ИНТЕРНЕТДАН ТЎҒРИ ФОЙДАЛАНЯПМИЗМИ ёки МЕДИАСАВОДХОНЛИК ҲАММАГА КЕРАК

Улашиш:

2021 йили ҳар бир америкалик интернетда кунига 14 соат ўтириб, медиаконтент билан танишган бўлса, филлиппинликлар бунга 12 соат, россияликлар 8 соат, юртимизда эса 7 соатни ажратишмоқда.

Ҳар ойда ўзгариб турган мазкур рақамлар бугунги кунда зарур ахборотни керак эмасидан ажратиш, медиа орқали саводхонликка эга бўлиш заруратини қўймоқда. Демак, сизу биз медиасаводхон бўлишимиз керак. Ҳўш, медиасаводхонлик нима?
Шу мавзудаги тренинглар Жиззах вилоятининг бешта чекка ва чегара – Бахмал, Зомин, Мирзачўл, Фориш ва Янгиобод туманларида ўтказилмоқда.

Жиззах вилоят “Қалб нури” аёллар ва уларнинг оилаларини ижтимоий-ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш маркази томонидан ўтказилаётган тренингларга 30 ёшдан юқори бўлган аёллар жалб қилинган. Сабаби бу ёшдаги аёллар ҳам ишда, ҳам уйда, бола тарбиясида бошқалар билан кўпроқ ахборот алмашадилар. Интернет орқали ахборот алмашинувида эса медиасаводхон бўлиш талаб этилади.

Тренингларни тажрибали медиатренерлар – филология фанлари доктори, Ўзбекистон жаҳон тиллари университети доценти Наргис Қосимова, Ўзбекистон жаҳон тиллари университети ўқитувчиси Мухайё Саидова ўтказишмоқда.

- Мен Мирзачўл туманидаги 10-мактабда ўқитувчи бўлиб ишлайман, - дейди иштирокчилардан бири Гавҳар Ўтанова, - тренингда олган билимларимни, тўғрироғи, олинган ҳар бир ахборот ва хабарларга ишонавермасликни, уни ўрганиш, текшириш кераклигини мактабга борганда ўқувчиларимга айтиб бераман.
- Туманимизда 25 та маҳалла фуқаролар йиғини бор. – дейди яна бир иштирокчи, Фориш тумани ҳокими ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Эльнура Умматова. – бугунги тренингдан кейин ҳар бир маҳаллада нафақат фаолларга, балки уй бекаларига ҳам медиасаводхон бўлиш давр талаби эканлигини, бу интернет орқали содир этилаётган жиноятларнинг олдини олишга ва умуман турли нохуш ҳолатлардан асрашга ёрдам бериши ҳақида тушунтириш ишларини олиб боришни режалаштириб олдим.

Ўтказилаётган тренинглар давомида иштирокчилар медиа ва улар орқали тақдим этилаётган ахборот шаклларининг таъсирини яхши тушуниш, ўйланган ва мустақил қарорлар қабул қилиш, атроф-муҳит ҳақида янги маълумот олиш, умумийлик ҳиссининг шаклланишига кўмаклашиш, жамоавий дискурсни қўллаб-қувватлаш, ҳаёти давомида узлуксиз таълим олиш, ахборотни яратиш, танқидий фикрлаш, медиадан ўзини намоён қилиш ва ижодий мақсадларда фойдаланиш, медиа ва ахборот борасида саводхон бўлиш каби кўникмаларга эга бўлмоқдалар.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.