Дабдабали тўй эмас, никоҳнинг мустаҳкамлиги муҳим

Улашиш:

Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимларида аҳолининг туғилиш ва ўлимни қайд қилиш, никоҳ, оталикни белгилаш, фарзандликка олиш, ажримлар билан боғлиқ холатларни умумий статистик рақамларда кундек равшан кузатиш мумкин. Ушбу рақамларни таҳлил қиларкансиз  минглаб хонадонларда бахт, янги фарзанд қувончидан порлаб кетасиз. Гоҳида айнан шу  статистика орқали кўнглингиз увишади. Мулзам қилади, ўйлантириб қўяди. Лекин бугун биз рақамлардан узоқ бўлмоқчимиз. Масала бошқа... 

Дўстлик туман ФҲДЁ бўлими ҳамда туман оила ва маҳаллани қўллаб-қувватлаш бўлими ҳамкорлигида маҳаллаларда никоҳланувчи ёшлар ва уларнинг ота-оналари билан  мулоқотлар уюштирилмоқда. Унда  катта ҳаёт бўсағасида турган  никоҳланувчи ёшлар, ажрим ёқасига келиб қолган оила вакиллари иштирок этяпти.  Суҳбатлар давомида оилавий муносабатлар, ажрим ва қайнона келин муносабатлари тилга олинди.  Саволларга мукаммал жавоблар берилди. Турли воқееликлар таҳлил қилинди.

Оила кодексининг 13-моддасига асосан, диний расм-русумларга биноан тузилган никоҳ ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас. Фарзандга туғилганликни қайд этиш гувоҳномасини олиш учун ҳам  ўртадаги никоҳ гувоҳномаси бўлиши шарт. Агар никоҳ  шаръий бўлса фарзанд биринчи ўринда оталикка олиниб унинг туғилганлиги қонуний равишда қайд этилади.

Шаръий никоҳ билан яшаш холатлари ҳар йили деярли ўзгаришларсиз қолаётганининг асосий сабаби - ажримларнинг кўплигида. Бу икки масала эса бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Чунки ажрашиб уйланганлар ажрим узоқ жараён эканлиги учун иккинчи никоҳни деярли қонунийлаштиришмайди. Бундан ташқари, ажралишаётган оилаларнинг  аксарияти  судда ёки ФҲДЁ бўлимларида ўзаро келиша олишмайди.

Бизнингча, ажримларни жамиятда камайтириш учун асосий эътиборни никоҳга қаратиш лозим. Унинг қадр-қиммати имкон қадар ошириш лозим. Нега? Чунки бизда никоҳ арзонгаров бўлиб қолган. Асосий эътибор тўй ва тўйгача бўлган маросимларга қаратилади. Маросимлар биринчи ўринга қўйилади. Ким нимага қийинчилик билан эришса, уни шунчалар қадрлаши табиий, албатта.  

2022 йил январь ойида туман ФҲДЁ бўлими томонидан 5 та оиланинг ажрими расман қайд этилди. Вилоят миқёсида эса бу кўрсаткич 154 тани ташкил этган. Маҳаллаларда ўтказилаётган тадбирларда  баъзи бир оилаларни яраштиришга ҳам муваффақ бўлмоқдамиз. Жумладан 2020 йилда 8 та, 2021 йилда 13 та оиланинг ажрими олди олинди.

Энг муҳими, бундай ҳолатларда нафақат ФҲДЁ  бўлимлари, балки кенг жамоатчилик вакилларининг аралашувлари ҳам ўзининг самарасини бераётганлигини таъкидлаш жоиз.

Шаҳзода Муллабоева  - Дўстлик туман ФҲДЁ бўлими мудираси

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.