Ўзбекистонлик 22 ёшли йигит Суриядаги жанговар ҳаракатларда қатнашаётгани аниқланди

Улашиш:

Тошкент шаҳрида туғилган 22 ёшли йигит Сурияда «Катиба ал-Ғуроба ал-Туркистон» террорчилик ташкилотида жанговар ҳаракатларда қатнашиб келаётгани аниқланди. Ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилган. У 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Суриядаги террорчилик ташкилоти сафига қўшилиб, жанговар ҳаракатларда қатнашиб келаётган шахс аниқланди, деб хабар берди Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати.

Қайд этилишича, 2001 йилда Тошкент шаҳрида туғилган М.Т. Туркияга бориб, у ерда «Катиба ал-Ғуроба ал-Туркистон» террорчилик ташкилоти ёлловчиларининг таъсирига тушган. Айланма йўллар орқали Сурияга ўтиб, ушбу ташкилот сафига қўшилган.

Унинг ҳозирда жанговар ҳаракатларда қатнашиб келаётгани аниқланди, дейилади хабарда.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 244−2-моддаси (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ушбу жиноят учун қонунчиликда 5 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси кўзда тутилган.




2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.