Андижонда даҳшатли воқеа юз берган. Эгасига қайтариб бермаслик учун эркак тўтиқушнинг бошини узиб ташлаган. Суд қарорига кўра, унга нисбатан бор-йўғи БҲМнинг 7 баравари (2.3 миллион сўм) миқдорида жарима тайинланган. Бу ҳақда Ҳайвонлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи “Меҳр ва оқибат” жамияти хабар бермоқда.
31 май куни Андижон вилоятида яшовчи аёл call-марказга мурожаат қилган. Аёл бир неча кун олдин тўтиқуши учиб кетганини билдирган. У эълон берган ва унинг тўтиқуши уйи яқинидаги уй ҳайвонлари дўконида топилган.
Сотувчи уни ушлаганини тан олган, лекин мукофотдан воз кечган ва катта миқдорда пул талаб қилган. Аёл бунга рози бўлмагач, сотувчи тўтиқушни қафасдан чиқариб, бошини узиб ташлаган.
Тўтиқуш эгаси ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ариза ёзган, иш судга топширилган. Мажлисда сотувчи суддан унга жарима солмасликни сўраган, чунки "қандайдир қушнинг ўлими бунга арзимас экан ".
8 июнь куни суд қарор чиқарган: уй ҳайвонлари дўкони сотувчисига атиги БҲМнинг 7 баравари миқдорида жарима солинган.