Бахтли одамларнинг 21 одати

Улашиш:

Ҳаммаси оддийдек туюлади. Сиз ёки бахтлисиз ёки йўқ, бу ҳолатга таъсир кўрсатолмайсиз. Бироқ ихтиёрий-мажбурий равишда бахтли бўлиш мумкин экан. Шунчаки бироз ҳаракат қилиб, бир нечта фойдали одатни шакллантириш зарур.

Маълум бўлишича, ҳар қандай бахтли одамда 21 хил одат бўлади. Булар қандай одатлар эканини билишни истайсизми? Мақоланинг давомини ўқинг.

Улар ўз атрофига бахтли одамларни йиғишади
Қувонч юқумли. “Framingham Heart Study” тадқиқотчилари йигирма йилдан кўпроқ вақт давомида “бахтнинг тарқалиши”ни ўрганиб, атрофида бахтиёр кишилар бўлган одамларнинг келажакда бахтли бўлиш имкони кўпроқлигини таъкидлаб ўтишди. Бу — тунд дўстларнинг ўрнига хушчақчақ одамлар билан дўстлашиш учун асосли сабаб бўла олади.

Улар жилмайишади
Ўзингизни қувноқ ҳис қилмаётган бўлсангиз ҳам, бирон яхши нарса ҳақида ўйлаб, бу фикрга кулиб қўя қолинг. Бу ёрдам беради. Лекин сохталик қилмаслик лозим. Агар сиз жилмайиб туриб, ёмон нарсани ўйлайверсангиз, янаям ёмон бўлади.

Улар тикланиш қобилиятини ривожлантиришади
Руҳшуносларнинг гапига қараганда, айнан тикланиш қобилияти — сиқилишнинг антоними, бахт эмас. Бахтли одамлар руҳий зарбадан қандай ўнгланишни билишади. Бу ҳар бир инсон ҳаётида содир бўладиган кўнгилсизликларга қарши ўзига хос қуролдир. Япон мақолида “Етти марта йиқилсанг, саккиз марта тур”, дейилади.

Улар бахтли бўлишга ҳаракат қилишади
Бу оддий: шунчаки бахтли бўлишга ҳаракат қилиш ички кайфиятни анча юксакка кўтаради.

Улар яхши нарсаларга эътиборли бўлишади
Узоқ вақт мобайнида ва машаққат билан эришилган ютуқларни нишонлаш муҳим, лекин бахтли одамлар кичкина ғалабаларга ҳам эътибор беришади. Қандайдир арзимас майда нарсаларни пайқашга вақт сарфлаганимизда, ўзимизни кун давомида яхши ҳис қилишимизга имкон берадиган кайфиятга эга бўламиз.

Улар оддий ҳузур-ҳаловатни ҳам қадрлашади
Боғдаги ўриндиқда музқаймоқ ейиш, итнинг қулоғини силаб қўйиш, ҳис қилиш, камалакни кўриш: бахтли одамлар жудаям оддий, ўз-ўзидан пайдо бўладиган нарсаларни жуда қадрлашади. Кичик нарсалардан севиниш ва эга бўлган ҳамма нарсасига шукр қилиш қувониш ҳисси билан бевосита боғлиқ.

Улар вақтнинг бир қисмини яхшиликка сарфлашади
Бир суткага 24 соат бўлишига қарамай, бахтли одамлар бу вақтнинг бир қисмини яхшилик қилишга сарфлашади, ахир бу яхшилик, албатта, қайтади ва уларнинг ҳаётига ижобий ўзгаришлар олиб киради. Кўнгилли бўлиш ёки шунчаки беғараз яхши ишлар қилиш одамнинг руҳий ҳолатигагина эмас, жисмоний соғлиғига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Бундай одамлар камдан-кам зиқналик ҳолатига тушишади. Психологияда “ёрдам берувчининг ҳузури”, деган тушунча мавжуд. Чунки яхши ишлар — дофамин ажралиши учун триггердир.

