"Алиэкспресс" ва “Wildberries”дан жўнатмаларни етказиб бериш нега кечикмоқда? Божхона изоҳ бермоқда

Улашиш:

Ижтимоий тармоқларнинг маҳаллий сегменти фойдаланувчилари “Алиэкспресс" ва “Wildberries”дан жўнатмаларни етказиб бериш кечикаётгани, бунга божхона ва товарларни ўтказишнинг янги тартиби айбдор эканини ёзишмоқда. Ўзи нима бўлаётгани ва ким айбдор экани ҳақидаги саволлар билан Batafsil.uz мухбири Давлат божхона қўмитаси матбуот-хизматига мурожаат қилди.

Натижада қизиқарли тафсилотлар аниқланган - бир гуруҳ фирибгарлар хабари бўлмаган Ўзбекистон фуқароларининг паспорт маълумотларига жўнатмаларни расмийлаштиришган. Бундан ташқари, вафот этган фуқароларнинг паспорт маълумотларидан фойдаланилган. Биргина 2022 йил бошидан буён 200 дан ортиқ фуқаро номига 1,4 миллиард сўмлик курьерлик жўнатмаларининг ноқонуний олиб ўтилиши аниқланган.

ДБҚнинг эслатиб ўтишича, Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 6 февралдаги ПҚ-3512 -сонли "Жисмоний шахслар томонидан товарларни божхона чегараси орқали олиб ўтишни янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан, жисмоний шахс томонидан божхона тўловларига тортилмайдиган товарларни республикага олиб киришнинг максимал меъёрлари белгиланган.

Жумладан, халқаро куьрерлик хизмати орқали бир шахснинг номига етказиб бериладиган товарлар миқдори бир чоракда 1 000 долларни ташкил қилиши лозим.

Бугунги кунга келиб, халқаро курьерлик жўнатмаларини етказиб бериш билан шуғулланувчи ташкилотлар юқоридаги меъёрларга мувофиқ жисмоний шахсларга халқаро курьерлик жўнатмалари орқали бутун дунёдан товарлар етказиб бермоқда.

Шу билан бирга, Қўмитанинг қўшимча қилишича, товарларни жисмоний шахс манзилига ҳақиқий етказиб беришни назорат қилишнинг иложи йўқ, чунки қабул қилувчи божхона назоратида ва республика ҳудудига импорт қилинадиган ҳар бир курьерлик жўнатмасини рўйхатдан ўтказиш жараёнида иштирок этмайди.

"Вазият яна шу билан мураккаблашмоқдаки, баъзи инсофсиз курьерлик ташкилотлари эгалари бу ҳақда хабарсиз   жисмоний шахсларнинг персонал (паспорт) маълумотларидан фойдаланиб, уларнинг номига тижорат молларини олиб киришмоқда ва шу йўл билан божхона тўловларини тўлашмаяпти. Бу каби ҳолатлар бўйича ДБҚга фуқаролардан бир нечта шикоятлар келиб тушган”, - дея маълум қилмоқда матбуот-хизмати.

Келиб тушган мурожаатлар асосида олиб борилган тезкор чора-тадбирларга кўра, кўп ҳолларда жисмоний шахслар ўз номига келган курьерлик жўнатмалари ҳақида билмаслиги аниқланди. Бундан ташқари, бир неча йил олдин вафот этган фуқаролар номига курьерлик жўнатмаларини олиб кириш ҳолатлари мавжуд.

Биргина 2022 йилда 200 дан ортиқ фуқарога 1.4 млрд сўмлик курьерлик жўнатмаларининг ноқонуний олиб ўтилишига оид тўртта холат аниқланган.

"Бундай ноқонуний ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида фуқароларнинг аудио ёки видео алоқа орқали ўз манзилига келаётган юклар тўғрисида хабардорлигини аниқлаш тизими жорий этилган. Юклар ҳақиқатан ҳам ўз номига келганлигини тасдиқлаган фуқароларнинг товарлари қонун ҳужжатларида белгиланган божсиз олиб кириш меъёрлари доирасида божхона назорати ва расмийлаштирувидан ўтади ва кейинчалик манзилга етказиб бериш учун ташкилот вакилига топширилади", - дея хулоса қилди Давлат божхона қўмитаси.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.