Ўғли вафот этганида саҳнада роль ўйнаган халқ артисти билан сўнгги суҳбат

Улашиш:

Ўзбек театр ва кино санъатида Ўзбекистон халқ артисти, Давлат мукофотлари лауреати Наби Раҳимовнинг алоҳида ўрни бор. У саҳнада, кино ва телеэкранларда юзлаб роллар ижро этган. Улар орасида турли миллат вакиллари, турли касб эгалари, турли давр кишилари бор. Актёр уларнинг барчасини маромига етказиб талқин қилган. Булардан ташқари дубляжда, радиопостановкаларда, хусусан, бир вақтлар ҳамма қизиқиб тинглайдиган «Табассум» радиожурналида фаол иштирок этарди. Наби Раҳимов 83 ёшда (1994 йил 29 ноябрь) вафот этди.

Наби ака нафақат Ўзбекистонимизда, балки собиқ иттифоқ доирасида машҳур санъаткор эди. Шунга қарамай, жуда оддий, камтар, ҳамма билан бирдай суҳбатга киришиб кетадиган, ҳазил-мутойибага ўч, латифагўй инсон эди. Байрамларда қўнғироқ қилиб табриклаганлари ҳамон эсимда.

Наби Раҳимов билан охирги суҳбатимиз у кишининг 80 йиллиги муносабати билан 1991 йил ноябрь ойида бўлган эди. Ўйлайманки, мазкур суҳбат улуғ санъаткоримизнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида муайян тасаввур беради.

—  Наби ака, аввало санъат оламига кириб келишингиз, устозларингиз ҳақида сўзлаб берсангиз.

—  Мен 1911 йил 7 ноябрда Қўқонда туғилганман. Шаҳримизнинг мисгарлик растасида кичкинагина дўконимиз бўлиб, отам мисгарлик билан шуғулланар, акам ва мен унга ёрдамлашардик. Отамни Мирзараҳим мисгар дейишарди. Лампа, керосинка, тикув машиналарини тузатардик. Дўконимизга аскиячилар, шоирлар келиб туришар, турли мавзуда суҳбатлашиб, аския қилишарди. Мен уларнинг суҳбатларини жон қулоғим билан тинглар ва иложи борича ёдда олиб қолишга интилардим.

Бундан ташқари ўша кезларда номи бутун Фарғона вилоятига машҳур бўлган Эрка қори, Ҳамроқул қориларнинг катта ашулаларини, Юсуфжон қизиқ, Усмон қори, Камол қори, Қодиржон пичоқ, Мамараззоқ ака, Мелиқўзи ака каби ўткир, нозик дидли аскиячиларнинг тагдор, мазмундор аскияларини берилиб тинглардим, улардан ўрганишга ҳаракат қилардим. Тожибой акам ҳам яллаларга, аскияга моҳир эди. Акамнинг яллалари, аскиялари дилимда қувноқлик туйғусини уйғотган бўлса, мана юқорида номлари тилга олинган уста санъаткорларнинг суҳбатларини, ашулаларини тинглаш қалбимнинг аллақаерида санъатга қизиқишни ниш урдирган. Ишонасизми, ҳатто ўша дўкондаги катта сандонга болғаларнинг бир маромда урилишидан чиқадиган овоз ҳам назаримда қандайдир бир куйга ўхшарди. Мана шулар менинг ёш қалбимда мусиқага, ҳажвга, сўзамолликка ҳавас ва иштиёқ уйғотган. 1926 йилда Қўқонда драма тўгараги ташкил қилингач, мен ҳам унга қатнаша бошладим.

Тўгаракда қатнашиш санъатга нисбатан ҳавасимни ниятга, орзуга айлантирди, санъаткор бўлиш ҳақидаги фикримни қатъийлаштирди. 1929 йилда ҳамшаҳрим Миршоҳид Мироқилов мени Самарқандга, Ҳамза номидаги драма театри труппасига олиб борди. Бу ерда Маннон Уйғур, Етим Бобожонов, Аброр Ҳидоятов, Ҳожисиддиқ Исломов, Раимберди Бобожонов, Шариф Қаюмов, Лутфулла Нарзуллаев, Обид Жалилов сингари улкан санъаткорлар даврасига қўшилдим. Менинг устозларим ҳам ана шулар. Улар менга ва менга ўхшаган кўплаб ёшларга актёрлик ҳунарини, унинг ўзига хос сирларини, саҳнада ўзини тутиш, партнёр билан муомала қилиш, роль устида қанақа ишлаш лозимлигини – хуллас, ҳақиқий актёр учун нима зарур бўлса ҳаммасини эринмай, сидқидилдан ўргатдилар. Санъат соҳасида неки ютуққа эришган бўлсам ҳаммасини ўша устозларимнинг меҳрибонлиги, мураббийлиги самараси, деб биламан, уларнинг руҳига таъзим қиламан.

