ёхуд қишлоқ аёли чиройли суратдагидек эмас, ҳаёти уларнинг кўзларидек, қўлларидек, юзларидек...
Биринчи ҳикоя. КИР ЮВИШ МАШАҚҚАТИ
«Қишли қировли кунларда ҳовлида кир ювиш бирам азоб. Бир дунё кирни, мағзавани ҳар ёққа оқизиб уйнинг ичида ювиб бўлмаса. Айниқса, қишда ювиладиган оғир курткалар, оғир кийимларни яхлаган муздай, қорда кир чайгандай сувда чайиш ундан-да азоб».
Аёл шуларни ўйлади. Гарчи кичкина стулчада ўтириб кир юваётган бўлса-да, оёқдан ердан зах ўтиши-чи. Қизи билан қўлларини куҳ-куҳлаб кирларни ювиб бўлган онларида оғир бир юкдан қутулгандек бўларди. Аслида қишлоқ аёлига булоқ сувларини челаклаб ташиб ё тоғора-тоғора кирларни пастга олиб тушиб, кир чайганлари олдида бу кир ювишлар яхшироқ. Ҳар ҳолда газ бор, сирли челакка сув иситиб ювса бўлади. Тўрт йил ҳаммом битгунча аёл қор, ёмғирнинг тагида кир ювди, охирги йиллари ҳатто қўл бармоқлари совуқда оғрийдиган бўлди, ҳар тугул узоқ кутилган ҳаммом битди. Гар ҳаммом битган бўлса-да қизи билан иссиққина ҳаммомда иссиққина сувга кирларни чайганида шароитнинг яхшилиги қанчалар яхши бўлишини таъкидлашдан чарчашмайди.
– Ойижон, ўша пайтлари ростдан қийналган эканмиз, аммо ўша пайтлари бизга билинмаган, – дейди қизи.
– Ҳа ҳаёт шу деб ўйлаганмизда қизим.
– Айниқса сувоғиям йўқ, чала битган ҳаммомга сув иситиб бошимизни ювганларимиз... бррррррр....
– Гапирма, энди эса кафелланган, топ-тоза чиройли ҳаммомда ювиниш қандай ёқимли-а.
Ҳар сафар кир ювилганда ўша пайтлари қийналганлари, аммо буни қийинчилик деб билмаганлари, аслида яхши шароит барибир одамни янада чиройли яшашга ундашини бир бор таъкидлаб оладилар.
Ва ниҳоят, бир ой олдин аёлга туғилган кунига ўғли ва турмуш ўртоғи кир машина совға қилди. Ўзи ювади, ўзи чаяди, ўзи сиқиб беради. Шу пайтгача бундай яхши шароитнинг яхши бўлишини билмаган аёл бир ойдан бери қўлига кир совун ушламайди. Ҳатто машинанинг функцияси кўплигидан ишлатишга қизиқиб ҳам кўргани йўқ. Болалари, турмуш ўртоғи ўзлари қанча кир бўлса машинага тиқиб айтмаям ювиб қўйишмоқда. Аввал ҳафтанинг шанба ёки якшанбаси алоҳида кир ювиш учун кетган бўлса, аёл учун шанба ёки якшанба ёнига қоладиган бўлди. Чунки кир машинанинг қулайлиги кирни ҳафтанинг исталган куни, исталган соати, эрта тонгми, ярим тунми порошок солиб қўйса бўлди, ўзи билиб ювиб қўяди. Аёлнинг шароити яхшиланганидан, шундай енгил ҳаёт борлигидан кўнгли ёришиб кетди. Яъни, болаларига кўпроқ вақт ажратар, балки... вақти кўпая бошлаган аёл кинога боришни, дугонаси билан дўкон айланишни ўйлай бошлади. Ҳозир қор, ёмғирнинг тагида оёғидан зах ўтиб, қўллари қақшаб, зил-замбил кирларни сиқишга кучи етмай чала сиқиб, чарчаб ҳориган аёлни кўз олдига келтириб раҳмлари келди, қанчалар қийин бўлган экана, деб қўяди, аммо ўша пайти қийинлигини шундай яхши шароитни кўрмагунча билмаган аёл. Шунда беихтиёр аёл қишлоқда бир умр ана шундай қийинчилик билан яшаётган аёлларни, ўтган момоларини ўйлаб йиғлагиси келди. Уларнинг қийналаётгани учун эмас, мана шундай яхши шароит борлигини, яхши шароитнинг завқи ўзгача эканлигини ҳеч қачон билмай, англамай, истамай, истасаям имкон тополмай (свет, сув муаммо жойда ҳеч қачон яхши шароит бўлмайди) ўтиб кетаётган қишлоқ аёллари, ўтиб кетган момолар учун ўкинди... Кун кўрмай ўтиб кетган момолар, гарчи нолимаган бўлсалар-да чиройли ҳаёт кўрмай, кўлмакни денгиз деб ўйлаб яшаб ўтаётган, ўтган Ўзбекистон аёллари учун хўрлиги келди...
