Ўзбекистонлик блогер қиз рекламасига аралашган наркотиклар бўйича иш кўриб чиқилди

Улашиш:

Монополияга қарши курашиш қўмитаси республикада тақиқланган психотроп препаратларни тарғиб қилувчи сайт тўғрисидаги реклама конструкциялари бўйича кўриб чиқилган ишларнинг якуни тўғрисида маълумот берди.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг ноябрь ойида Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида республикада тақиқланган психотроп препаратларни сотувчи сайтнинг коди — QR орқали юклаш акс эттирилган реклама конструкциялари ўрнатилгани аниқланган.

Ушбу ҳолатни ўрганиш ва тегишли муносабат билдириш мақсадида Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигида махсус комиссия тузилди. Олиб борилган ўрганишлар натижасида Тошкент шаҳрининг Оҳангарон шоссеси ва Чўлпон («Крестик») кўчалари кесишган жойда ҳамда Самарқанд шаҳрининг Фирдавсий кўчаларида юқорида қайд қилинган реклама баннерлари ўрнатилгани маълум бўлди.

Фото: Монополияга қарши курашиш қўмитаси

Қўмитанинг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси томонидан ўтказилган ўрганишлар бўйича қуйидаги хулоса тақдим этилган:

Психотроп препаратларни сотувчи сайтни юклаш коди кўрсатилган баннерлар Самарқанд шаҳрида рўйхатдан ўтган «Ҳамдамов Санжар Самадович» ЯТТнинг буюртмасига кўра «Меdia lux» ХК томонидан (2019 йил 11 ноябрда №2291-сонли шартнома асосида) ўрнатилгани маълум бўлди. Шартнома шартига кўра реклама баннерининг эскизи (нусхаси) «Ҳамдамов Санжар Самадович» ЯТТ томонидан тайёрланган ва «Меdia lux» ХК тақдим этилган. «Меdia lux» ХК ўз навбатида уни босиб чиқарган ва юқорида кўрсатилган манзилдаги жойга ўрнатган.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги мутахассислари «Меdia lux» ХК Қозоғистон пойтахти Нурсултон шаҳрида ҳам худди шунга ўхшаш ҳолат содир этилгани кўрсатилган ҳолда кўриб чиқилган иш бўйича якуний хулосаларни тақдим этди.

Тақдим этилган материаллар билан танишиб чиққан «Меdia lux» ХК томонидан Тошкент шаҳрида ўрнатилган реклама конструкцияси демонтаж қилиниб, агентликка жавоб хати юборилган.

Шундай қилиб, реклама берувчи ва буюртмачининг («Меdia lux» ХК ва «Ҳамдамов Санжар Самадович» ЯТТ) хатти-ҳаракатлари «Реклама тўғрисида»ги қонуннинг 6-моддасини бузилиши деб талқин қилинди.

Самарқанд ҳудудий бошқармасининг хулосаси:

Худди шундай, ўзи фаолият кўрсатаётган Самарқанд шаҳрида ҳам «Ҳамдамов Санжар Самадович» ЯТТ томонидан ўша реклама баннерини ўрнатишга буюртма берилган. Бу сафар буюртмани бажариш учун «Воҳидов Беҳзод Абдуваҳобович» ХК билан шартнома тузган.

Эслатиб ўтамиз, ушбу реклама баннери Самарқанд шаҳрининг Фирдавсий кўчасига ўрнатилган эди. Бу ҳолат ҳам «Реклама тўғрисида»ги қонуннинг 6-моддасини бузилиши деб топилди.

Натижада ҳар иккала ҳолат бўйича ишлар Тошкент шаҳар Юнусобод тумани маъмурий судига ва Самарқанд шаҳар маъмурий судига топширилди.

«Меdia lux» ХКнинг иши бўйича суд ҳали бўлиб ўтмади. Реклама берувчи-буюртмачи «Ҳамдамов Санжар Саматович» ЯТТ ва реклама конструкциясининг эгаси – реклама тарқатувчи «Воҳидов Беҳзод Абдуваҳобович» ХК иши Самарқанд шаҳар маъмурий суди томонидан кўриб чиқилди ва уларнинг ҳар бирига 1 миллион 115 минг сўм миқдорида жарима тўлаш тўғрисида суднинг қарори чиқарилди.

Аввалроқ Ўзбекистонда лео_17с номи билан машҳур бўлган блогер Шаҳзода Салимжонова Олмаотада гиёҳванд моддаларни реклама қилувчи плакатлар воқеаси ҳақидаги ҳақиқатни айтиб берганди.

Маълум қилинишича, Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан «Реклама тўғрисида»ги ва «Маъмурий жавобгарлик тўғрисида»ги қонунларга тегишли ўзгартиришлар киритиш тўғрисида таклифлар тайёрланган.

Ишлаб чиқариш, сотиш ва реклама қилиниши Ўзбекистон қонунчилиги билан тақиқланган маҳсулотларни реклама қилганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 50 бараваригача жарима белгиланади.

Ишлаб чиқариш, сотиш ва реклама қилиш Ўзбекистон қонунчилиги билан тақиқланган маҳсулотларни олдинга олиб чиққанлик учун жисмоний шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари ва юридик шахслар учун – 15 бараваригача жарима белгиланади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.