Коррупция борлиги аниқ. Блогер Сергелидаги мактаб бўйлаб "экскурсия" ўтказган, у ерда кўргани эса уни даҳшатга солган

Улашиш:

Синиб кетган мебеллар, ёрилган шифтлар ва ямоқларга тўла поллар. Буларнинг барчасини блогер Ислом Капарзо ўтган асрнинг мактабига ўхшаш муассасада учратган. Маълум бўлишича, оғир шароитда нафақат вилоят, балки пойтахт болалари ҳам ўқишаркан. Таниқли фаол амалдорларни уйғонишга ва фуқароларни бундай ҳолатларни одатий деб қабул қилмасликка чақирмоқда, чунки охир-оқибат ғазабланган авлодни тарбиялашимиз мумкин.  

Эски Сергелидаги 264-мактаб бир асрлик тарихга эга. Шу билан бирга, у охирги марта 10 йил олдин таъмирлашни кўрган. Ота-оналар қўмитасининг бир гуруҳ фаоллари билан блогер мактаб бўйлаб юриб, унинг аҳволидан даҳшатга тушган.

Мактаб ичидаги биринчи кадрларга кўра, ҳамма нарса яхши кўринади – Акфа эшиклар ва тоза плиткалар ўрнатилган. Бироқ, бу яхши манзара биринчи қаватдаёқ тугайди: синф эшиклари ортида ҳақиқий даҳшат бошланади.

Ўқувчиларнинг ота-оналари эътибор берган биринчи нарса-бу эскирган ёғоч поллар бўлиб, у тешикларга тўла экан. Болалар тешикларга тушиб кетмаслиги учун ота-оналар уларни тахталар билан ёпиб қўйишган. Ота-оналардан бирининг таъкидлашича, шкафларни ўзлари олиб келишган, шунингдек, ҳеч бўлмаганида деразалардаги пардалар орқали синфхонага муносиб кўриниш беришга ҳаракат қилишган экан.

Бундан ташқари, синфда жуда кўп болалар борлиги ҳайратланарли бўлган. Улардан баъзилари синф доскаси осилган деворига тегиб турган партада   ўтиришибди. Кўринишидан, мактаб раҳбариятини болалар учун доскага қараш жуда қулай эмаслиги ва шу тарзда кўз касалликлари ривожланиши мумкинлиги умуман ташвишга солмайди.

Барча синф хоналарида эскирган деворлар ва тешилган эшиклар мавжуд. Ота-оналар таъкидлашларича, охирги таъмирлаш пайтида яхши эшиклар сифатсизига алмаштирилган экан. Мактабнинг яна бир диққатга сазовор жойи – бу совет давридан бери янгиланмаган мебелдир. Парта ва стуллар том маънода кўз олдида титилиб кетмоқда.

Спорт залидаги ҳожатхоналар ва ечиниш хонасида ёруғлик йўқ. Спорт залининг ўзи ҳам аянчли ҳолатда. Бу ердаги пол эски ямоқли либосга ўхшайди: ҳар икки метрда битта   ямалган жой бор. Аёлларнинг сўзларига кўра, тележурналистлар келганидан кейингина поллар ямалган. Зал жуда сову, батареялар зўрға қизийди ва бундай катта хонани иситишга дош беролмайди. Спорт анжомлари ва жиҳозлари жуда яроқсиз бўлиб қолган.

Кимё хонасида ота-оналар чиқиб турган электр симлари ва арматураларни, полда ётган синиқ плиткалар ва зўрға илиниб турган раковинани кўрсатишган. Экскурсиянинг кейинги нуқтаси мажлислар зали бўлган. Аёлларнинг таъкидлашича, у шифтнинг ёрилиши ва томнинг қулаши эҳтимоли туфайли ёпилган.

Ўз репортажи якунида Капарзо Улуғ Ватан уруши ва бошқа ҳолатларда ҳалок бўлган мактаб ўқувчилари хотирасига ўрнатилган монументни намойиш этган. Бироқ, пойдевордаги бетоннинг эскирган қисми марҳумлар хотирасига бўлган ҳурматни намоён қилмайди.

"Мен бу ерда ўқиганман. 9 майга қадар ўқитувчимиз ўқувчиларни тайёрларди. Улар бу ерга гулчамбар қўйишарди, шам ёқишарди, ҳамма нарса жуда тантанавор эди. Афсуски, энди хотира йўқ", - деди фаоллардан бири.

Умуман олганда, мактаб даҳшатли фильмдаги ташландиқ бинога ўхшайди. Фақат бу ерда болалар -бизнинг келажагимиз ўқийди, амалдорлар бу ҳақда кўп гапиришсада, лекин одатда унутишади.

Капарзонинг сўзларига кўра, пуллик таълимни ривожлантириш ва шу билан бирга болаларнинг асосий қисми борадиган оддий мактабларни ташлаб юбориш орқали биз таълим шароити бўйича фарқни кучайтирамиз ва ижтимоий имкониятлар бўйича жамиятнинг табақаланишини кучайтирамиз холос. Шундай қилиб, оддий болалар ҳақида унутиб, амалдорлар ғазабланган одамларнинг авлодини тарбиялашмоқда, улар келажакда поллари тешик мактабни эслаб, ғазабларини давлатга тўкиб ташлайдилар.

"Инсон шахсиятини шакллантириш мактабдан бошланади. Мактабда болалар келажакда қандай истиқболга эга бўлишларини тушуна бошлайдилар. Ва одам бундай мактабда ўқиётганда, у нақадар руҳий тушкунликка тушиб қолишини тасаввур қилиш мумкин. Менга, кўп нарсаларни кўрган одам учун, бу ерда кўрган ҳамма нарса шокдир. Ҳа, бундан ҳам ёмонроқ ҳолатлар бор, лекин бундай бўлмаслиги керак. "Бу нормал ҳолат ва вилоятлардаги деярли барча болалар худди шундай ўрганишади" деган мазмундаги шарҳларингиздан қўрқаман", - деди блогер. 

Унинг фикрига кўра, мактаблар шундай бўлиши керак ёки тоқат қилиш лозимлиги ҳақидаги барча гаплар баҳонадир.

"Тоқат қилиш керак эмас: мактаблар мамлакатнинг юзидир. Йўллар эмас, ситилар эмас, балки мактаблар юзимиздир, чунки Ўзбекистон фуқаролари улардан бошланади, бу ерда инсон ўзи яшаётган мамлакат билан фахрланади. Буни одатий ҳолат деб ўйлашга ўрганманг", - деди у.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.