Ўзини бошидан ўтган ҳикояни facebook саҳифасига пост сифатида қўйган аёлнинг ўша куни кўплаб дугоналари мана шундай изоҳларни ёзиб қолдирди:
«Менинг ҳам бошимдан ўтган, гарчи автомат кир машина олишга қурбимиз етса-да, уни ўрнатадиган жойнинг қурилиши тугалланмагани учун ортга сурардик. Бирдан турмуш ўртоғим бошлаган бизнес ўхшамай қолди, банкларга каттагина қарз тўлардик. Шу орада қайнонамнинг бехос ўлими оила эркакларини ҳаётга қизиқишларини сўндириб ташлаган, бундай вазиятда мен ҳам кам-кўстимни айтишга ийманиб юраверардим. Қўлимда ёш гўдакларим, каттаси энди 2 ёш, кичиги чақалок, олдинда узун қиш кунлари, тонгда сумкаларга кирларни жойлаб вилоят марказига ота-онам қишлаш учун олишган уйга кир ювишга кетардим. Кирнинг кўплигидан эркаклар ва болалар иштонларини кир машинага солмай қўлда ювардим, кечгача ишим шу, ота-онам билан ҳам гаплашмай сумка-сумка кирни ювиш, торгина уйда шунча кирни қуритиш муаммо, кеч бўлиши билан ишдан қайтаётган турмуш ўртоғим билан уйга қайтиш, уйга келиб яна кирларни қайтадан дорга илиш, кечаси 11-12 гача давом этарди. Ўйласам, жуда содда бўлган эканман, кунлар исигач эрта азонда болалар тургунча кирларни ювиб қўярдим, алал-оқибат полиартирит деган дард ортирдим...»
«Мендаям полиартрит бошланди. Ҳозир кир машинада ювсам ҳам вақтида муздек сувда ювардим», дейди яна бир ҳамсуҳбатдошимиз.
Яна бир дугонамиз изоҳларда суҳбатга қўшилади:
«Бу касалликда иссиқ сув ҳам, совуқ сув ҳам одамнинг душмани, ванна мумкин эмас, душ тагида тездагина ювиниб чиқиш керак, совуқдан, намликдан, асабийлашишдан ўзингизни асранг, ҳар олти ойда даволансиз, кўпроқ бу касални гармонлар билан даволашади, шунинг учун дардни оғирлаштирмай, эҳтиёт чораларини қилиб юраверинг».
Умида исмли аёл секингина «хўрсинади»:
«Қишлогимизда ҳозир ҳам аҳолининг деярли ярми шунақамиз, қишни ёмон кўраман шунинг учун ҳам... азоб... ўша азобдан чиқиш учун болалигимдан бери интиламан(((»
«Бизам онам билан совуқ кунларда қўлда кир ювиб, ҳовлидаги дорга илиб, қотиб қуриганларини қўлимми кух-кухлаб уйга ташиган вақтларим бўлган. Кўз олдимга болалигим бир зум ўтиб кетди. Аммо ўша хотираларни деб яна шу қийинчиликни қайтармаган бўлардим, қизларим ҳам шуни кўриши керак, деб шундай ишларни қилдиришим ҳам шартмас деб ўйлайман».
Муқаддас эса аёл ўзини қадрлаш кераклигини эслатиб ўтади:
«Аёллар касаллиги, миома, киста, маткани олиб ташлаш кабилар кўпи шу қишлоқ аёлларида учраркан. Яқинда бир гинеколог танишим шунақа деди, – ҳеч нарсага шароити йўқ. Хақиқатан ҳам тўғри, ўзим ҳам қишлоқ аёлиман. Мана энди шу 5-6 йил ичида шароит қилишаяпти қишлоқдаям, лекин унгача аёлни соғлиғи кетиб бўлди. Аёл киши ўзини, аввало қадрлаши керак экан. Ўзи учун шароит талаб қилиши керак экан. Ўзи талаб қилмаса ҳеч ким ўйламайди ҳам шароит ҳам қилмайди. Қийналиб оёғидан зах ўтиб ўчоқда сув қайнатиб кир ювиб, тез ишимни тугатай деб совуқ сувларда кирни чайиб, сув бўмаса ариқлардан ташиб оёғидан сув ўтса ҳам алмаштиришга вақтини қизғаниб тезроқ ишим битсин, деркан. Нонимни ёпволай, уйимни тозалай, деб бир умрга соғлиғини йўқотишидан хабари бўлмаскан. Соғлиғи кетганидан кейин кимга ҳам керак бўлади. Ўшанинг учун ҳам эрига инжиқлик қилиб бўлса ҳам ҳамма шароитларни қилдириши керак. Ҳаммом, кир ювиш учун автомат кир машина, ошхона... Мана шулар аёллар учун энг керакли эҳтиёжлар, чунки энг кўп вақти шу жойларда ўтади».
