Исроилга кимлар қурол етказиб беради?

Улашиш:

Исроил — ўзи йирик қурол экспортёрларидан, аммо унинг қуролли кучлари асосан импорт қилинадиган самолётлар, бошқарилувчи бомбалар ва ракеталарга таянади. Экспертлар ЦАҲАЛнинг Ғазодаги амалиётини яқин тарихдаги энг интенсив ва вайронкор ҳаво кампанияларидан бири деб атамоқда.

Исроилнинг иттифоқчилари саналган Ғарбнинг қатор мамлакатларида қурол экспортини тўхтатиш даркорлиги тўғрисида тобора кўпроқ чақириқлар бўлмоқда, уларнинг фикрича, Исроил тинч аҳолини ҳимоя қилиш ва уларга етарли миқдорда инсонпарварлик ёрдами етказиш учун етарлича ҳаракат қилмаяпти.

Ўтган жума куни БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши қурол етказиб беришни тақаиқлаш таклифини қўллаб-қувватлади: 28 мамлакат бунга қўшилди, олти мамлакат қарши бўлди ва 13 таси бетараф қолди. Исроилга катта миқдорда қурол етказиб берувчи АҚШ ва Германия қарши овоз берди, Германия вакили мамлакат позициясини резолюция тўғридан тўғри ҲАМАСни қораламаслиги билан изоҳлади.

Уруш ҲАМАСнинг 2023 йил 7 октябрида Исроилга ҳужум қилиши ортидан бошланганди, бу ҳужум оқибатида, исроилликларнинг ҳисоб-китобларига кўра, 1200 нафар атрофида одам ҳалок бўлган, уларнинг аксари тинч аҳоли вакиллари эди. ҲАМАС назорати остидаги Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, Исроилнинг сектордаги жавоб амалиёти натижасида 33 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлган, шундан 70 фоизи – аёллар ва болалар.

Исроил ўз кучлари тинч аҳоли орасида қурбонлар бўлишига йўл қўймасликка ҳаракат қилишини айтиб, ҲАМАСни тинч аҳоли вакилларини қасддан зарба остига қўйишда айблайди ҳамда Ғазога инсонпарварлик ёрдами етказиб берилишини чекламаслигини айтади.

Қўшма Штатлар

АҚШ — Исроилнинг энг йирик қурол етказиб берувчиси, улар ушбу давлатга жаҳондаги энг илғор технологик армиялардан бирини барпо этишда ёрдам берган.

Стокҳолм тинчликни ўрганиш халқаро институти (SIPRI) маълумотларига кўра, 2019–2023 йилларда Исроил қурол импортининг 69 фоизи АҚШ ҳиссасига тўғри келган.

АҚШ Исроилга 10 йиллик келишув доирасида ҳар йили 3,8 млрд доллар миқдорида ҳарбий ёрдам ажратади, бу орқали қўшни мамлакатлар устидан «сифатли ҳарбий устунлик»ни сақлаб қолиш мақсад қилинган.

Исроил дунёдаги энг илғорларидан бири ҳисобланадиган бешинчи авлоддаги кўп мақсадли F-35 Joint Strike Fighter қирувчи самолётларига буюртмаларни молиялаштиришда халқаро грантлардан фойдаланган. Ҳозирга қадар 75 та самолётга буюртма қилинган, шундан 30 дан ортиғи етказиб берилган. Исроил F-35 самолётларини қабул қилиб олган илк давлат (уни ишлаб чиқарувчи АҚШдан кейинги) ва уни жангда қўллаган биринчи давлат бўлган.

Ёрдамнинг бир қисми – йилига 500 млн доллар – ракетага қарши мудофаа дастурларини, жумладан биргаликда ишлаб чиқилган «Темир гумбаз», «Найза» ва «Довуднинг палаҳмони» каби тизимларни молиялаштиришга йўналтирилади. Уларнинг ёрдамида Исроил ўз шаҳарларини Ғазодаги фаластинликларнинг гуруҳлари, Ливан, Сурия ва Ироқдаги Эрон таъсиридаги тузилмалар учирадиган ракеталар ва дронлар ҳужумларидан ҳимоялайди.

