Бобомнинг армонлари

Улашиш:

Зомин сув омборини айланиб ўтганингиздан сўнг пурвиқор тоғлар бағрида жойлашган қишлоқ  - Дуоба сизни қарши олади. Ҳар гал қишлоққа борганимда осмонга бўй чўзган кекса тол, чинор ва теракларнинг барглари жилваланиб, чайқалиб турганини кўрганимда қалбимда Ватан туйғуси жўш уриб, фахрдан бўйим бир қарич ўсгандай бўлади.

Ҳа, бу гўшадан туман марказига, сўнгра Жиззах шаҳрига кўчиб келганимизга ҳам қарийб ярим аср бўлибди. Киндик қоним тўкилган қишлоғимга келганимда, болалик даврим эсимга тушаверади. Бу ерда яшаб ўтган меҳрибон, меҳнаткаш, самимий қишлоқ оқсоқоллари, ота- боболаримиз, оналаримиз, момоларимиз сиймоси кўз ўнгимда гавдаланаверади.

Бугун қайта чирой очган Дуобада жонажон Янги Ўзбекистоннинг бахтли оилалари тинч-тотув, аҳил ва фаровон яшаб, меҳнат қилишмоқда.

Инсон хотираси буюк, ўгганларни ҳурмат билан эслаш эса энг эзгу амалларимиздаи саналади. Қишлоғимиз оқсоқоллари Мингбой бобо, мулла Расул, Файзулла отам, Абдулла бобом, Сафар бобо, Шамши бобо, Тоғай бобо, уста Ибройим, Бобоқул бобо, Сари бобо, Ўтар домла, Дона уста, Абдулла ва Толиб боболар номини бир-бир эслаб ўтаман. Мен фарзанд сифатида юқорида ёдга олган инсонларим қаторига бобом мулла Шукур, амаким Қизил Шукуров ҳамда дадам (охиратлари обод бўлсин Хидир Шукуровлар)ни хотирлаб, ёдда тутдим.

Файзулла ва Абдулла бобомлар худога шукурки урушдан ногирон бўлсада қайтишди. Уларнинг оталари мулла Шукур бобом 1944 йил, Оғача энам то умрининг охиригача (1984 йил вафот эгган) ўғлини кутиб-кутиб армонда яшаб, бу дунёни тарк этди. Амаким Қизил Шукуровдан дом-дарак йўқ, уни бедарак кетган деб ҳисоблар эдик. Лекин у 1944 йили Украинанинг Винниц вилояти, Тополин тумани, Шендеривка қишлоғини немис фашистлардан озод этиш жангида ҳалок бўлган экан. Бу маълумотни Россия Мудофаа Вазирлиги марказий архивидан излаб топдик.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил Ғалабанинг 75 йиллиги юбилейини нишонлаш учун Москва шаҳрига қилган ташрифи чоғида сўзлаган нутқида, Иккинчи жаҳон урушида ўзбекистонликларнинг иштирокига ва уруш талафотларига аниқлик киритиб, олинган янги архив маълумотларга таяниб, республикамиздан ўша вақти бир ярим миллион эмас, балки бир миллион тўққиз юз эллик минг нафар ҳамюртларимиз урушга жалб қилинганлигини маълум килганди.

Ўзбекистоннинг оддий бир фуқароси сифатида республика Мудофаа вазирлигига қилган мурожаатимиз ерда қолмади. Архив маълумотларига кўра, амаким Қизил Шукуров 1943 йилнинг апрель ойида 17 ёшида урушга чақирилиб, ўқув полигонида гвардия кичик сержанти унвонини олиб, 2-Украина фронти, 2-мотоўқчи батальони, 23-гвардия мотоўқчи бригадасида жанг қилган экан. У 1944 йилнинг 25 январида Винниц вилояти, Шендеривка қишлоғидаги бўлган жангда қатнашиб, ҳалок бўлади. Бу тўғрисида Россия Федерацияси Мудофаа Вазирлиги Марказий архивидан 2021 йил 29 январда олинган архив ҳужжатида маълумот берилган.