–  Ҳар бир ижодкорнинг, жумладан, актёрнинг ишлаш услуби ҳар хил: биров тунда машқ қилади, кимдир кундузи ва ҳоказо. Сизнинг ишлаш услубингиз қандай?

– Мен учун ишлаш – роль сўзларини ёдлаш, машқ қилиш учун вақтнинг аҳамияти йўқ, бир кеча-кундуз йигирма тўрт соатдан иборат бўлса, шу вақтнинг ҳар дақиқасидан унумли фойдаланишга ҳаракат қиламан. Уйда ёки тўйда ўтирганимда, йўлда юрганимда, машинада кетаётганимда, самолётда учаётганимда ҳам, ҳатто йиғилишларда ўтирганимда ҳам хаёлимда ижро этаётган ролим, унинг сўзлари кезиб юради. Хаёлан гапириб, сўзларни такрорлаб, қайси сўзни қандай оҳангда айтиш лозимлигини ўйлаб юраман.

Ижод, бу – тинимсиз, узлуксиз жараён. Мукаммалликнинг чегараси йўқ дейишади-ку. У доимо ҳаракатда, изланишда бўлишни талаб қилади. Борди-ю, ана шу ҳаракат, изланиш тўхтаса ижод сўнади, кўлмак сўзга айланади, ҳаёт деб аталмиш катта, шиддаткор дарёнинг оқимидан орқада қолади.

Менга режиссёр бирон ролни топширди дейлик. Пьесани ўқиб чиққач, бир неча кун ёлғиз ўзим шу образни қайси йўсинда, қанақа йўналишда ижро этишни ўйлайман, фикрлайман, мулоҳаза қиламан. Маълум бир қарорга келгач, фикримни режиссёрга айтаман. Агар унга ҳам маъқул тушса, ишга киришаман, йўқса яна изланиш, қидириш давом этади...

Ҳар бир образ – у хоҳ катта, хоҳ кичик бўлсин – изланишлар туфайли вужудга келади. Айтайлик, Ягони ижро этиш осон бўлган дейсизми? Отелло ролини ижро этувчи Аброр Ҳидоятов қаёқда-ю, жиккаккина, қотмадан келган йигитча бўлган Раҳимов қаёқда! Ростини айтганда, мен Аброр аканинг савлати, обрўйи, довруғи, виқори остида йўқ бўлиб кетгудек эдим. Шунда менинг олдимда ана шу буюк санъаткорга муносиб партнёр бўлиш учун интилишдек улкан вазифа турарди. Нима қилиш керак? Борди-ю, ожизлик қилсам, Аброр аканинг соясида қолиб кетаман. Демак, Яго образи чиқмайди. Шундай мулоҳазалардан кейин ўзимча Аброр Ҳидоятов – Отелло шахсиятини писанд қилмайдиган, унинг устидан куладиган шахс образини ярата бошладим. Буюк санъаткор олдида ўз ожизлигимни билдирмаслик учун жоним борича тиришиб, унинг устидан кулардим, роль бўйича у саҳнага йиқилиб тушганида устига оёғимни қўйиб: «Туринг, ҳей генерал» деб масхара қилардим.

Ҳа, ҳар бир образ томошабин эътиборига ҳавола қилингунча актёр не-не машаққатларни бошидан кечиради: гоҳ қувонса, гоҳида юраклари қон бўлиб кетади. Аммо санъатга, актёрлик ҳунарига нисбатан юксак ихлос, муҳаббат унга далда, қувват бағишлайди. Образнинг табиий чиқиши учун янги-янги вариантлар қидиришига даъват этади.

– Наби ака, санъаткор ижро этган ролларни, таъбир жоиз бўлса, унинг фарзандларига ўхшатиш мумкин. Маълумки, ота-она учун фарзанднинг ёмони йўқ. Ахир бармоқнинг қайси бирини тишласа ҳам оғрийди-да. Лекин ҳар қалай шу фарзандлар орасида ота-она кўпроқ суядигани бўлади-ку! Тўғрими? Шу маънода қайси ролларингиз ўзингизга кўпроқ ёқади?