Иккинчи ҳикоя. КЎМИРЛИ ТАППИ ПЕЧКАДА ЯХШИ ЁНАДИ
15 октябрь – Бутунжаҳон қишлоқ аёллари кунига ижодкор Ғайрат Омон ҳикоя ёзди:
«Бу кунни иссиқ офисларида писта чақиб, интернетда сериал кўриб ўтирадиган «офис хонимлари» қайсидир ташкилот ташаббуси билан баландпарвоз «Янги Ўзбекистонда қишлоқ аёллари бағрига шамол тегди» мавзусидаги симпозиумда иштирок этиб нишонлашади.
Фуршет столидаги фалон печенье яхшию, фалон пишириқ семиртириши ҳақида маъно ва матрасиз суҳбат асносида ўзларининг электр, газ ва иссиқлик муаммоси бўлмаган уйларига қайтишади.
Бу куннинг ҳақиқий «айбдор»и, қишлоқ аёли эса қуёш чиқмасидан уйғониб, хамир қориб, тандирда нон ёпди. Сигир-бузоқ, қўй-эчкига қаради. Уй совуқлигидан қат-қат кўрпа тагида қунишиб ётган болаларини уйғотиб, қорнини тўйдирди. Фарзандларининг лойдан рангини йўқотган пойафзалларини тўғрилар экан, ҳали пахта теримига бориши кераклигини эслади.
Болаларини мактабга жўнатиб, фартугига яримта нон ва иккита помидор солиб, пахта даласига жўнади.
Пахта термаса бўлмайди, маҳалла раиси пахта термаганларга бола пўли йўқ деган. Бир нарса деб кўрсинчи, маҳалла раиси бобиллаб беради. «Сен Ҳафиза, овозингни чиқарма. Эринг Россияда бўлсаям, бола пули чиқариб бердим. Ғинг дейишга ҳақинг йўқ».
Эр ҳам ўлсин, Россияга кетганига 3 йилдан ошди. Юборган пулининг тайини йўқ. Қўшни қишлоқдаги Салима дугонаси ҳар кўрганида «Эринг Россияда хотин топган чиқар» деб асабини бузади.
Эр ўлгур, фақат ошна-оғайнисига телефон қилади. Болаларим борми, деб эсламайди ҳам. Камига эрининг онаси билан опаси ҳар ҳафта келиб уни тергашади. «Россиядан келган калбошларни қаерга беркитдинг», дея уни йиғлатишади.
Ўтган куни қишга ғамлаган тезакларини чамалаб, юраги орқага тортиб кетди. Ўтган йилги тезакни ярмини ҳам ғамлай олмабди. Октябрда шунча совуқ, бу йил қиш қаттиқ келади шекилли, ўтин топиш керак қаердан бўлмасин.
Свет ўчмаяпти ҳарна, чой-овқатга электр плита қулайда. Лекин Салиманинг айтишича, сайловдан кейин электрни тушимизда кўрар эканмиз.
Пахта даласига ҳам етиб келди, октябрни ярмига келдик ҳам мана иккинчи терим кутиб турибди. «Фермер бова» ҳар юз кило пахтага бир кило ёғ ваъда қилган. Ҳали болаларни калишларини янгилай олмади. Мол-ҳолга хашакни ҳам етарли ғамлай олмади. Ҳали мингта ташвиш... Кўпроқ пахта териш керак.
Қоронғу тушиб, уйига қайтар экан, болалари тушликда ҳам қуруқ нон билан чой ичишганини, ёвғон пиёвага уннамаса, болалари очқорин билан ухлаб қолишлари мумкинлигини ўйлади.
Дастурхон бошида ёвғон шўрвага нон тўғрар экан, телевизорда «Ахборот» бошланди. Икки юзи ялтираб, қирмизи рангни лабларидан аямаган бир опахон тинмай бир нарсалар деб гапирар эди.
«...мамлакатимизда хотин-қизларга кўрсатилаётган эътибор, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган оқилона сиёсат натижасида, бугун ўзбек аёлларининг кўксига шамол тегди. Биргина бизнинг туманимизда «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизларга 4,5 миллиард сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди. Хотин-қизларни иш билан таъминлаш ва уларни касб-ҳунарга ўқитиш бўйича алоҳида йўл харитаси ишлаб чиқдик. Сектор раҳбаримиз томонидан қийналган аёлларга тикув машиналари совға қилинди...»
