Жиззах вилоятида бўлим прокурори $1,3 минг пора олгани айтилмоқда

Улашиш:

Жиззах вилояти прокуратураси бўлим прокурори жиноят иши қўзғатишни рад этганини иддао қилиб, «хизмати» учун тадбиркордан 1300 доллар сўраганликда гумонланмоқда, у пулларни олган вақтида ушланди. Шунингдек, ДХХ Андижон вилоятида ҳам пора олганликда гумонланаётган мансабдорларни қўлга олди.

ДХХ Жиззах ҳамда Андижон вилоятларида ўз мавқеидан фойдаланиб, пора олганликда гумонланаётган мансабдорларни қўлга олгани ҳақида хабар берди.

Жиззахда аниқланган ҳолатда вилоят прокуратурасининг бўлим прокурори тадбиркорга нисбатан жиноят иши қўзғатишни рад этгани учун «хизмати» эвазига тадбиркордан 1300 АҚШ доллари олмоқчи бўлган. Маълум бўлишича, Жиззах шаҳрида яшовчи тадбиркор чорвачилик билан шуғулланиш мақсадида 2020 йилда банкдан 200 млн сўм имтиёзли кредит олган.

Маблағ ҳисобидан қорамол сотиб олиб, оилавий тадбиркорликни йўлга қўйган. Бироқ, февраль ойида кредит берган банк тадбиркорнинг кредитни мақсадсиз сарфланган деган хулоса билан вилоят прокуратурасига чора кўриш учун мурожаат қилган.

Мурожаат ўрганиб чиқиш ва қонуний қарор қабул қилиш Жиззах шаҳар прокуратурасига юборилган, унинг назорати вилоят прокуратураси бўлим прокурорига юклатилган. Уни ўрганиб чиққан Жиззах шаҳар прокуратураси жиноят иши қўзғатишни рад этди. Лекин, вилоят прокуратурасининг бўлим прокурори эса гўёки унинг ўзи тадбиркорга нисбатан жиноят иши қўзғатишни рад этганини иддао қилиб, «хизмати» эвазига ундан 1300 АҚШ доллари олган вақтида қўлга тушди.

Ҳозирда мазкур шахсга нисбатан Жиноят Кодексининг 25,168-моддаси (фирибгарлик) ва 28,211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Шунингдек, Жиззах вилоятида туман ҳокимликларидан бирининг юрисконсульти ваколатига кирмайдиган ишни хўжалик раҳбари фойдасига ҳал қилиб бериш эвазига 5 минг доллар талаб қилган.

Аниқланишича, у мавқеидан фойдаланган ҳолда, ўз ваколатига кирмаслигини била туриб, чорвачилик ва балиқчиликка ихтисослашган фермер хўжаликнинг бошқаруви бўйича юзага келган муаммони танишлари орқали ҳал қилиб бермоқчи бўлган. Бунинг учун келишилган пулнинг олдиндан 3 минг долларини олган вақтида қўлга тушган. Қолаверса, у аввал ҳам пора олгани учун жавобгарликка тортилган. Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича ҳам фирибгарлик ва пора бериш моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Яна бир ҳолатда Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясининг Андижон вилояти ҳудудий бўлими мансабдор ходими жиноят устида ушлангани айтилмоқда. У Асака туманида фаолият юритувчи МЧЖга нефт маҳсулотларини улгуржи сотиш билан шуғулланиши учун лицензия олишда зарур бўладиган хулоса тайёрлаб беришни ваъда қилган. Эвазига 3 минг доллар ва лицензия олиб бериш учун «Ўзнефтгазинспекция»да ишловчи танишига 10 минг доллар бериши кераклигини айтган. Умумий ҳисобда МЧЖ таъсисчисидан 13 минг доллар пул сўраган.

Маблағни ўзининг бўйсинувида бўлган ходим орқали олган вақтда, уларнинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди, дейилади ДХХ хабарида. Ҳозирда ҳолат юзасидан ушбу шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 210-моддаси (пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилган ҳамда қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.