– Биласизми, бу кўпроқ асарга, образга ва унда кўтарилган муаммо, энг муҳими, ўша қаҳрамонга юкланган вазифага, унинг гапларига, бу гапларнинг мазмуни ва салмоғига боғлиқ. Шундай образлар борки, йигирма-ўттиз йил илгари ўйнаган бўлсам-да, ҳамон кечагидек ёдимда: ҳаракатлари ҳам, сўзлари ҳам. Бугун бўлса бугун, эрта бўлса эрта тўғридан-тўғри саҳнага чиқиб ижро этиб кетаверишим мумкин. Бундай образлар қаторига «Қутлуғ қон» спектаклидаги Шокир ота, «Отелло»даги Яго, «Шоҳи сўзана»даги Қўзиев, «Ревизор»даги Хлестаков, «Момақалдироқ»даги Тихон, «Мирзо Улуғбек»даги Бобо Кайфий, «Бухоро»даги Урганжи, «Ўн учинчи раис»даги Саъдиев, «Ғариблар»даги ота, «Қутлуғ қон» ва «Диёнат» видеофильмларидаги Ёрмат ва Шомуродов ролларини киритаман.

Бу образларни нега яхши кўришимнинг ўзига хос сабаблари бор. Масалан, Шокир ота қиёфасида мен халқимизнинг бағри кенглигини, олижаноблиги, содда ва беғуборлигини кўраман. Шу хислатларни ифода қилишга интилганман. Яго эса жаҳон классикасига дастлабки қўл уришларимдан бўлиш билан бир қаторда у менга обрў, шуҳрат келтирди. Айни вақтда ҳар қандай йирик ва кенг планли образни ижро эта олишимга ўзимда ҳам, режиссёр ва касбдошларимда ҳам ишонч уйғотди. Лекин шундай роллар ҳам борки, уларни яқиндагина ўйнаганимга қарамай бугун эсимда йўқ.

– Масалан?

– Мисолни қўйинг, айтмаганим маъқул. Ўтмишни эслаганда ҳамиша яхши, қувонарли воқеаларни ёдга олган дуруст. Муваффақиятсизликлардан хулоса чиқариш, кейинги ишларда уни такрорламасликка интилиш керак. Адолат юзасидан бир нарсани айтишим лозим, деб ўйлайман. Лермонтовнинг «Маскарад» асаридаги Арбенин ролини ижро этганман. Режиссёрнинг айбими, менинг айбимми – буни билмайман, лекин менинг ижромда шу образ чиқмаган, на ўзимга, на ўзгаларга ёққан.

Образнинг эсда қолиш-қолмаслиги, умри боқийлиги унинг катта-кичиклигига боғлиқ эмас. Станиславский айтганидек, ролнинг катта-кичиги бўлмайди, актёрнинг катта-кичиги бўлади. Қийқим роль ҳам, агар табиий ижро этилса, томошабиннинг ҳам,  актёрнинг ҳам хотирасида мангу қолиши мумкин.

Миршоҳид Мироқиловни ҳамма билади. Шу актёр деярли йирик, яъни, бош ролларни ўйнамаган. Асосан кичик ролларни ижро этган. Лекин Миршоҳид ака шунақа талантли эдики, ҳар бир ҳаракати, сўзи томошабиннинг эсида қолган. «Мафтунингман» фильмидаги Миршоҳид ака ўйнаган ролни эсланг. Фильмда қатнашиш учун ёш актёрлар танлови эълон қилинди. Миршоҳид Мироқилов Саттор Ярашевни етаклаб келади-да, мана шуни бир эшитиб кўринглар, ўзбек Шаляпини, дейди. Бир лаҳзалик кадр томошабин ёдида қолган. Бунга ўхшаган мисолларни бошқа актёрлар ижросидан кўплаб келтириш мумкин.

– Узоқ йиллик ижодий фаолиятингиз давомида театр, кино ва ойнаи жаҳонда қанқа-қанча режиссёрлар билан ишлагансиз. Улардан қайси бирларини кўпроқ ёқтирасиз ва бунинг сабаблари нимада?

– Мен профессионал саҳнада илк бор Фурмановнинг «Исён» асаридаги Егор ролини ижро этганман. Бу ролни ишонарли, эсда қоларли қилиб ўйнашимда Алексеев деган режиссёрнинг ёрдами катта бўлганини унутолмайман. Маннон Уйғур, Етим Бобожонов, Фатҳулла Умаров каби устоз режиссёрларга, уларнинг меҳрибонлиги ва режиссёрлик қудратига ҳар қанча таъзим қилсам арзийди. Улар стол атрофида ишлашга – ўқиш (читка)га жиддий эътибор берарди, талаффузни, сўзларни мазмунига қараб урғу бериб айтишни қатъий талаб қиларди. Чунки ҳар қандай яхши спектаклнинг манбаи адабий асар – пьеса. Унинг сўзлари тўлалигича, муаллиф ва режиссёр истаган тарзда томошабинга етиб бормас экан, ундай ролнинг ҳам, спектаклнинг ҳам муваффақияти ҳақида гапириш қийин.

