Амир Олимхон саройидаги қиз: Ўзбекойимнинг кўрган-кечирганлари

Улашиш:

Ҳаётда шундай ижодкорлар бўладики, улар ҳақида кўп эсланса-да, аммо кам ёзилади. Шундай актрисалардан бири Марям Ёқубова эди. Телевидение орқали «Маҳаллада дув-дув гап», «Ўтган кунлар», «Мафтунингман» сингари машҳур бадиий фильмлар тез-тез намойиш этиб турилади. Биз уларда ўғил уйлантираман, деб ўпкасини қўлтиқлаб қолган танноз Ойпошшахонни, юз-кўзларидан серсавлат ва киборлиги кўзга ташланиб турадиган Ўзбекойимни, соябон кўтарган сатанг хонимни ҳар сафар кўриб, актрисанинг истеъдодидан ҳайратга тушамиз…

Ўзбекистон радиоси орқали баъзида ўзбек театр санъатининг дурдона асарлари бўлиб қолган «Бой ила хизматчи», «Майсаранинг иши», «Ревизор», «Гамлет», «Отелло», «Момақалдироқ» сингари спектаклларнинг радиомонтажлари бериб борилади. Биз эса эфирдан Хонзода, Майсара, Анна Андреевна, Гертруда, Эмилия сингари ролларни катта маҳорат билан ижро этган актрисанинг товушини эшитиб, ҳайрон қоламиз. Аммо...

Шунга қарамай, аксарият томошабинлар, хусусан, ёш авлод Марям Ёқубованинг ҳаёти ва ижод йўлини яхши билмайди. Ҳолбуки, бу узоқ ва мураккаб умр йўлининг ўзи драматик ва фожиавий саҳналари бой бир спекталга ўхшаб кетади.

«...Мен ўшанда 8-9 ёшлардаги қизча эдим, – деб ҳикоя қилган Марям Ёқубова учрашувлардан бирида. – Асл исмим Ойхон бўлган, Марям деган исмимни кейинроқ қўйишган...

 Хуллас, ўша болалик кезларимда Бухорога – Холирхон холамникига меҳмонга боргандик. Холам Бухоро амири саройидаги энг машҳур раққоса ва хонандалардан бири эди. Қисқаси, ана шу холамга эргашиб, бир куни Амир Олимхон саройига бориб қолдим. Афсонавий «Арк»ка кирдик. Холамни бу ерда яхши билишар, у жойга тез-тез бўлиб турадиган базм-у зиёфатлар холамсиз ўтмас экан.

 Шундай қилиб, саройда «концерт» бошланди. Холам зарбоф, шойи либосларини кийиб, зебигардонлари-ю, тилла тақинчоқларини тақиб, жуда чиройли рақсга тушди, ашулалар айтди. Унга созандалар жўр бўлишди. Энг ёмони, Амир Олимхоннинг кексайиб қолган онаси Эшон ойи «бўлди» демагунча хонанда-созандалар ижро этаверишар, ҳолдан тойиб, йиқилиб ҳам қолишарди.

 Ана шу ерда Эшон ойимнинг кўзлари бир чеккада ўйинларни қизиқиб, кўзлари ёниб томоша қилиб турган қизчага – менга тушиб қолди ва ёнига чақирди. «Сен ҳам рақсга тушишни биласанми?» дея сўради. Шошганимдан «ҳа, биламан», деб юборибман.

 Шундан кейин мени ҳам шоҳона кийимларга буркаб, ўртада ўйнатишди. Биринчи «премьерам» шундай ўтди ва шу-шу, саройда тутқун бўлиб қолдим. Энди мен Бухоро амири саройида рақсга тушадиган канизакка айланиб қолган эдим...»

Ёзувчи Эркин Усмонов шундай эслайди:

«Эсимда бор, мен Марям опанинг бу хотираларидан худди эртак эшитгандек тинглагандим. Кейинчалик билсам, унинг бутун ҳаёти ўзи бир қизиқарли ва сермазмун эртакка ўхшаб кетаркан».

Актриса ўз даврида Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат, Усмон Носир сингари қатор машҳур шоир ва адиблар билан учрашган. Сергей Эйзенштейн, Акакий Хорава, Маннон Уйғур, Мария Кузнецова, Обид Жалилов, Шукур Бурҳонов, Наби Раҳимов сингари таниқли санъаткорлар билан бирга ишлаган эди. Лекин бу ҳақда сўзлаганда мақтанмас, шунчаки оддий бир ҳодиса сифатида тилга олиб ўтаркан, холос.

Марям Ёқубова машаққатли ҳаёт йўлини босиб ўтган, ўз бахтини театр ҳамда кино оламидан топган санъаткор эди. Актриса узоқ йиллар давомида Муқимий номидаги Ўзбек давлат мусиқали драма ва комедия, ҳозирги Ўзбек миллий академик драма, Навоий номидаги опера ва балет театрларида фаолият юритган.

Замондошлари, шогирдларининг айтишича, Марям Ёқубова ижро этган «Фарҳод ва Ширин» мусиқали драмасидаги Меҳинбону, «Аршин мол-олон»даги Зебо, «Майсаранинг иши» комедиясидаги Майсара, «Сепсиз қиз»даги Огудалова, «Ваня тоға»даги Войницкая, «Гамлет»даги малика Гертруда, «Отелло»даги Эмилия, «Момақалдироқ»даги Феклуша, «Ревизор»даги Анна Андреевна сингари роллари томошабинлар томонидан ҳамиша илиқ кутиб олинган. У XX аср бошларидаёқ Ўзбекистондан биринчи бўлиб Москвада, кино соҳасида таълим олган профессонал ўзбек актрисаларидан бири эди.

У ўтган асрнинг йигирманчи йилларидаёқ Россия кинематографчиларининг «Музлаган уй», «Туғишганлар», «Треф хоним» бадиий фильмларида роллар ижро этган. «Ўзбекфильм» киностудиясида яратилган «Бой ила хизматчи» фильмидаги Хонзода образи билан элга танилган. Ундан кейинги йиллар давомида «Опа-сингил Раҳмоновалар», «Мафтунингман», «Маҳаллада дув-дув гап», «Ганг дарёсининг қизи», «Қалбингда қуёш» фильмларида ижро этган роллар билан шуҳрат қозонган. Бундан ташқари, актриса хорижий давлатлар томонидан суратга олинган «Оқ рояль», «Севадими-йўқми» каби фильмларга ҳам таклиф этилганди.

Марям Ёқубова театр ва кино соҳасида қанчалик муваффақиятга эришган бўлмасин, бироқ унинг энг шоҳ образи «Ўткан кунлар» фильмидаги Ўзбегойим образи ҳисобланади. Актриса бу образга жон бағишлади деб айтишга тўла асос бор. Бадавлат ва кибор, ҳаётда ўз ҳукмини ўтказиб яшайдиган, мураккаб характерга эга бегойим образига ўзига хос қиёфа, ранг ва оҳанг топа билган эди.

Актриса умрининг сўнгги йилларида Ўзбекистон радиосидаги постановкаларда фаол иштирок этган. Айниқса, «Оқшом эртаклари»даги эшиттиришларда болалар учун эртаклар ўқиб берувчи севимли бувижонга айланиб қолган эди.

 Ҳа, Марям Ёқубова ўзининг ўлмас образлари билан халқимизнинг севимли актрисаларидан бири бўлиб қолди. У яратган образлар элимизнинг юрагида, қалбида яшаб ардоқланиб келинмоқда.

Иззат Аҳмедов.


2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.