Улар вақтни унутишдан қўрқишмайди
Бирон мураккаб, илҳомбахш ва муҳим ишга берилганингизда, “оқим”, дейиш мумкин бўлган бир нарсани ҳис қиласиз. Бахтли одамлар маълум кўникмани талаб қиладиган, уларни йўналтириб, аниқ бир мақсад сари ҳаракат қилишга ундайдиган машғулотларни қидиришади. Бунга сабаб ўша “оқим” уларни “оқизиб” кетиши учун.

Улар бекорчи гаплардан маъноли мулоқотни афзал кўришади
Ким биландир шунчаки бир-икки оғиз гаплашиш ёмон эмас, лекин жиддий мавзуларда узоқ суҳбатлашиш — ўзини хурсанд ва жўшқин сезиш учун ажойиб амалиёт. Бу бекорчи сафсатадан кўра кўпроқ завқ бағишлайди. Ўлаётган одамлар кўпинча, “туйғуларим ҳақида гапириш учун журъатлироқ бўлишни истардим”, деб афсусланишади. Буни қарангки, биз кўнглимиздаги гаплардан кўра об-ҳаво ҳақида кўпроқ гапирамиз.

Улар пулни бошқаларга сарфлашади
Пул бахт келтириши мумкин. Лекин уни фақат ўзингизга эмас, бошқаларга ҳам сарфлаганингизда. Бериш олишдан кўра яхшироқ.

Улар тинглашни билишади
Тинглаганингизда янги билимлар учун “ йўл очасиз”. Гапирганингизда эса бу йўлни ёпасиз. Бундан ташқари, тинглаб, ўзингизга бўлган ишончни ва уларга бўлган ҳурматингизни кўрсатасиз. Одамлар бунга бефарқ қарашмайди, улар сизга нисбатан ижобий ҳисларни ҳис этишади, сизни яна бирозгина бахтиёр қилади. Тинглашни билиш — бу муносабатларни мустаҳкамлайдиган кўникма ҳамдир.

Улар алоқани узмасликка уринишади
СМС ёзиш, қўнғироқ қилиш ёки ижтимоий тармоқларда бирон нима ёзиб қўйиш — бу жуда тез битадиган иш. Аммо мамлакатнинг бошқа чеккасидан дўстини кўриш учун учиб бориш — анча яхшироқ. Ҳар қандай инсон бошқа одамларнинг хайрихоҳлигига эҳтиёж сезади, бунинг учун эса дўстлар билан алоқа қилиш керак. Фақат онлайнда эмас. Ижтимоий тармоқлар одамни бағрига босиш имконини бермайди, бу эса бахт учун жуда муҳим. Аллақачон исботланган.

Улар яхши томонни кўришади
Оптимизм соғлиққа жуда яхши таъсир кўрсатади: руҳий зиқлик камроқ бўлса, юрак билан боғлиқ муаммолар камайиб, оғриқ ҳам сусаяди. Агар сиз атай ҳамма нарсанинг яхши томонини кўришга ҳаракат қилсангиз, демак, соғлик ва бахтни танлаган бўласиз.

Руҳшуносларнинг айтишича, пессимистлар кўнгилсизик узоқ давом этишига, эришган ҳамма нарсаларини йўқ қилишига ва бу ўзларининг айби билан бўлишига ишонишади. Дунёнинг худди ана шундай қийинчиликларига дуч келган оптимистлар омадсизлик ҳақида буткул бошқача ўйлашади. Улар мағлубият вақтинчалик ҳолат эканлигига, бу уларнинг айби билан бўлмаганига (вазият, омадсизлик ёки бошқа одамлар) ишонишади. Бундай одамларни мағлубият ташвишга солмайди. Улар кўнгилсизликни синов, деб қабул қилиб, кўпроқ ҳаракат қилишади.

