Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда Ўзбекистондаги барча олий таълим муассасаларида талабалар учун ягона форма жорий этилиши ҳақида миш-мишлар тарқалди. Аммо Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ушбу маълумотни рад этди.
Расмий баёнотда таъкидланишича, талабалар учун мажбурий форма жорий этиш режаси йўқ ва бу масала ҳеч қандай норматив ҳужжатда назарда тутилмаган.
Миш-мишларнинг тарқалишига олий таълим муассасалари учун ишлаб чиқилаётган “фирма услуби” концепцияси сабаб бўлган. Унга кўра, ҳар бир ОТМ 2025 йил 1 августга қадар ўзининг визуал идентификациясини — яъни логотип, расмий ранглар, кундалик ва спорт кийимлари дизайни, канцелярия маҳсулотлари ва бошқа атрибутикада акс этувчи бренд услубини ишлаб чиқиши керак.
Ушбу ташаббус университетларнинг индивидуал имижини шакллантириш, таълим сифатини ошириш ва глобал майдонда рақобатбардошликни таъминлашга қаратилган. Бироқ, вазирлик алоҳида таъкидлаганидек, бу лойиҳа талабаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини чекламаслиги шарт.