Дилафрўз: мен тинимсиз меҳнат қиламан

Улашиш:


 

Укам бир ёшли қизчасига ақиқа қилаётганлигини эшитиб, жиянчамга совға олиш учун бозор оралаб, бир неча дўконларни айланиб чиқдим. Лекин ўша вақтлари айнан чақалоқлар ва бир ёки икки ёшли болаларга кийимчалар  топиш бироз қийинроқ эди. Кўп магазинларни кириб кўрдим, ҳеч бирида бир ёшли болаларга тўғри келадиган яхши кийимчалар йўқ эди. Кетган вақтимга ачиндим. Шунда ўйлаб қолдим, шу нарсаларни ўзим тикиб, ишлаб чиқарсам бўлмасмикан. Тикиш қўлимдан келса, фақат ишни нимадан ва қандай бошлаш керак деган ўй-фикрлар ўтди. Ушбу ўй-хаёллар то ишни бошлаб олгунимга қадар менга кеча-ю кундуз тинчлик бермади. Бу ҳаловатсизлик менга жуда кўп машаққат олиб келди. Янги иш бошлаш одамни озгина қўрқувга солиши билан бирга пухта ўйланган режаларни ҳам талаб қилади.

 

Ишни бешикка ёпинчиқлар тикиш билан бошладим. Кечалар ухламай тика бошладим, ҳатто тикув машинасининг устига бошимни қўйиб, уйқусираб тиккан пайтларимда юзимга машинанинг ип ўтказадиган жойнинг излари тушиб қоларди. Баъзида жуда толиқиб, чарчагандан қўлимни машинада тикворган вақтларим ҳам бўлган. Бир томондан фарзандларим ҳам ёш эди. Қайнота ва қайнонамга қараш ҳамда рўзғор ишларига ҳам улгуришим керак бўлган. Лекин ҳамма машаққатларга бардошли бўлиб ҳаракат қилавердим. Қийинчиликларга тиш-тирноғим билан чидаб, тинимсиз меҳнат қилдим. Сўнгра, онам туфайли бешикёпиқлар тикиб, дўконларга топширдим. Бироқ, улар кўнглимдагидек сотиша олмади. Меҳнатимни юзага чиқариша олмади. Кейин ижарага жой олиб, ўзим тикиб, тахлаб, одамларга сотишни бошладим. Кейинчалик маҳсулот турларини ҳам кўпайтириб бордим. Шу тариқа оилавий ҳунармандчилик кичик корхонасига асос солдим.

Ҳозирда Бешик усталари билан ҳамкорликда иш олиб борамиз. Улардан бешик сотиб олиб, ўзимиз қолган ҳамма жиҳозларини ишлаб тикамиз. Биз асосан кўпроқ тут дарахтидан ясалган бешикларни жиҳозлаб сотамиз. Чунки унинг тахтаси мустаҳкам бўлади, қурт зарар етказа олмайди, қолаверса тут – қут-барака рамзи. Шунингдек, серфарзандлик насиб қилсин деган эзгу тилаклар ҳам мужассам.

 

Айни кунда Дилафруз хотин-қизларга ўз ҳунарини ўргатиб келмоқда. У шогирдларига бешик ёпинчиқларига турли шакллар – от, той, капалак, тошбақа, хўрозларнинг расмларини чизишни, турфа ипак иплар билан гуллар тикиш санъатини ўргатишни йўлга қўйди. Шунингдек, болалар ўйинчоқлари, чойнакка ёпқичлар, келин-куёвлар учун кўрпа-тўшак, ёстиқ, куёвлар учун тўн тикиш сирларини ҳам ўргатиб, ўнлаб иш ўринлар яратган. Ташаббускор аёлнинг икки қизи Моҳичеҳра ва Нозимаойлар ҳам онасининг ҳунарини ўрганишга интилмоқдалар. Дилафруз Яккабоғ туманида биринчилардан бўлиб, бешикларга ёпинчиқлар тикиб сотишни йўлга қўйди.

“Харидорларга нафақат бешикни ўзини, балки унга керакли бўлган анжомларни ҳам бир йўла таклиф қиламан. Бу эса уларга маъқул келади, чунки вақтни ва маблағини тежайди. Шу менинг асосий бизнес мақсадимдир”, – дейди тадбиркор.

