Оилавий бахт боқий бўлиши мумкинми?

Улашиш:

Эр-хотинлик бир текис муносабатлардан иборат эмас. Йиллар давомида бу муносабатлар кўп маротаба синалади, дарз кетади, ҳатто синиши ҳам мумкин. Оилавий бахт боқий бўлиши мумкинми?

Психологларнинг таъкидлашича, оилавий бахт учун кўп нарса керак эмас. Бахтиёр оила бу бор нарса. Бундай оилада фақат бир томон эмас, балки эркак ҳам аёл ҳам ўзини бахтиёр ҳис эта олади.

Ҳозирги кунда ёш келин-куёвларга қилинаётган сарполарни кўриб, кўпчилик оилавий бахт учун тахт керак деб ўйлайди.  Ёш эр-хотинни бошланғич оилавий ҳаётида имкон қадар кўпроқ буюмлар билан таъминлаб, уларнинг турмушидаги барча моддий эҳтиёжларини олдиндан қоплаб қўйсак, эр-хотин бекаму кўст яшаб бахтиёр турмуш кечирадилар, деб хато ўйлаймиз. Кейин эса қанча сарпо қилинишидан қатъий назар ажралиш, хафачилик натижасида оила барбод бўлишини кўрамиз. Мебель қанча қимматлашмасин, сарпо кийимлари қанчалик кўпаймасин, оилани сақлаб қолиш имконияти унга боғлиқ эмаслигини тушунамиз.

Фориш туман ФҲДЁ бўлими томонидан жорий йилда 4 нафар оиланинг никоҳи сақлаб қолинди. Туман сектор раҳбарлари, маҳалла фаоллари билан биргаликдаги саъй-ҳаракатлардан сўнг улар аризаларини қайтариб олишди. Фарзандларнинг қувончи чексиз.

- Шу йилнинг 1 июнь ҳолатига кўра туманда 33 нафар оиланинг ажрими қонуний қайд этилди. Биз иложи борича оилаларни сақлаб қолишга ҳаракат қиляпмиз. Фарзандлар тирик етим бўлиб қолмаслиги учун туман Давлат хизматлари маркази, маҳалла фаоллари билан биргаликда ҳар бир оилага кириб вазиятлар ўрганилмоқда. Никоҳдан ўтиш учун келган ёшларнинг нуроний кексалар ва имом хатиблар билан учрашувларини ўтказмоқдамиз. Бу уларга ҳаётий тажрибага эга нуронийларнинг панд-насиҳатлари туфайли ёшлар оиланинг қадрига етиш, уни асраб-авайлаш кераклигини чуқурроқ тушунишига ёрдам беради. Бундай учрашувлар “Ухум”, ”Гараша”, ”Қорабдол”, “Боғдон” каби МФЙ ларида учрашувлар, тарғибот тадбирлари бўлиб ўтди. Бундан ташқари, маҳаллаларда сайёр тартибда давлат хизматлари кўрстаилмоқда, - дейди туман ФҲДЁ бўлими 1-тоифали инспектори Гулбахор Шаҳарова.

Шу кунга қадар ФҲДЁ бўлими томонидан туманда 670 нафар боланинг туғилиши қайд этилди. 210 нафар янги оила бунёд бўлди, 4 нафар бола фарзандликка олинди, 162 нафар шахснинг ўлими қайд этилди.

Бундан ташқари, 28 та оталикни белгилаш, 22 та далолатнома ёзувларини ўзгартириш ҳаракатлари амалга оширилган.

 

ДХА Жиззах вилоят бошқармаси Ахборот хизмати

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.