ҲАМАСнинг 7 октябр кунги ҳужумидан кейин кўп ўтмай президент Жо Байден Исроилга ҳарбий ёрдам оширилиши ҳақида эълон қилганди. Ҳозирча ушбу баёнотдан кейин Америка ҳарбий техникалари сотуви бўйича икки келишуви ҳақида маълум бўлган: 106 млн долларга танклар учун 14 000 та снаряд ва 147 млн долларга 155-миллиметр калибрли артиллерия снарядлари ишлаб чиқариш учун бутловчи қисмлар етказиб бериш.

Аммо, Америка нашрлари маълумотига кўра, президент Жо Байден маъмурияти ими-жимида Исроилга 100 дан ортиқ ҳарбий сотувларни амалга оширган, уларнинг аксари Конгрессни расман хабардор қилиш талаб этиладиган миқдорга етиб бормаган. Бу рақам минглаб аниқ бошқарилувчи ўқ-дорилар, кичик диаметрли бомбалар, истеҳкомларни вайрон қилиш учун махсус ўқ-дорилар ҳамда ўқотар қуролларни ўз ичига олади.

Шу билан бирга, SIPRI ҳисоботида айтилишича, Исроилнинг АҚШдан қурол-яроғ импорти ҳажми 2023 йилда ҳам худди 2022 йилдаги ҳолатда сақланиб қолган.

Конгрессни огоҳлантиришни талаб қилувчи йирик келишувлардан бири 18 млрд долларга 50 тагача F-15 қирувчиларини сотиш бўйича келишувдир, шу ҳафтада ОАВда шу ҳақда янгилик пайдо бўлган. Конгресс ҳозирча уни маъқулламаган, қолаверса, бу самолётларнинг ўзи ҳали ясалмаган, шундай экан, гап зудлик билан етказиб бериш ҳақида бормаяпти.

Германия

SIPRI маълумотига кўра, Германия — Исроилга қурол етказиб берувчи иккинчи энг йирик экспортёр саналади, 2019 йилдан 2023 йилгача бўлган даврда исроилликларнинг қурол импортининг 30 фоизи ушбу давлат ҳиссасига тўғри келган.

Ўтган йилда Европа давлати Исроилга 300 млн евролик қурол сотган, бу 2022 йилдагига қараганда 10 баробар кўп.

DPA агентлиги маълумотига кўра, савдонинг асосий қисми ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва коммуникация ускуналари учун таркибий қисмлар етказиб беришдан иборат.

Канцлер Олаф Шолц уруш бошланганидан буён Исроил ўзини мудофаа қилишга ҳақли эканини айтиб келади, сўнгги ҳафталарда унинг исроилликларнинг Ғазодаги ҳаракатларига муносабати ўзгарган бўлса-да, афтидан, Исроилга қурол етказиб беришда ўзгариш бўлмайди.

Италия

Италия — Исроилга қурол экспор қилувчи учинчи давлат, аммо унинг 2019–2023 йилларда Исроил қурол импортидаги улуши атиги 0,9 фоизга тенг бўлган. Мавжуд маълумотларга кўра, гап вертолётлар ва денгиз артиллерияси ҳақида боради.

Миллий статистика бюроси (ISTAT) маълумотига кўра, ўтган йилда савдо ҳажми 13,7 млн еврони ташкил этган.

Ҳукумат уруш иштирокчилари бўлган ёки инсон ҳуқуқларини бузадиган мамлакатларга қурол сотишни қонун билан тақиқлашига ишонтирганига қарамай, октябр ойидан декабр ойига қадар 2,1 млн евролик ҳарбий юклар юборилишига рухсат берилган.

Март ойида мамлакат мудофаа вазири Гвидо Крозетто парламентда Италия мавжуд шартномаларни бажарганини, «тинч аҳолига қарши қўлланиши мумкин бўлган материалларга тааллуқли эмаслиги»га ишонч ҳосил қилиш учун уларнинг ҳар бири текшириб чиқилганини маълум қилган.

Бошқа мамлакатлар

Буюк Британия ҳукумати маълумотига кўра, Исроилга қурол экспорти ҳажми «катта эмас» — 2022 йилда бу 42 млн фунтни (53 млн доллар) ташкил этган.