 

 -Ҳаёлимдан кечган нарса шу бўлдики, рўзғорга даромад кириб турарди. Даромадимиз тўхтаб қолса нима бўлади, – деган фикр ўтди. Яна ўйга толдим. Юқоридан дўконни ёпинглар, деган топшириқ бўлди. Уйда ўтириб, кўрпача, кўрпа, бешик ёпинчиқларини тайёрлаб, телефон рақамимни ёзиб, дўконимиз эшигига осиб қўйдим. Одамлар келиб, буюртма бериб кетишди. Улар ҳам ҳар қандай жойга бормай, тўғри олдимизга келишди. Карантин пайтида уйда бекор қараб ўтириб, йўқман демадим, ношукурлик қилмадим. Аксинча, фарзандларим билан биргаликда тинимсиз меҳнат қилдик. Кўрпа-кўрпача қавидим, бешикёпинчиқ ва бешикка керакли ҳамма анжомлар тикдик. Шундай қилиб, пандемия даврида ҳунаримиз ва меҳнатимиз орқали  қийналганмиз йўқ.

Бешикка бўлган талаб ҳалигача сўнгани йўқ. Ҳатто, турғунлик даврида бешиклар эскилик сарқити, деб қаралган бўлса ҳам, одамлар қопларга солиб уйларига бешик ташиганлар, – дейди бешикчи Дилафруз Жалилова.

– Ҳозирги кунда бошқа миллат вакиллари орасида ҳам ўз фарзандларини бешикда катта қилишга ҳавас қиладиганлар бор. Улардаги бу қизиқиш ўзбек қўшниларига хавасдан уйғонган бўлса керак. Яқинда бир харидор Россияга бериб юборамиз, деб йиғиладиган бешик олиб кетди. Агар бу буюм ёмон бўлганида бешик анъаналари ва унинг харид қилувчилари ҳам шу вақтга қадар етиб келмаган бўларди, оналар эса ўз болаларини бешикка беламасдилар.

-Янгиликлар кўп киритилди. Бешикка қўшиб қавсларни, ёпинчиқларнинг турли усулларини ўйлаб топдим. Кўрпа-кўрпачаларнинг ҳам нақшларини, попурини, кейин қуроқларини турли хил усулларини ўйлаб топиб, амалда тикиб кўрдим. Карантин юмшатилгандан буён одатий иш фаолиятимизни олиб боряпмиз. Пахта матодан турли чойшаблар, ётоқ кийимлар, кўйлак, халат ва бешик ёпинчиқлари ва рўзғорбоп ошхона буюмлари тикишни йўлга қўйдик. Шифохоналар учун чойшаб, ёстиқ жилдлари, халатлар тикиб бермоқдамиз. Харидор бўлмаган вақти шу ерда ўтириб тикаман.

 

Ҳозирда беш нафар ишчим бор. Улар маҳсулотларни тикишга ёрдам қилади. Асосан рўзғорида етишмовчилик бўлган, ишсиз, уйида ўтириб қолган аёллар. Уларга тиккан ишлари учун маош бераман. Ўзим тикув машина берганман материалларга андоза олиб, қирқиб тайёрлаб  бераман. Улар уйларга олиб кетиб тикиб келади. Аёлларнинг ҳар бирига тиккан маҳсулоти учун 35 минг сўмдан тўлайман. Бу ерда ўзим ўтириб тикканимга ўзимнинг ҳаққим ўзимга қолади. Шу ердан бешта рўзғор таъминланяпти. Улар ҳам “Бу ерга келиб косамиз оқарди”, – деб миннатдорчилик билдиришади. Кашталарни кўрпачаларга ҳам уриб, янги усулда чиқаряпмиз. Кўрпача-ёстиқни тикиб, қавиб, тахлаб сотувга қўямиз. Битта комплект тўшак 165 минг сўмдан тайёр бўлади. Шу билан бирга устозлик касбини давом эттириб, уйда ўтирган ишсиз қўшни аёлларга ҳам ҳунар ўргатяпман.

 

Шоира НУСРАТОВА
тайёрлади.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.