Давлат экология қўмитаси ва «MEROS» хайрия жамоат фонди жорий йилнинг 28 июлидан бошлаб 2 августга қадар мамлакат бўйлаб «Дарахтларни суғориш ҳафталиги» акциясига старт бермоқда.
Ҳозирги кундаги пандемия ва карантин шароитларида дарахтларни сақлаш ва уларни суғориш ишларини эсдан чиқармаслик муҳим ҳисобланади.
Акция доирасида кенг жамоатчиликни, карантин тартиб-қоидаларига риоя этган ҳолда дарахтларни суғориш ишларига жалб этишни ташкиллаштириш, шунингдек, маҳаллий ҳокимият органларининг тегишли ташкилотлари томонидан аҳоли яшаш пунктларидаги кўчаларда дарахтларни суғориш ишларини амалга ошириш кўзда тутилган.
«MEROS» хайрия жамоат фонди бошқарув раиси Абдурашид Иминов акцияни ўтказиш ғояси ва вазифалари ҳақида қуйидагиларни айтиб ўтди:
«Ҳар йили давлат ва нодавлат ташкилотлари томонидан турли лойиҳалар доирасида жуда кўп дарахт кўчатлари экилади. Аммо тегишли парвариш, суғориш ёки агротехник ишларнинг етарли даражада олиб борилмаслиги натижасида кўп дарахтлар нобуд бўлади.
Мазкур акция кўкаламзорлаштириш ишлари самарадорлигини, аҳолининг дарахтларни тўғри парвариш қилиш бўйича ҳабардорлигини ошириш ва, албатта, мамлакатимиз табиатини асраб-авайлашга тегишли хисса қўшишга қаратилган».
Соҳа мутахассисларининг фикрига кўра, ёзнинг жазирама иссиқ кунларида 1-4 ёшга қадар бўлган (1,5 метргача) дарахтларни суғориш эрталаб саҳар вақтида амалга ошириш мақсадга мувофиқ, (соат 10.00 дан 15.00 гача суғориш тавсия этилмайди) бошқа дарахтларни эса кун давомида суғориш мумкин.
Акцияда иштирок этиш учун ҳовли, уй олди, кўчадаги дарахтларни суғориш зарур бўлади. Асосий шартлардан бири – карантин қоидаларига қатъий риоя этиш.
Атроф муҳитга бефарқ бўлмаган мамлакатимиз аҳлини дарахтларни суғориш жараёнидан фото лавҳа тайёрлаб, ижтимоий тармоқларга #parvarish2020, #полив2020 хэштэги остида жойлаштириб, мазкур акцияни интернет оламида онлайн оммалаштириш ҳамда «яшил» челленжда иштирок этишга таклиф этамиз.
Instagram ижтимоий тармоғида энг креатив фото муаллифи жамоатчилик томонидан овоз бериш йўли билан аниқланади ва акция ташкилотчиларининг қимматбаҳо совғаси билан тақдирланади.
Ушбу #parvarish2020, #полив2020 хэштэглардан фойдаланиб, дарахтларни тўғри суғоришнинг тартиб қоидалари ва бошқа иштирокчиларнинг фото маълумотлари билан ҳам танишиш мумкин бўлади.
Давлат экология қўмитаси
Матбуот хизмати