Тошхўжа Хўжаев, Александр Гинзбург ўша устозлар анъанасини давом эттирди. Уларда режиссёрлик салоҳияти кучли эди. Ўзларига замондош бўлган ҳамкасбларининг энг бақувватларидан саналарди улар. Ҳозирги кунда ҳам истеъдодли режиссёрларимиз бор. Улар орасидан Баҳодир Йўлдошевни алоҳида таъкидлагим келади. Баҳодир ижодий фантазияси кенг, чарчашни билмайдиган, спектаклни яхлит ҳолга келтира олиш маҳоратига эга санъаткор. У артист танлай олади, дидли, талабчан режиссёр. Замон воқеаларига, муаммоларига жавоб берадиган асарларни худди ана шу замонавий кўз билан саҳнага олиб чиқади. Унинг режиссурасига мансуб «Қароқчилар», «Рўйхатларда йўқ», «Ғариблар», «Келинлар қўзғолони», «Майсаранинг иши», «Қора камар» ва бошқа спектакллар бу фикримга далил бўлади.

—   Наби ака, шогирдларингиз, умуман, ёш актёрлар ҳақида нима дея оласиз?

—   Ёшларнинг изланишлари, куюнчаклиги мени қувонтиради. Шогирдларимни номма-ном санаб ўтиш қийин, улар анча-мунча. Бундан хурсандман. Лекин битта нарса мени ҳамиша ўйлантиради, ҳатто ташвишга солади. Айрим ёшларимиз битта-иккита роль ўйнаши билан мағрурланиб кетади. «Палон ролни ўйнадимми, демак, ҳар қандай образни олиб чиқишга қодирман», деган фикрга боради. Ахир бирон образ қиёфасида саҳнага чиққан билан, борингки, айрим томошабинларнинг «олқиши»га сазовор бўлган билан иш битмайди-да. Устоз санъаткорлар ижро этган ролга қўл урган ёш актёр унга ўзидан нимадир қўшиши, шу образнинг янги қирраларини кашф этиши, юрак қўрини бағишлаши зарур. Бошқача айтганда, устозлар ижоди, маҳоратини ижодий ўзлаштириш лозим, нусха кўчириш, тақлид санъаткорга обрў келтирмайди. Шунинг учун бир вақтлар шуҳрат қозонган спектаклларни қайта тиклашда жуда эҳтиёт бўлиш керак.

Ёш актёрлар ҳақида ўйлаганимда яна бир нарса безовта қилади мени. Улардан баъзилари ўзларига имкониятларидан ортиқ баҳо бериб юборади. Энг ёмони, оз бўлса-да, чинакам образ яратиб, халқ дилида қолишни ўйламай, кундалик рўйхатлар, енгил-елпи шуҳрат учун роль ўйнайди. Натижада ўз имконияти, иқтидоридан бир неча баробар юқори бўлган образларга тортинмай-нетмай қўл ураверади. Халқ муҳаббати, олқишини зўрлаб олиб бўлмайди. Машҳур ролларни пала-партиш ўйнаб, томошабин меҳрини қозониш қийин. Аксинча, олдинги бор обрўсини ҳам йўқотиб, томошабин ихлосини ўзидан совитади. Шунинг учун каттами-кичикми, ўз роли, ижро услуби, қиёфасини яратиш керак.

Ўрни босилмайдиган одам йўқ, дейишади. Бу фикрга қўшилмайман. Чунки шундай ижодкор борки, уларнинг ўрнини босиш қийин, мумкин эмас. Айтайлик, Маннон Уйғур ёки Аброр Ҳидоятов, Етим Бобожонов ёхуд Обид Жалиловнинг ўрнини ким боса олади?! Эҳтимол, улардан зўрроқ режиссёрлар, актёрлар чиқиши мумкиндир. Аммо ҳеч қачон, ҳеч ким на Уйғур, на Ҳидоятов бўла олади.

 Санъатга фидойилик керак, деймиз. Лекин бунга енгил-елпи қаровчилар ҳам йўқ эмас...