Шу жойида аксига олиб, чироқ ўчиб қолди. Ҳар куни шу аҳвол, одамлар айни овқат ейишга ўтиришганида, бирор соат чироқ ўчмаса бўлмайди. Ёвғон шўрва билан ичига озгина иссиқ кирган болалари эснай бошлашди. Дарс қилишга ҳам улгуришмади.
Қишлоқ аёлининг кўзида икки томчи ёш кўринди. Йўқ, у дараги ҳам йўқ Россиядаги эрини эсламади, уйқисираб туришган болалари чироқ ёруғида дарс қила олишмаганидан ранжиди. Ўзи ҳам ёш боладек, қизининг расм дафтарига сурат сола олмаганидан ранжиди.
Шу сукунатни Салиманинг қўнғироғи бузди. «Алё, хўжайиним кўмир базанинг директорини балиқхўрликка олиб борибди. Гап орасида келинингиз шу кўмирни чангини супуриб олсин, йўқ деманг деган экан, рози бўлибди. Эрта тонгдан кўмир чангини супуришга борамиз, пахтани бир кунга қўйиб тур. Кўмир чангидан таппи қилиб олайлик, қишда ҳали раҳмат айтасан »...
Қишлоқ аёли секин, жилмайиб уйқуга кетди: «Кўмирли таппи печкада яхши ёнади-да...»
Учинчи ҳикоя. БИР КУНЛИК ҚУВОНЧ
Шу кунларда Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида Халқаро қишлоқ аёли куни нишонланмоқда. Фарғонанинг Ўзбекистон тумани ҳокимлиги ҳам қишлоқ аёллари учун қувонч улашди.
Ана шундай маданий-маърифий тадбирлардан бири бугун Охта Тагоб маҳалласидаги «Каримжон Эргашев» фермер хўжалиги дала шийпонида ўтказилди, деб хабар беради ҳокимлик матбуот хизмати.
Хабарда таъкидланишича, туман ҳокимлиги, оила ва хотин-қизлар бўлими, маънавият ва маърифат таркази ҳамда бошқа муассасалар ҳамкорлигида ташкилланган кечада кўплаб қишлоқ аёллари иштирок этишибди.
Тадбирда сўз олган мутасаддилар аёлларимиз, мунис онахонларимиз ҳар қанча эътибор ва эъзозга муносиблиги, давлатимиз томонидан яратилган шароит ва имкониятлар туфайли қишлоқ аёллари ҳам барча жабҳаларда фаоллик кўрсатаётганини таъкидлаб, сана муносабати билан барчага илиқ ва самимий тилаклар билдирилди.
Қишлоқ хўжалиги, ҳунармандчилик ва бошқа соҳаларда ибрат намуналарини кўрсатиб келаётган опа-сингилларга ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари ва зиё улашувчи китоблар совға қилинди.
Нима деймиз, жуда чиройли тадбир, аммо қачонлардир қишлоқ аёллари мана шу байрам муносабати билан хорижга саёҳатга чиқиб келар. Келармикан....
Унгача эса мана бундай шеърлар, ашъорлар битилади қишлоқ аёлига атаб:
Оташ Ўрмон ёзади:
Пардозни юзлари ҳеч ҳам кўрмаган,
Қиммат ресторанга бир бор кирмаган.
Рўзғорнинг ташвишидан бўйин бурмаган,
Сабрингизга таъзим қилай қишлоқ аёли...
Сабрингизга таъзим қилай қишлоқ аёли.
Хуршид Абдурашид ёзаяпти:
...Ҳа, у кино кўрмас киносаройда,
«Истиқлол»га тушмас бир бора ҳатто.
Кесакка тўқанаб юрса шу фойда,
Боласин устини бутламоқ авло.
Минбарда керилиб ҳайқирган шоввоз,
Қандай бекитасан кемтикларингни?
Виждонинг уйғониб бермасми овоз,
Ҳақиқат сасидан энтикмадингми?
Юртни тўкис дея мадҳ этган онинг,
Улар ўтов қилар бийдай далада.
Ёлғондан оғринмас наҳотки жонинг,
Елкадош бўлмайсан, бермайсан далда...
Қишлоқ аёли ҳақида яна неча йиллар шундай шеърлар ёзилади. Мен Бойсунда қишлоқ аёллари ҳақида ёзишга борганимда 75 ёшли момо билан гаплашарканман: – Нима дейман, яшадик, мана шу пурвиқор тоғлардек баланд қаддимиз меҳнатда букилди...
Қўлларини ортига қилганча мендан узоқлашаркан айтади: – Қизим ҳоким бовага айт, бизга кўмир берсин, совуқ тушса оёқ оғриғи, қўлимнинг бўғинлари қақшаб оғриб қийнайди мени...
Барно Султонова