўлиб, бу ўйинда фойдаланувчилар порахўр амалдорларни бутун қариндошлари билан қириб ташлашлари керак бўлади.

 

Шухрат Муллажонов,
Жиззах вилоят суди судьяси

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.