«Қурол савдосига қарши кампания» (CAAT) маълумотига кўра, 2008 йилда Буюк Британия Исроилга жами 574 млн фунт (727 млн доллар) миқдорида қурол экспорти учун лицензия тақдим этган.

Уларнинг катта қисми Америка ишлаб чиқарган ва Исроилга етиб келадиган ҳарбий самолётларда фойдаланиладиган компонентлар учун мўлжалланган. Аммо шундай етказмаларни тўхтатиш учун ҳам Уайтҳоллга босим кучаймоқда.

Бош вазир Риши Сунак Буюк Британияда экспортни лицензиялаш режимига қаттиқ амал қилиниши ва Исроил «халқаро гуманитар ҳуқуққа мувофиқ ҳаракатланиши» лозимлигини айтган. Буюк Британия ҳукумати шунингдек Исроилнинг 2024 йилги ҳаракатларида халқаро ҳуқуққа қанчалик риоя этгани бўйича ўз баҳосини тайёрламоқда.

Аммо ҳукуматдаги юқори мартабали мулозим BBC билан суҳбатда Исроилга қурол етказиб беришга эмбарго «қўйилмаслиги»ни айтган.

Исроилнинг Elbit Systems компанияси Ғазо секторидаги урушда қўлланаётган Hermes 450 дронларини ишлаб чиққан. Фото: AFP

2022 йилда Исроилга 21,3 млн Канада доллари (15,7 млн АҚШ доллари) миқдорида қурол сотган Канада ҳукумати январ ойида қуроллар мамлакат қонунчилигига мувофиқ фойдаланганига ишонч ҳосил қилмагунича янги қуроллар экспортига рухсат беришни тўхтатганини маълум қилди. Аммо олдин берилган рухсатномалар ўз кучида қолади.

Исроил мудофаа саноати

Исроил АҚШ ёрдамида ўз мудофаа саноатини яратган ва бугунги кунда қурол экспорти бўйича жаҳонда тўққизинчи ўринни эгаллайди, мамлакат асосан танк ва самолётлар эмас, илғор технологик маҳсулотларни етказиб бериш билан шуғулланади.

SIPRI маълумотига кўра, 2019 йилдан 2023 йилга қадар Исроилнинг жаҳон қурол савдосидаги улуши 2,3 фоизни ташкил этган, унинг асосий уч харидори — Ҳиндистон (37 фоиз), Филиппин (12 фоиз) ва АҚШ (8,7 фоиз). Исроил мудофаа вазирлигига кўра, 2022 йилда савдо ҳажми 12,5 млрд долларни ташкил этган.

Жами экспорт ҳажмининг тўртдан бир қисмини дронлар, 19 фоизини — ракеталар, реактив снарядлар ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, 13 фоизини — радарлар ва радиоэлектрон кураш воситалари ташкил этади.

Сентябр ойида, уруш бошланишидан бироз олдинроқ Германия Исроил билан Arrow 3 ракеталарга қарши мудофаа тизимларини сотиб олиш учун 3,5 млрд долларлик келишув тузганди, бу ракеталар узоқ радиусда ҳаракатланувчи баллистик ракеталарни тутиб олишга мўлжалланган. Исроил мудофаа саноати тарихидаги энг йириги бўлган ушбу келишувда АҚШнинг розилигини олишга тўғри келган, чунки исроилликлар бу тизимни америкаликлар билан биргаликда ишлаб чиқишган.

АҚШнинг Исроилдаги ҳарбий захиралари

Хабарларга кўра, АҚШ Исроилга ўз захираларидаги артиллерия снарядларидан фойдаланишга рухсат берган. Фото: EPA

Исроилда АҚШ қуролларининг энг йирик омбори жойлашган, у 1984 йилда Америка армияси минтақавий можарога аралашган тақдирда ишлатиш, шунингдек фавқулодда вазиятларда Исроил қуроллардан тезда фойдалана олишини таъминлаш мақсадида тузилган.

Россия босқини бошланганидан кейин Пентагон ушбу захиралардан 300 мингтага яқин 155-мм калибрли артиллерия снарядларини Украинага юборган.

Хабарларга кўра, ушбу омборда сақлаб келинган ўқ-дорилар Ғазодаги уруш бошланганида Исроилга ҳам етказиб берилган.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.