Амаким ҳақидаги суриштириш ишларини олиб боришимизга яна бир нарса сабаб бўлди. Ўзбекфильм киноижодкорлари томонидан суратга олинган "Илҳақ” бадиий фильмида бир эпизод бор, ҳадеб қора хат келаверганидан зада бўлган почтальон "Энди хат ташимайман" деб, бир сумка хатларни сувга оқизиб юборади, эсласангиз. Шундан кейин мен ўйлаб қолдим, балким бизнинг қишлоққа ҳам келган хатлар шу алпозда йўқотилган бўлиши мумкин...

Қани энди менинг марҳум амаким, урушда шаҳид кетган Қизил
Шукуров 75 йилдан кейин эмас, балки, вафот этган йиллари аниқланганда эди, уни Ватан учун жон фидо қилган деб, элимиз қадрлаган, хотирлаган ва урушда шаҳид кетганлар рўйхатига номи қайд этилган бўлардими? Фақат Қизил амакимнинг укаси, яъни дадам Хидир Шукуров умрининг охирларидагина ушбу ҳақиқатни йиғлаб-йиғлаб эшитиб, архив маълумотлари билан танишдилар. Акаси фронтга кетганида 7-8 яшар бола бўлганлигини, у киши мактабда ўқитувчилик қилганлигини, акасининг ҳуснихати ҳавас қиларлик даражада чиройли бўлганлигини, яқин қўшниларимиздан бирининг қизига унаштириб қўйилганлигини дадам эзилиб-эзилиб эсларди. Дадам Хидир Шукуров қишлоқдаги мактабни
1954 йил битириб, Самарқанд давлат университетига ўқишга киради. Кейинчалик туман ва вилоят партия қўмиталарида масъул лавозимларда, вилоят солиқ бошқармаси, пенсия жамғармасини бошқардилар. У вилоят халқ контролида ва бошқа бир қатор жамоат ташкилотларида салкам
70 йил меҳнат қилди. Умри давомида 40 йил халқ депутатлари туман, вилоят кенгашларига ва республика Олий Мажлисига депутат этиб сайланган. Вилоятимизнинг сиёсий ва иқтисодий ривожланишига катта ҳисса қўшган. У кишининг камтарона меҳнати муносиб рағбатлантирилиб, 2001 йили Президентимиз Фармонига биноан "Эл-юрт ҳурмати" ордени билан мукофотланди. Дадамга 2018 йил I даражали меҳнат фахрийси нишони берилди ва умрининг охиригача халқ депутатлари вилоят Кенгашининг фахрий депутати деган юксак эътирофга лойиқ топилди.

Давлатимиз раҳбари раҳнамолигида Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганлар, урушдан эсон-омон қайтиб келганлар, фронт ортида меҳнат қилган юртдошларимизга эътибор, ҳурмат кўрсатилиб келинмоқда. Юқорида айтиб ўтилганидек, вилоят Мудофаа ишлари бошқармаси, "Нуроний" жамғармаси ва ҳокимликлар томонидан, урушда шаҳид кетганларнинг (кейинги аниқланган) номларини абадийлаштириш учун вилоят, туман хотира ва қадрлаш хиёбонларидаги уруш қатнашчилари ва ҳалок бўлган, шаҳид кетганлар рўйхатига аниқлик киритилмоқда ва уларнинг сони биз билганимиздан ҳам анча кўплиги маълум бўлди. Бизнинг таклифимиз ҳам шу: мутасаддилар томонидан уруш қатнаш- чилари ва шаҳид бўлганлар номлари ёзилган рўйхатга қўшимча киритиб, (ячейкалар очтириб) янги номлар ёзилишини ташкил этиши, республика хотира китобига кўшимчалар қилиб бориши ва Мудофаа Вазирлиги архивига ҳам бу ўзгаришларни киритиши зарур.

    Ҳайитбой Шукуров,

нафақадаги иқтисодчи

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.