Улар яхши мусиқани қадрлашади
Мусиқада куч бор. Уқалаш кучи билан тенглаша оладиган куч. Мос мусиқани танлаш — муҳим омил. Қувноқ ёки маҳзун қўшиқ дунёни қандай қабул қилишимизга таъсир кўрсатади. Бир тадқиқотда одамлардан суратларга қараб уларнинг бахтли ёки ғамгинлигини аниқлашни сўрашган. Кўп ҳолатларда жавоб тажрибадагиларнинг ўша вақтда эшитаётган мусиқаси кайфияти билан белгиланган. Демак, қувноқ мусиқани кўпроқ эшитишга ҳаракат қилиш керак.

Улар тармоқдан узилишади
Технологиялар, янгиликлар, ахборотнинг кўплиги маълум вақтга компьютердан узоқлашсангиз, планшетни олиб кетмасангиз ёки телефонни вақтинча ўчирсангиз, ҳеч қаерга кетиб қолмайди.

Улар эътиқодли бўлишади
Шукр қилиш, шафқатли ва меҳрибон бўлиш — ҳар қандай диннинг муҳим қисми. “Катта мақсадлар”нинг борлиги ҳаётимизга мазмун бағишлайди. 2009 йилда ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, ҳаётда мақсади ва олий вазифаси бор, деб ҳисоблаган болалар шунчаки яшаётган тенгдошларидан бахтлироқ эканлиги маълум бўлди. Муҳими, ҳаётни тартибга солиб, маънан юксалтирадиган, доимий пойгадан бироз тўхташимизга ундайдиган эътиқод бўлиши зарур.

Улар жисмоний машқлар билан шуғулланишади
Жисмоний машқлар одамга эндорфин беради. Эндорфин одамни бахтиёр қилади. Машқлар миядаги кимёвий реакциялар туфайли руҳий зиқлик, безовталик, тушкунлик аломатларини енгиллаштиради. Бундан ташқари, машқлар ўз танамизни қадрлаб, уни яхши кўришимизга имкон беради, бу эса яхши кайфият учун жуда муҳим. Қизиғи, одамлар жисмоний машқлардан озмаса ҳам ва юксак марраларни забт этмаса ҳам, барибир ўзларини кўпроқ яхши кўришади.

Улар сайр қилишади
Табиат — бу руҳ учун ёқилғи. Очиқ ҳаводаги ҳатто йигирма дақиқалик сайр ҳам кайфиятга ижобий таъсир қилади. Ўзимизни ланж сезганимизда, қаҳва дамлаймиз, бироқ ундан кўра шунчаки сайр қилиб, табиатдан қувват олган яхшироқ.

Улар бироз чўзилиб ётишади
“Чап ён билан туриш” — ўйлаб топилган гап эмас. Уйқунинг маъқул даврида уйғониш — кун давомида ёмон кайфиятда бўлишдан қутулиш йўли ҳамдир. Шифокорлар ўриндан дарров сакраб туриб, югуришни тавсия этишмайди, уйғонишни оёққа қалққандан кейин эмас, кўрпа ва ёстиқдан иборат қулай жойда бошлаган маъқул. Ва, албатта, тўйиб ухлаш керак.

Улар қаҳқаҳ уриб кулишади
Кулги — энг яхши дори эканлигини кўп марта эшитгансиз. Кулги мияда ўзини бахтиёр ҳис қилишга, оғриқ ва зиқлик ҳиссини пасайтиришга имкон бериб ижобий гормонларнинг ажралишини кучайтиради. Мунтазам қаҳқаҳ уриб кулган маъқул. Мия мунтазам кулгидан таъсирланади дейишади, худди тана мунтазам машқлардан таъсирлангани каби.

Улар катта қадам ташлашади
Бу метафора эмас. Бахтли одамларнинг қадам ташлаши эркинроқ, бемалолроқ, қадамлари эса каттароқ бўлади. Бу ҳам мияга таъсир қилади. Биз қанчалик эркин юрсак, ўзимизни шунчалик бахтли ҳис қиламиз. Майда қадам ташлаб, шапиллаб юриб кўринг-чи, ўзингизни қандай ҳис қиласиз? Ана шундай. Шундай экан, эркин қадам ташланг!

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.