Темир йўл қурбонлари кўпаймоқда: жавобгарлик кимнинг бўйнида?

Улашиш:

Сўнгги кунларда темир йўлни кесиб ўтаётганда ҳалок бўлаётган одамлар ҳақида кўплаб хабарларни эшитяпмиз. Уларнинг орасида соғлому-ногирони, каттаю-кичиги бор. Темир йўл масъуллари ва транспорт прокуратураси кўп ҳолларда айбни марҳумларга ағдариб қўя қолишади: қулоқчини бўлган, кўзи кўрмаган, телефонга чалғиган ва ҳоказо.

Аммо шунча йилдан бери бирорта амалдор чиқиб, темир йўл атрофини панжара ё девор билан ўраб, тўсиш керак, демаган. Панжара билан ўраб, ерусти ё ерости ўтиш жойлари қуриб беришни, одамларга қулайлик ва хавфсизлик яратиш ҳақида бош қотиришмаган.

Хусусан, 2022 йил 7 июнь куни Термиз-Тошкент-Андижон йўналишидаги йўловчи поезди «Жалоир-Кучлук» темир йўл бекатлари оралиғида Ўртачирчиқ туманида яшаган 27 ёшли эркакни уриб юборган ва у воқеа жойида вафот этган. Айтилишича, у Ўртачирчиқ тумани тиббиёт бирлашмасида рўйхатда турган, 1-гуруҳ ногирони (қулоғида нуқсони бор) бўлган.

Шу куни Бўзсув-Чирчиқ йўналиши бўйича ҳаракатланиб кетаётган электровоз «Бўзсув-Чирчиқ» темир йўл бекатлари оралиғида кетаётган вақтида пиёдалар ўтиш жойидан ўтаётган 20 ёшли одамни уриб юборган, у ҳам жойида ҳалок бўлган.

Марҳум Чирчиқ шаҳрида жойлашган новвойхонада ишлаган, ўлимидан олдин Чирчиқ шаҳрида жойлашган дўконларга нон олиб бориб бериш мақсадида велосипед ҳайдаб, қўл телефонидан фойдаланиб ўтиб кетаётган бўлган.

Ҳозирги вақтда Тошкент транспорт прокуратураси терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб бораётгани айтилган.

Шунингдек, Тошкент-Самарқанд йўналишида соатига 190 километр тезликда ҳаракатланаётган «Афросиёб» тезюрар поезди Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани ҳудудида 2 нафар вояга етмаган болани уриб юборган. 2007 йилда туғилган жабрланувчилардан бири шифохонада ҳаётдан кўз юмган, бошқаси жонлантириш бўлимида.

Бундай аянчли ўлимлар Ўзбекистонда жуда кўп учрайди. Масалан, Андижон вилоятининг Избоскан тумани ҳудудидан ўтувчи «Пойтуғ» – «Андижон 2» темир йўли оралиғида Избоскан туман Иттифоқ маҳалласида яшовчи М.Ф. (2001 йилда туғилган) поезд остида қолиб кетганди.

Андижон вилоятидаги яна бир ҳолатда қулоқчин тақиб кетаётган йигитни поезд босиб кетган ва у воқеа жойида вафот этган.

Избоскан туманидаги яна ўша темир йўлдан ўтаётган ўсмир қизни ҳам поезд уриб кетган, у ҳозиргача тўшакда михланиб ётибди, туролмайди. Лекин ўша пайтда масъуллар қизни соппа-соғ деганди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.