Сўкиниб гапириш муносабатларни бузиши бор гап. Эндиликда илмий тадқиқотлар мазкур одати бор одамларда фикрлаш ва ҳаракат қилишда ҳам нуқсонлар пайдо бўлишига сабаб бўлишини исботламоқда.
Айрим одамлар сўкиниш бу кучли эмоция таъсири деб баҳолашади. Бу шубҳасиз одатдаги сўзлашувдан мутлақо фарқ қилади.
Сўкиниш инсондаги ухлаб ётган ҳиссиётларини қўзғатиб юборади. Натижада, инсон бирдан терлаб кетади ёки юрак уруши тезлашади. Мазкур ўзгаришлар тажовузкорликни кучайтириб юборади.
Тадқиқотлардан маълум бўладики, сўкиниш бора-бора инсоннинг миясида бошқариб бўлмас функцияга айланиб қолади. Оддий мисол қилинадиган бўлса, мияси лат еган ёки гапиришида нуқсон пайдо бўлган инсонларда сўкиниш унутилиб кетмайди. Бу эса мазкур тадқиқотнинг нақадар тўғри эканлигини кўрсатади.
Сўкинишнинг фикрлашга қандай таъсир этишига тўхталганда, олимлар қуйидаги асосни кўрсатади.
Сўкиниш оддий сўзларга қараганда кўпроқ эътибор тортади ва яхши эсда қолади. Бироқ улар бошқа сўзларнинг қайта ишланишига ҳам халақит беради.
*Буни маиший ҳаётда ҳам кўп кузатамиз. Масалан, сўкиниш одати бор одам ниманидир изоҳламоқчи бўлса, тополмай қолган сўзини сўкиниш билан изоҳлайди.
Олимлар, шунингдек, турли тилларда сўкинишни ҳам таҳлил қилган. Яъни, бир хил маънодаги сўкиниш турли тилларда ишлатилса, фақатгина она тилида айтилганда таҳдидли ва эмоцияга бой чиқар экан.
Шу нуқтаи назардан, сўкиниш бу кишининг ўз ҳиссиётларига тааллуқли эканлигини кўрсатади. Бунда сўзлар шунчаки ўша эмоцияларни етказиб берувчи деталь вазифасини бажаради.
Инсон сўкиниш орқали ҳис қилаётган оғриғини танасидан чиқаришга ҳаракат қилади. Чунки, исботланганидек, сўкиниш оғриқни камайтиради. Аммо бу унинг нормадаги инсон қобиғидан чиқиб кетиш ҳолатига сабаб бўлади.