– Санъатнинг, хусусан, театр санъатининг ўзига хос қоидалари бор. Бирон актёрнинг оиласида кўнгилсиз ёки қувончли воқеа рўй берган, дейлик. У буни спектакль бошланишидан олдин айтмайди. Ролни ижро этиб бўлгач, маълум қилиши керак. Обид Жалилов қизи вафот этган куни ҳеч кимга билдирай спектаклда ўйнаган. Мен ўғлимнинг вафотини ичимга ютиб, «Тор-мор»да роль ижро этганман. Булар фидойилик эмасми?

Ҳозир бу гапларга кулиб, ҳатто масхаралаб қаровчилар бор. Бундай қарашни мен ҳазм қилолмайман. Санъатга кирдингми, унинг қонун-қоидаларига чидашинг керак. Бошқа йўл йўқ!

—   Бўш вақтларингизда нима билан шуғулланасиз?

—  Менинг энг яхши кўрганим – саёҳат ва мутолаа. Қўлим бўшади дегунча саёҳатга отланаман. Халқ орасида юришни, турли касб эгалари билан суҳбатлашишни жуда ёқтираман. Чунки ана шу суҳбатлар жараёнида одамларнинг характерини ўрганаман.

Ҳар бир одамнинг ўзига хос характерини, қилиғини, даврада, суҳбатда ўзини тутишини, гапиришини кузатаман. Булар саҳнада ижро этадиган қаҳрамонларим характерини тўла очиш, уларнинг хатти-ҳаракатлари, сўзлаши табиий бўлиши учун асос, материал бўлади. Бирон ролни тайёрлаш жараёнида қайси бир шаҳар ёки қишлоқда учратганим бир одамнинг гапириш усули, кулиши ёхуд ўтириши, ҳатто кўзини ўйнатиши-ю, биров билан қўл олиб кўришиши ёдимга келади, шу қаҳрамонни ўша одам қиёфасида тасаввур қиламан. Шунда ролни ижро этиш нисбатан осон кечади. Одамларнинг қилиқларини кўчириб беришга болалигимдаёқ анча «уста» бўлиб қолгандим-да. Ахир «Шоҳи сўзана»даги бригадир Қўзиев, «Қутлуғ қон»даги Шокир ота ва Ёрмат, «Парвоз»даги колхоз раиси Мамасолиев ёки «Диёнат»даги Шомуродов, «Оловли йўллар»даги Ибн Ямин ва бошқа образларда ўзим учратган баъзи одамларнинг айрим хислатлари, одамлари йўқ дейсизми?! Бор, албатта. Демак, санъаткор халқдан олиб, халққа беради...

– Наби ака, яна битта савол. Театрга, кино, дубляж, радио, телевидениега борасиз. Булардан ташқари томошабинлар билан ижодий учрашувлар ўтказиш, турли йиғилиш ва тадбирларда қатнашиш, қариндош-уруғ, дўсту биродарларни байрамлар, туғилган кунлар ва бошқа тадбирлар билан табриклаш керак. Буларнинг ҳаммасига қандай вақт топасиз, қандай улгурасиз?

– Тўғри айтдингиз. Буларнинг ҳаммаси ҳам масъулиятли, бажармаса, вақтида қилмаса бўлмайдиган ишлар. Четдан қараганда, бунча ишга бир кишининг улгуриши қийин. Лекин улгуриш мумкин. Мана мен улгуряпман-ку. Бунинг учун, аввало, вақтни беҳуда сарфламаслик керак, сўнгра касбга ихлос, одамларга муҳаббат зарур. Дўсту ошнолар, қариндош-уруғларни қанчалик ҳурмат қилсак, севсак, томошабинларни ҳам шунчалик севишимиз, уларнинг вақтини қадрлашимиз зарур. Бажараётган ишимиз – у каттами-кичикми, қатъи назар – одамлар учун, уларнинг онгини, гўзалликка, эзгуликка бўлган қизиқишини ўстириш учун, келажакка бўлган ишончини мустаҳкамлаш учун хизмат қилишини чуқур, қалбдан ҳис қилишимиз керак. Юрагида ана шу туйғу жўш урган одам юқоридаги ишларнинг ҳаммасига улгуради, вақтида бекаму кўст кўнгилдагидай бажара олади. Шунда унинг кўнгли завққа тўлади. Киши ўзи қилган ишидан, аввало, ўзи завқланиши лозим. Шунда одам чарчамайди, толиқмайди, зерикмайди.

Маматқул Ҳазратқулов

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.