Маст редицидивистнинг пичоқ билан Тошкентдаги болалар боғчасига кирганлиги билан боғлиқ воқеа тафсилотлари ошкор қилинди. Видео

Улашиш:

 Маст редицидивистнинг пичоқ билан Тошкентдаги болалар боғчасига кирганлиги билан боғлиқ воқеа тафсилотлари ошкор қилинди.

ИИББ маълумотларига кўра, воқеа 6 июнь куни тахминан соат 14-00да Шайхонтохур туманида юз берган. Номаълум кимса иш излаш баҳонасида мактабгача таълим муассасаси ҳудудида кириб борган.

42 ёшли боғча мудирасининг хизмат хонаси киргач, эркак чўнтагидан пичоғини чиқариб, пул талаб қилган. Аёлнинг ёнида нақд пули йўқлиги боис,   тилла узук ва зирагини берган.

“Мен спиртли ичимлик истеъмол қилиб, иш сўраш учун боғчага кирдим. Ходимлар мени мудиранинг ҳузурига йўналтиришди. Унинг ёнига иш топиш юзасидан кирдим, сўнгра пул сўрадим. Пули йўқлиги учун менга тилла тақинчоқларини берди”, - деди ҳужумчи.

Мудиранинг сўзларига кўра, ўша куни хизмат хонасида бўлиб турган пайтида ниқоб таққан эркак   бостириб кириб, иш сўраган.

“Мен унга иш йўқлигини айтдим. Шундан кейин у эшикни ичкаридан   қулфлаб, пичоқ чиқарди ва пул талаб қила бошлади. Ёнимда пул йўқлиги учун узук ва зирагимни бердим. Эркак боғча ҳудудини тарк этганидан сўнг 102 рақамига қўнғироқ қилдик”, - деди мудира.

Қидирув тадбирлари давомида эркак кейинги кун топилган. У ўғирланган узук ва зиракни Олой бозорида 2.1 миллион сўмга сотган ва пулларни ичкиликка сарфлаган.

Ушбу ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 164 моддаси (талончилик) бўйича жиноий иш қўзғатилган. Эркак ҳибсга олинган. Тергов давом этмоқда.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.